Ўзбекистонда вилоят ҳокимлари Президент администрацияси томонидан тасдиқланган режа асосида босқичма-босқич қисқа муддатли таътилга чиқмоқда, деб хабар беради «Gazeta.uz».
9 январь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиғини тиклаш мақсадида қисқа муддатли таътилга чиққанди.
17 январь куни Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ҳам тиббий кўрикдан ўтиш ва даволаниш учун қисқа муддатли таътилга чиқди.
Сирдарё вилояти ҳокимлигининг «Gazeta.uz»га маълум қилишича, таътил ҳокимнинг соғлиғи билан боғлиқ эмас. Ғофуржон Мирзаев 10 кун давомида профилактик тиббий кўрикдан ўтади.
«Президент администрацияси томонидан тасдиқланган режага мувофиқ, 10 кун давомида 5 нафар ҳоким, кейинги 10 кунда яна 5 нафар ҳоким, шунингдек, сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари босқичма-босқич профилактик тиббий кўрикдан ўтади», — дейилади хабарда.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 4 январдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан, 11 январь куни давлат раҳбари таътилдан қайтганди.
Эслатиб ўтамиз, 7 январь куни Қашқадарё ҳокими Зоир Мирзаев бошчилигидаги туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, вилоят ҳокимининг барча ўринбосарлари бирламчи тиббий кўрикдан ўтганди. Тиббий кўрик вилоят кўп тармоқли тиббиёт поликлиникасида амалга оширилган.
Маълумот учун, Ўзбекистондаги амалдаги қонунчиликка кўра вилоят ҳокимлари ҳукумат қошидаги тиббиёт бош бошқармаси рўйхатида туради. Уларга зарур ҳолатларда тиббий диагностика қилиш, даволаш, умуман олганда, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш мазкур бошқарма зиммасида.