LOTIN-КИРИЛЛ

Ҳукумат ҳокимликлар орқали сотувчиларни битта компаниядан шакар ва ёғ олишга мажбурлаяпти

Ўзбекистонда ички бозорни талаб юқори бўлган айрим ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ўсимлик ёғи, шакар ва гyруч билан кафолатли тўлдириш ҳисобига нархларни барқарор сақлаш режалаштирилмоқда.

 

Kun.uz мухбири аниқлашича, Вазирлар Маҳкамаси ички бозорга чакана нархи қатъий белгиланган 2 минг тонна ўсимлик ёғи, 5 минг тонна шакар ва 5 минг тонна гуруч етказиб бериш орқали ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархи барқарор сақланишини таъминлашга эришмоқчи.

Жорий йил 17 декабр куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган махсус йиғилиш баёнига кўра, «Demesne Trade» МЧЖ ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларини, «Ўздонмаҳсулот» АЖ эса гуруч етказиб берувчи сифатида тасдиқланган.

Ҳукуматнинг режаси

Ҳукуматнинг махсус йиғилиши баёнида «Demesne Trade» томонидан етказиб бериладиган ўсимлик ёғининг 1 литри учун 13 700 сўм, 1 килограмм шакар учун 6 700 сўм ҳамда «Ўздонмаҳсулот»нинг дон корхоналаридан етказиб берадиган 1 килограмм гуруч учун 6,5 минг сўмдан шартномалар тузилиши, ушбу озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилган савдо ташкилотлари 1 литр ўсимлик ёғини 14 минг сўмдан, 1 килограмм шакарни 7 минг сўмдан ва 1 килограмм гуручни 6 800 сўмдан сотиши айтилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари иловада кўрсатилган маҳсулотларни шартномалар асосида харид қилиш, тўловларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда аҳолига маданиятли савдони ташкил этиш мақсадида маҳсулотларни харид қилувчи йирик савдо ташкилотлари рўйхатини 3 кун ичида шакллантириши ва ушбу ташкилотлар «Demesne Trade» ҳамда «Ўздонмаҳсулот» билан бир ҳафта ичида шартнома тузишини таъминлаши белгиланган.

Ҳукумат баёнида йирик савдо ташкилотлари сифатида Havas, Korzinka, Makro брендлари, супермаркет, гипермаркет ва савдо марказлари қайд этилган.

Таъкидланишича, назарда тутилган маҳсулотларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрига (ўсимлик ёғи — 600 тонна, шакар — 1200 тонна, гуруч — 1200 тонна) етказиб берилиши режалаштирилган. Шунингдек, етказиб бериш ҳажми бўйича кейинги ўринларда Фарғона (ўсимлик ёғи — 150 тонна, шакар — 400 тонна, гуруч — 500 тонна), Самарқанд (ўсимлик ёғи — 135 тонна, шакар — 380 тонна, гуруч — 450 тонна) ва Қашқадарё (ўсимлик ёғи — 135 тонна, шакар — 370 тонна, гуруч — 450 тонна) вилоятлари жойлашган.

Бозор нархи қанча?

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасининг 14-20 декабр кунлари учун тақдим этган маълумотига кўра, шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 6 минг 814 сўмдан 6 минг 782 сўмгача бўлган.

Kun.uz кузатувига биноан, шакарнинг чакана савдодаги 1 килограмм нархи 6500-8500 сўм атрофида бўлган. Ўтган ҳафта давомида ўсимлик ёғининг 1 литри учун 14 минг сўмдан 18 минг сўмгача нарх белгилангани маълум.

Ҳукумат нега қонун талабларини бузяпти?

Нархларни давлат томонидан тартибга солиш, қатъий белгиланган ёки чекланган нархларни ўрнатиш фақат ҳукумат қарори билан тасдиқланган иловада келтирилган товарлар, табиий монополия шароитларида ишлаб чиқариладиган товарларга (хизматларга) нисбатан амалга оширилади. Гуруч, ўсимлик ёғи ва шакар эса бу рўйхатларга киритилмаган. Фақат президент рўйхатдан ташқари бўлган товарларга нархни белгилаши мумкин. Демак, Вазирлар Маҳкамасида гуруч, ёғ ва шакар нархларини белгилашга ваколат йўқ.

Фуқаролик кодексининг 354-моддасига асосан, фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндир. Шартнома тузишга мажбур қилишга йўл қўйилмайди. Шартноманинг шартлари тарафларнинг хоҳиши билан белгиланади. Ҳукумат маҳаллий ҳокимликларни савдо ташкилотлари орқали бошқа хўжалик юритувчи мустақил субъект билан шартнома тузишга мажбурлаши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 8-моддасига мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти субъектлари қонун ҳужжатларида тақиқланмаган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириши ҳамда ўз фаолияти йўналишларини, товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб берувчиларни ва ўз товарларининг (ишларининг, хизматларининг) истеъмолчиларини мустақил равишда танлашга ҳақли экани кўрсатилган. Шундай экан, баённомада қайд этилган савдо ташкилотлари шартнома орқали товарларни қатъий белгиланган нархда сотиб олиб, уни истеъмолчиларга қатъий белгиланган нархларда сотишга мажбур эмас.

Умумий қилиб айтганда, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

 «Demesne Trade» МЧЖ кимга тегишли?

Ҳукумат 2017 йили қабул қилган қарори билан «Demesne Trade» компаниясининг картошка импортини бож тўловлардан озод этганди.

Очиқ маълумотларга кўра, компаниянинг таъсисчилари Раҳимжон Муҳаммедов (устав фонддаги улуши 47,4 фоиз), Хайрулла Исматов (устав фонддаги улуши 45,9 фоиз) ва Қудрат Ғозиев (устав фонддаги улуши 6,7 фоиз) ҳисобланади. Улар орасидан Хайрулла Исматов ва Раҳим Муҳаммедов Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланишган. Орден билан тақдирлаш тўғрисидаги президент фармонида Раҳим Муҳаммедов Юнусобод туманидаги «Gold Step Invest» МЧЖ таъсисчиси сифатида кўрсатилган.

Қурилиш компанияси ҳисобланган «Gold Step Invest» Тошкент шаҳрида бир нечта объектлар қурилишида, хусусан, «Шедевр» савдо мажмуасини барпо этишда иштирок этган. Шунингдек, компания Сардоба фожиасида жабрланганлар учун «Дўстлик» маҳалласида 37та кўп қаватли уй қурилишида пудратчи бўлган.

Ритейлер нима дейди?

Kun.uz билан суҳбатда бўлган учта йирик ритейл компанияси вакиллари (Havas, Korzinka, Makro) маҳсулот таннархи ва чакана сотув учун белгиланган нарх ўртасида ритейл учун «ҳеч нарса қолмаслиги»дан норози.

Улардан бири буни «элга келган тўй» деб атаб, ҳукуматдаги айримлар ҳар замонда шу йўл билан даромадларни юқорида тақсимлаши ва кейин қуйига паст нарх белгилаб беришини таъкидлади.

Алишер Рўзиохунов

 
O'qilgan: 722 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: