Ўзбекистонда 2020 йилги «Президент арчаси» тадбирлари COVID-2019 вируси билан боғлиқ вазиятни инобатга олган ҳолда болалар соғлиғини асраш мақсадида карантин талабларига қатъий риоя этган ҳолда ташкил этилади. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, «Томоша» болалар театр-студияси томонидан тайёрланган «Президент арчаси» байрам дастури томошабинларсиз Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси томонидан тасвирга олинади ҳамда «Болажон», «Ёшлар» телеканаллари томонидан ташкил этиладиган Янги йил телемарафони доирасида намойиш этилади.
Бугунги кунда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ота-она қаровисиз қолган болалар, ота-оналари ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида қурбон бўлган болалар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 3-15 ёшдаги фарзандлари учун 11 000 дона «Президент совғаси» ҳозирланмоқда. Совғалар 28—30 декабрь кунлари барча ҳудудларга етказиб берилади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг 13 декабрдаги қарори билан вазирлик, идоралар, давлат улуши бўлган корхоналар ва бошқа хўжалик ташкилотларига турли хил корпоратив ва кўнгилочар байрам тадбирлари ташкил этиш тақиқланди. Шунингдек, ўқувчи ва талабалар иштирокида Янги йилга бағишланган байрам тадбирларини ўтказишга ҳам рухсат берилмайди. Мактабларда байрам тадбирларини ўтказиш мақсадида ота-оналардан турли хил ноқонуний пул йиғимларини йиғиш ва мактаб фоеси ва синф хоналарини сунъий арча ва электр чироқлар билан безатиш ҳам қатъий тақиқланган.
Махсус комиссия фуқароларга янги 2021 йил байрами тадбирларини оила даврасида ўтказишни тавсия этган. Ҳудудий ваколатли органларга эса вилоятлар, туманлар марказлари ва шаҳарларда очиқ осмон остида арчалар ўрнатиш тавсия этилган.