АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича вакили Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашганини билдирди. Айни пайтда мамлакат АҚШ давлат департаментининг халқаро диний эркинлик йиллик ҳисоботида «сариқ» рўйхатда турибди.
АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэк ўзининг Твиттердаги аккаунтида жорий йил 20 январ куни қолдирган битигида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан «суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлгани, унинг раҳбарлигидаги Ўзбекистонда диний эркинликнинг такомиллашаётганини юқори қадрлаши ҳамда унинг саъй-ҳаракатлари давом этишига умидвор» эканини изҳор этган.
АҚШ вакили ҳамда Ўзбекистон президенти суҳбати ҳақида расмий хабар тарқатилмаган. Шунингдек, суҳбат мазмуни ва унда муҳокама этилган масалалар ҳақида маълумот йўқ.
АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси //uscode.house.gov/view.xhtml?path=/prelim@title22/chapter73&edition=prelim" target="_blank" style="box-sizing: border-box; outline: none; background: 0px 0px; display: inline-block; cursor: pointer; text-decoration: none; transition: all 0.3s ease 0s; color: rgb(0, 123, 255);">1998 йилда Билл Клинтон маъмурияти даврида АҚШ ташқи сиёсатининг хорижий давлатларга таъсирчан воситаси сифатида жорий этилган. Вакил олдига қўйилган мақсад ва вазифалар қаторида халқаро миқёсда диний эркинликни тарғиб қилиш, унинг бузилиш ҳолатларига тоқат қилувчи мамлакатларга нисбатан дипломатик, сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий чекловлар жорий қилиш, диний эътиқод ва фаолияти боис таъқиб қилинган шахслар номидан адвокатлик қилиш ҳамда диний эркинликни бутун дунёда кенг ривожланишини таъминлаш масалалари мавжуд.
Аввалида Вьетнам, Куба, Лаос, Хитой, Шимолий Корея, аксарият аҳолиси мусулмон бўлган давлатлар, шу жумладан, Суданда насронийлик, баҳоий ва бошқа диний озчиликка нисбатан авж олаётган таъқибларга нисбатан қатъийроқ чоралар кўриш мақсади кўзланганди.
АҚШ Давлат департаменти қошида фоалият кўрсатувчи алоҳида топшириқлар эмиссаридан ташқари, Вашингтон нигоҳидаги ишкал мамлакатларни «қора рўйхат»га киритиш масаласига доир қарорлар АҚШ Конгресси ҳузуридаги Халқаро диний эркинлик комиссиясига келиб тушган шикоят ва ўрганишлар асосидаги тавсиялар пакети билан президент ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгаши махсус маслаҳатчиси воқиф қилиниб, ўзаро мувофиқлаштирилган ҳолда қабул қилинади.
Жаноб Сэм Браунбек Тошкентга 2018 йил сентябрда ташриф буюриб, Ўзбекистон президенти қабулида бўлган.
Президент веб-саҳифасида келтирилган маълумотга кўра, Самуэль Браунбэк «самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлаган».
Биринчи президент Ислом Каримов ҳам 2002 йил март ойида АҚШга ташрифи чоғида Браунбек билан учрашган. У Америка сафари хотиралари ҳақида журналистлар билан уюштирган суҳбатида америкалик сенатор «Ўзбекистонга том маънодаги хайрихоҳлиги, бу ажойиб инсон ўзбек делегациясини қабул қилиб, икки соат банд бўлгани, алоқани янада мустаҳкамлаш, зарурият туғилса, янада кўпроқ кўмак беришга бел боғлаганини қайта-қайта таъкидлагани, 60-70 арбоблардан иборат банкетнинг бош меҳмонини уларга таништирганини ҳаяжон билан» эслаган.
Аммо АҚШ Халқаро диний эркинлик комиссияси тавсиясига кўра, мавжуд самимий хайрихоҳликларга қарамасдан ҳозир ҳам мутасаддилар зикр этишга ботина олмайдиган Андижон воқеаларидан сўнг Ўзбекистон Республикаси 2005 йилдан бошлаб то 2019 йилнинг апрелига қадар диний эркинлик борасида алоҳида хавотирга молик мамлакатлар рўйхати (Countries of Particular Concern)да, 2019 йил апрелдан бошлаб эса махсус назорат рўйхатида ушлаб турилган.
