Бухорода таниши билан саломлашиш учун машинасини йўлнинг ўртасида тўхтатган Nexia-3 ҳайдовчиси жаримага тортилди, деб хабар беради ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати.
Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳрида тасвирга туширилган видеолавҳа тарқалди. Унда ҳайдовчи таниши билан саломлашиш учун машинани йўлнинг ўртасида тўхтатгани акс этган.
ИИВ ЙҲХББ Бухоро шаҳридаги кўчалардан бирида Nexia-3 русумли автомобиль ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини четлаб ўтиб, йўлнинг қатнов қисмида тўхтагани ва бу қоидабузарлиги билан бошқа ҳаракат қатнашчиларининг эркин ҳаракатига халақит берган ҳолати акс этган видеолавҳани ўрганиб чиққан.
«Мазкур видеолавҳадаги ҳолат Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилди ва қоидабузар ҳайдовчига белгиланган тартибда чора кўрилди», — дейилади маълумотда.
ЙҲХББ барча ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишини сўраб, қоидабузарларга ўрнатилган тартиб асосида чора кўрилишини эслатиб ўтган.