Бугун, 16 декабр куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган селектор йиғилиши бўлиб ўтади. Kun.uz манбаси хабар қилишича, видеоселектор кун тартибида иккита муҳим мавзу - қишга тайёргарлик давомида йўлга қўйилган хатоларни танқидий таҳлил қилиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари ўрин олган.
Йиғилишда юзага келган муаммолар батафсил кўриб чиқилиб, жойлардаги ҳокимликлар узилишлар бўйича қандай чоралар кўргани таҳлил қилинади.
Жумладан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорларда нархлар барқарорлигини сақлаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захира қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳисоботлари тингланади.
Аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлашда йўл қўйилган камчиликлар бўйича вазирликлар, идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларининг масъулияти кўриб чиқилади.
Видеоселектор йиғилишида вазирликлар идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раислари, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳисоботлари эшитилади.