Аслида «қора рўйхат» таҳлика даражаси бўйича «қизил» ва «сариқ» тоифаларига ажратилиб, алоҳида хавотирга молик мамлакатлар «қизил», махсус назорат остидаги мамлакатлар рўйхати (Special Watch List-SWL)даги давлатлар эса «сариқ» гуруҳлари бўйича табақалаштирилган.
АҚШ давлат департаменти котиби Майкл Помпео жаноблари 2020 йил февралда Тошкентга буюрган сафари натижалари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон томони «инсон ўлчови борасидаги ўзаро англашув даражаси ошгани ҳамда аввал мавжуд бўлган айрим асабга тегувчи онларни икки томонлама муносабатлар кун тартибидан буткул олиб ташлашга келишиб олишганини алоҳида қайд этган».
2020 йил 7 декабрда АҚШ давлат котиби Майкл Помпео «сўнгги ўтган йилда ҳукуматлар эришган аҳамиятли, аниқ ривожланишга асосланиб, Судан ва Ўзбекистонни махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарилганлигини эълон қилишдан мамнун экани, уларнинг қонун ва амалиётларидаги жасоратли ислоҳотлари бошқа халқлар учун модел сифатида хизмат қилиши» ҳақида чиқиш қилганди. Ушбу тезкор баёнот ўзбек делегациясининг АҚШга қилган шошилинч ташрифидан сўнг бир ой ўтмай жаранглаган.
Америка овозининг ўзбек хизмати мухбираси Навбаҳорхон С.Браунбек билан 2018 йил октябрда Вашингтонда бўлиб ўтган суҳбатида, ундан АҚШ энди Тошкентга нисбатан ёндашувларида «камроқ калтак, кўпроқ ширмой нон сиёсатини қўллайдими?», деган саволига, америкалик дипломат «Ўзбекистон катта салоҳиятга эга, агар мамлакат очилса, ўзгаришлар бўйича олдинги қаторлардан жой олса, ўшанда ҳақиқий ширмой нонларнинг келишини кўрасиз. Биз кўришни истаётган нарса – Ғарб сармоялари. Чунки Ғарб сармоялар билан Ғарб қадриятлари кириб келади. Бизнинг компаниялар, хитойликлардан фарқли ўлароқ муайян жиддий инсон ҳуқуқлари эътиқодидан келиб чиқиб, буни мезбон ҳукумат талаб қиладими-йўқми, ўз меҳнат одоби низоми асосида фаолият кўрсатади», деб айтган эди.
Давлат департаментининг халқаро диний эркинлик йиллик ҳисоботи одатда ҳар йилнинг апрел ойида қабул қилинади. Бугунги кун ҳолатига кўра, АҚШ комиссиясининг Ўзбекистонга доир ҳисобот бўйича ҳали ҳам «сариқ» рўйхатда туриб, Помпео айтган ўзгаришлар ҳисоботда ўз аксини топмаган. Чунончи, унда ўтган йилларда республикада рўй берган ҳолатлар – бесўнақай ўстирилган 100дан ортиқ кишиларнинг соқолини мажбурий қирдириш ва ўқув юртларига ҳижоблиларнинг дағдаға билан қўймаслик ҳолатлари қайд этилган.
Умуман олганда, Марказий Осиё давлатлари орасида Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон ҳам махсус назорат рўйхатида, Тожикистон ва Туркманистон эса «қизил» рўйхатдан жой олган. Қирғизистон бу рўйхатларда йўқ.
Муқаддам 2011-2018 йиллар мобайнида Канзас штатига ҳам губернаторлик қилган Сэм Браунбек партиявий мансублиги бўйича аслида республикачи ҳисобланади. Ҳокимият амалларидан бугунда ва яқин истиқболда ҳам бир амаллаб четлаштирилаётган Дональд Трампнинг ўрнига келаётган Жо Байден бошлиқ демократлар маъмурияти даврида ҳам «сеҳрли диёр»нинг расмий Тошкентга нисбатан хайрихоҳлиги сақланиб қоладими-йўқми, буни фақат вақт-фурсат кўрсатади.