Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида яшовчи аёл рашк сабаб эрини пичоқлаб қўйди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.
Айтилишича, қотиллик жинояти 2021 йилнинг 12 январь куни туманнинг «Қуйи Чуқурак» маҳалласида содир бўлган.
«Қуйи чуқурак» маҳалла фуқаролар йиғини раиси Жасур Насуллоевнинг «Дарё»га маълум қилишича, 1965 йилда туғилган фуқаро Б.Ш. ҳамда унинг 1983 йил туғилган турмуш ўртоғи Р.Х. ўртасидаги рашк жиноятга сабаб бўлган.
Айтилишича, эр-хотин даладан бирга қайтаётган пайтда рашк сабаб тортишиб қолган. Тортишув улар уйига келгунга қадар ҳам давом этган. Асоссиз рашк аёлни асабийлаштирган ва ўзи билмаган ҳолда эрининг чап биқинига ошхона пичоғини уришига олиб келган.
Б.Ш.га зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва у туман марказий шифохонасига келтирилган.
«Айни пайтда бемор аҳволида ижобий ўзгариш бор. Фуқаро билан суҳбатда у аёли билан яшашда давом этишини, тушунмовчилик сабаб ушбу ҳолат содир бўлганини билдирди. Оила нотинч оилалар рўйхатида турмайди. Шу пайтгача ўзаро ишончсизлик сабаб келишмовчиликлар келиб чиққан ҳолатлар ҳам бўлмаган», — деди маҳалла раиси.
Қайд этилишича, эр-хотин 2008 йил турмуш қурган бўлиб, ҳар иккаласи ҳам аввалги турмушидан айрим сабабларга кўра ажрашган.
Жиноят содир бўлган куни Бухоро вилояти прокурори, вилоят ИИБ бошлиғи томонидан туман ҳокими ва сектор раҳбарлари, мутасадди раҳбарлар иштирокида маҳалладаги ушбу жиноят муҳокама қилинган. Жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинган. Ва жиноятнинг содир этилишига маҳаллада маҳаллабай ва хонадонбай ишлаш тизимининг тўлиқ йўлга қўйилмагани сабаблиги маълум бўлган.
Вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалоловнинг «Дарё»га маълумот беришича, ушбу ҳолат юзасидан Шофиркон туман прокуратураси томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.