LOTIN-КИРИЛЛ

«Berliner Telegraph»: Шавкат Мирзиёев – қатъий ислоҳотчи

Германияда чоп этиладиган «Berliner Telegraph» журналининг декабр ойидаги сонида Ўзбекистоннинг замонавий тараққиётига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди. Мақолада Ўзбекистон Евроосиёнинг маркази ва Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли яшайдиган давлат сифатида минтақавий ҳамкорликда етакчи мавқега эга экани таъкидланган.

 

«Марказий Осиёдаги энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган давлат раҳбари минтақавий ҳамкорликда етакчи ролини ўз зиммасига олиш кераклигини англади. Қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан минтақавий дарёларнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар, жумладан Ўзбекистонга сув етказиб бериш масаласидаги зиддиятлар ҳал қилинди. Икки томонлама чегарадан ўтиш пунктлари очилиб, қуруқлик ва ҳаво орқали транспорт алоқалари тикланди. Ўзбекистон минтақада умумий иқтисодий ривожланиш, хавфсизлик ва барқарорликка интилмоқда», дейилади хусусан мақолада.

Муаллиф Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, қўшни мамлакатни иқтисодий қайта тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатларига ҳам эътибор қаратган.

«2016 йилги Президент сайловидан сўнг Ўзбекистоннинг Афғонистонга нисбатан сиёсати янгича кўриниш олди. У яхлит ёндашувга асослангани билан аҳамиятли. Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон хавфсизлиги Ўзбекистон учун ҳам хавфсизлик масаласи экани, Афғонистондаги тинчлик жараёни минтақавий ва глобал кун тартибида янада муҳим аҳамият касб этишини англади», дейилади мақолада бу хусусда.

Мақолада Ўзбекистон Афғонистонга иқтисодий кўмак кўрсатаётгани ҳам таъкидланган. Жумладан, мамлакат қўшни давлатни электр энергияси билан таъминламоқда, Термиз ва Афғонистон шимолидаги Мозори Шариф ўртасидаги темир йўл алоқасини кенгайтиришда иштирок этиб, янги темир йўл тармоқлари қурилишини тўла қўллаб-қувватлаяпти.

Нашр Ўзбекистон раҳбарининг ташаббуслари Германиянинг Европа Иттифоқи Кенгашига раислиги даврида қабул қилинган ЕИ Марказий Осиё стратегиясининг мақсад ва вазифаларига мос келишини қайд этган. Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ислоҳотлари бошлангандан буён Европа Иттифоқига аъзо давлатлар, шу жумладан Германия Ўзбекистоннинг муҳим шериклари экани таъкидланган.

Шу нуқтайи назардан, 2019 йил январ ойида Ўзбекистон раҳбарининг ГФРга муваффақиятли ташрифи, шунингдек, Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг ўша йил май ойида Ўзбекистонга жавоб ташрифи самарали бўлгани эсланади.

«Президент ва ҳукуматнинг ўзбек жамияти манфаатлари йўлидаги истиқболли ислоҳотлари Германия тузилмалари томонидан қатъий қўллаб-қувватланмоқда», дейилади бу ҳақда.

Мақолада Президент Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган янги халқаро ташаббусларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, республиканинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайлангани алоҳида қайд этилган.

«Шавкат Мирзиёев тўрт йил аввал президент этиб сайланганидан буён Ўзбекистоннинг ташқи ва минтақавий сиёсати сезиларли даражада ўзгарди. Муҳим ислоҳотлар бошланди, мамлакат очилди ва халқаро ташкилотлар доирасида мунтазам равишда муҳим ташаббуслар ва сиёсий таклифларни илгари сурмоқда», деб хулоса қилади Маттиас Дорнфельд.

Муаллиф Ғарбда президент Шавкат Мирзиёев МДҲ маконидаги қатъий ислоҳотчи сифатида қабул қилинади ва айниқса иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳақида гап кетганда, кутилган меҳмон сифатида эътироф этилади, деб таъкидлаган.

Маълумот учун, «Berliner Telegraph» («Берлин телеграфи») журнали 2014 йилдан буён немис ва рус тилларида чоп этилади. 30 минг тиражда тарқатилади.

O'qilgan: 617 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: