Китоб инсоният ижодиётининг энг сара маҳсули, аждодлардан қолган бебаҳо меросдир. Ахборот - технология қай даражада ривожланмасин, китоб ўз ўрнида муҳимлигича қолади.Технологик воситалар таклиф этаётган завқ-шавққа ошно бўлаётгани бор муаммо. Электрон дунё ичидаги маълумотлар инсонни ҳар бир нарсанинг тайёр, осон йўлларини кўзлайдиган қилиб қўяди. Шундай экан, маънавий озуқа, ширин ҳаёл, бой тасаввур, бирор нарса устида ижод қилиш завқини китобдан бошқа нарса бера олмайди.
Аҳоли айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида туман ҳокимлиги ташаббуси билан корхона ва ташкилотлар ўртасида ”Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз!” интеллектуал танлови ўтказилди.
Бир йил давомида корхона ва ташкилот ишчи-ходимлари иштирок этган интеллектуал ўйин ҳар ҳафтанинг шанба кунида ўтказилиб, қизиқарли баҳс ва мунозаралар асосида кечди.
Ҳакамлар ҳайъатига танловда иштирок этган 64 та жамоа орасидан ғолибларни аниқлаш анчайин қийин бўлди. Жамоаларнинг мунтазам иштироки, фаолият йўналиши ҳамда тўплаган баллари ҳисобга олиниб, туман ободонлаштириш бошқармаси, ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими, 13-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 4-умумий ўрта таълим мактаби жамоалари ғолиблик шоҳсупасидан жой эгалладилар.
”Ҳар ҳафтада бир китоб мутолаа қиламиз” интеллектуал танлови ғолиб жамоалари туман ҳокими ташаккурномаси ва қимматбаҳо совғаси телевизор билан тақдирландилар.
Танлов жорий йилда ҳам давом эттирилади.
Марҳабо РАВШАНОВА,
Учқудуқ туман ахборот-кутубхона маркази директори.