Статистик маълумотларга кўра, республикамизда сўнги уч йил ичида кузги-қишги иситиш мавсумида содир бўлаётган фавқулодда вазиятларнинг аксарияти ис газидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ. Ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳалок бўлганлар сони ҳам сезиларли даражада ошиб бормоқда.
Қандай ҳолатларда ис газидан заҳарланиш хавфи юқори бўлади?
-Шамоллатиш тизими яхши ишламайдиган органик моддаларни ишлаб чиқарадиган корхоналарда;
-Автоуловлар тураргоҳларида;
-Янги бўялган ва шамоллатилмаган хоналарда;
-Уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда;
-Печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомлар, дам олиш палаткаларида ёнувчи модданинг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.
Бундан ташқари, ҳозирги савдо дўконларида сотилаётган, газда ишлайдиган ҳар хил турдаги газ ускуналари, жумладан, Эрон давлатида ишлаб чиқилган "камин" газ ускунаси чиройли, ихчам кўринишли, иситиш мавсумида ишлатиб, кейин бошқа жойга олиб қўйса бўладиган қулайликларга эгадир. Бироқ ушбу газ ускунаси бошқа давлатда ишлаб чиқилгани сабаб, уни ўрнатиш ва фойдаланишга доир техник паспорт ўзбек ё рус тилларига таржима қилинмаган. Бунинг оқибатида ундан фойдаланишдаги хавфсизлик қоидалари билан танишиш имкони бўлмайди. Ўзбошимчалик билан, мутахассиснинг кўрсатмасисиз Қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларини бузган ҳолатда ўрнатилмоқда. Натижада эса инсонлар ис газидан заҳарланиб вафот этмоқда.
Табиий газдан фойдаланишда нималар тақиқланади?
-Ўзбошимчалик билан уйни газлаштириш, газ асбоби ўрнини алмаштириш, уни янгилаш ва тузатиш;
-Газ асбоблари ўрнатилган хоналар режасини ўзгартириш;
-Дудбурон ва шамоллатиш тизимларини ўзгартириш;
-Хавфсизлик ва созлаш автоматикасини узиб қўйиш;
-Мактабгача ёшдаги болалар, шунингдек ўз ҳаракатларини назорат қила олмайдиган шахсларнинг газ асбобларидан фойдаланиши;
-Газ ва газ асбобларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш;
-Газ асбоблари ўрнатилган хонада ухлаш ва дам олиш;
Жаҳонгир Шарипов,
ШКБ ОЁХТТЭБ 9-ЁҚҚисм бошлиғи
Жоникбек Саидов,
Смена бошлиғи катта лейтенант