Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилда Россияга давлат ташрифи билан боради. Россия ТИВ хабар беришича, 21 декабр куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов россиялик ҳамкасби Сергей Лавров билан музокараларда ушбу масалани муҳокама қилган.
«Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерациясига бўлажак давлат ташрифига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди», дейилади Россия ТИВ хабарида.
Вазирлар бу ташриф доирасида имзоланиши режалаштирилган давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар рўйхатини тасдиқлашган.
Шунингдек, томонлар ташқи сиёсий алоқаларнинг долзарб масалалари, халқаро ва минтақавий кун тартибининг муҳим мавзулари бўйича фикр алмашишган.
Икки мамлакатнинг ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни давом эттириш, шу жумладан, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда бир-бирини қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдиришган.