LOTIN-КИРИЛЛ

Ўзбекистон газ-заправкалари суткасига яна 24 соатдан ишлай бошлади. Лекин бу хурсандчилик узоқ давом этмаслиги мумкин

Ўзбекистонда магистрал газ қувурларида барқарор газ босимини таъминлаш мақсадида мамлакатдаги барча газ-заправкаларнинг иш вақти тонг соат 05:00 дан туш соат 15:00 гача қилиб белгиланган эди. Сўнгги бир ҳафта давомида ҳаво ҳароратининг кўтарилиши муносабати билан автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари аста-секин чекловсиз ишлай бошлаган.

Вилоятлардаги аҳвол

«Дарё» мухбирининг хабар беришича, Андижон вилоятдаги газ тўлдириш шохобчалари 24 соат давомида ишлаш тартибига ўтган, шу боис навбатлар ҳам камайган. Шохобчаларда ишлаётган ходимларнинг сўзларига кўра, «газ босими ҳам аввалги кунларга нисбатан яхши».

 

«Ҳудудгаз Андижон» компаниясидан маълум қилишларича, об-ҳавонинг илиқлашиши муносабати билан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етарли миқдорда газ етказиб берилмоқда, таъминотда қийинчиликлар кузатилмаяпти. Шу боис газ-заправкаларга ҳам етарлича газ бериш имконияти пайдо бўлган.

«Бироқ 24 соатли иш тартибига ўтиш бўйича ҳеч қандай гап йўқ. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Қишнинг ўртасидамиз. Бирдан кунлар совиб кетса, газ биринчи навбатда аҳолига ва ижтимоий соҳа объектларига берилади, ундан кейин газ қуйиш шохобчаларига чекловлар асосида тақсимланади», — деди «Ҳудудгаз Андижон» матбуот хизмати вакили Акмалжон Холиқов.

Қаҳратон айни авжига чиқиб, газ таъминотида жиддий қийинчликлар юзага келган вақтда газ-заправкалар билан боғлиқ аксарият нохуш хабарлар айнан Наманган вилоятидан келган эди. Хусусан, газ учун навбатда турган кекса ҳайдовчи вафот этгани, навбатда турган Damas ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг «Ҳудудгаз Наманган» газ таъминоти филиали директори биринчи ўринбосари Ўткирбек Мамадалиевга асосланиб хабар беришича, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва магистрал газ тармоқларида табиий газ босими меъёрга келтирилгани боис вилоят газ-заправкаларининг иш вақтига нисбатан чекловлар бекор қилинган.

Қайд этиш жоиз, Наманган вилоятидаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари ҳаво ҳароратининг кескин совиши сабабли 2020 йил ноябридан бери вақтинчалик чекловлар билан ишлаётган эди.

Фарғона вилоятидаги газ-заправкаларда ҳам «навбатлар умуман йўқ», ҳайдовчилар автомобилларига ортиқча қийинчиликсиз, «ўн дақиқага қолмай» газ тўлдириб чиқмоқда, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

«Ҳудудгаз Бухоро» компанияси раҳбари Ўктам Абдиевнинг «Дарё»га маълум қилишича, вилоятдаги газ тўлдириш шохобчалари 14 январдан бошлаб 24 соат узлуксиз ишлаш тартибига қайтган.

Қашқадарёдаги «заправкаларда ҳам бемалолчилик», чекловларсиз ишламоқда, дея маълум қилди «Дарё» мухбири.

Энергетика вазирлиги баёноти

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Элмира Бекмуродованинг «Дарё»га маълум қилишича, об-ҳавонинг мў’тадиллашгани сабабли 18 январдан бошлаб, ҳудудлардаги газ-заправкаларнинг ишлаш муддати маҳаллий ҳокимликлар билан келишган ҳолда босқичма-босқич узайтирила бошланди.

«Агар кунлар совиб, аҳоли газ таъминотида босим камайиши кузатилса, яна чеклов жорий қилиниши мумкин. Яъни, бу чора тўлиқ бекор қилинмаган. Фақат вилоят ва туманлардаги газ таъминотига оид вазиятга кўра, айни бир ҳудудга хос тарзда ҳокимликлар билан келишган ҳолда қарор қабул қилинмоқда. Республика миқёсида якуний қарор ҳали чиқарилмаган», — деди у.

«Ўзгидромет» маълумотларига кўра, 22 январдан Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кескин ўзгариб, мамлакат ҳудудларига қор ва манфий қийматли ҳароратлар кириб келиши кутилмоқда. Хусусан, 23 январга ўтар кечаси ҳаво ҳарорати -10 даражагача совуқ бўлиши мумкин.

O'qilgan: 656 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: