Давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик жараёнларини янада такомиллаштириш мақсад қилинган.
Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат органлари фаолиятини ёритиш учун ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишни такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жумладан, ўз фаолиятининг кенг кўламда тезкор ёритилишида ижтимоий тармоқлар ҳамда оммавий ахборот воситаларидаги мавжуд имкониятлардан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, ахборот манбалари билан ишлаш ҳамда ахборот алмашиш, жамоатчилик билан сифатли мулоқотни йўлга қўйиш орқали фаолиятнинг шаффофлигини таъминлаш борасидаги ишлари қониқарсиз, деб топилиши мумкин.
Давлат идоралари ахборот сиёсати соҳасидаги фаолиятини қайта кўриб чиқади ҳамда ўн кун муддатда ўз тузилмаларидаги мавжуд штат бирликлари доирасида ахборот хизматини шахсан биринчи раҳбарга бўйсунадиган мустақил таркибий бўлинма сифатида ташкил (қайта ташкил) этади.
Бунда умумий штатлар доирасида ахборот хизматига давлат идораларининг марказий аппаратида уч-тўрт нафар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида камида тўрт нафар, қуйи ташкилот ва бўлинмалар, туман (шаҳар) ҳокимликларида камида икки нафардан бошқарув ходими ажратилиши таъминланади. Ички имкониятлар етарли бўлмаган ҳолатларда, ахборот хизматлари учун иқтидорли мутахассисларни бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан шартнома асосида жалб этиш чоралари кўрилади.
2021 йил 1 февралдан бошлаб шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:
а) давлат идоралари фаолиятини доимий ёритиб бориш ҳамда амалга оширилаётган лойиҳаларни жамоатчиликка тезкор ва тушунарли етказиб бериш орқали ташкилотнинг ижобий имижини шакллантиришга доир вазифаларни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда ишловчи журналист ва фойдаланувчилар сони юқори бўлган блогерлардан иборат “Медиа пул” ташкил этилади;
б) журналистларнинг аккредитация қилиш тўғрисидаги ёзма ва электрон мурожаатлари давлат идоралари томонидан тегишли мурожаат олинган кундан бошлаб кўпи билан уч иш кунида кўриб чиқилиши белгиланади;
в) давлат идоралари ўзларининг жамоатчилик кенгашлари фаолияти ва аъзолар рўйхатини қайта кўриб чиқсин ва жамоатчилик кенгашлари таркибига камида бир нафардан фаол журналист ва/ёки блогерни киритиш чоралари кўрилади;
г) президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва мобиль мессенжерларнинг мониторинги натижасида аниқланган давлат идоралари фаолиятига тааллуқли, аҳолининг кенг қатлами онгига салбий таъсир кўрсатувчи материал ва маълумотларга давлат идораларининг тезкор муносабат билдириш муддати бир кун қилиб белгиланади;
д) давлат идоралари ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун очиқ бўлган матбуот конференциялари, брифинглар ташкил этиш ва интервьюлар, савол-жавоблар ўтказиш йўли билан жамоатчиликка доимий ҳисобот бериб боради;
е) давлат идораларининг турли даражадаги раҳбарлари “Facebook”, “Twitter”, “Instagram”, “Telegram” каби кўплаб фойдаланувчиларга эга ижтимоий тармоқлар, мессенжерларда ўз расмий саҳифаларини очади ва уларни белгиланган тартибда верификация қилиш чораларини кўради;
ё) давлат идораларининг биринчи даражали раҳбарлари ахборот хизматлари билан биргаликда Интернет тармоғидаги “Wikipedia” мустақил интернет-энциклопедиясида алоҳида веб-саҳифа очиб, ўзи бошқараётган давлат идораси ва ўзининг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштиради;
ж) давлат идоралари 2021 йил якунига қадар ўзларининг очиқ маълумотлари ва янгиликларини мобиль қурилмалар орқали қулай, тезкор равишда олиш имкониятини тақдим этувчи “Android” ва “iOS” операцион тизимларида ишловчи мобиль иловаларни ишга туширсин ҳамда мазкур иловалардаги ахборот, маълумотлар базасини Давлат статистика қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон очиқ маълумотлар портали (opendata.gov.uz) билан интеграция қилиш чораларини кўради;
з) давлат идораларининг раҳбар ходимлари ўз расмий саҳифаларида ҳафта давомида камида уч марта бошқарувидаги давлат идораси фаолиятига дахлдор бўлган ахборотни жойлаштириб боради ҳамда мазкур саҳифалар орқали жамоатчилик фикрини ўрганиб, мурожаат ва саволларга жавоб бериб борилишини ташкил этади;
и) давлат идоралари ахборот хизматлари, таркибий тузилмалар мунтазам равишда ўз раҳбарларини ташкилот фаолияти билан боғлиқ бўлган ахборот материаллари билан таъминласин ҳамда раҳбар ходимларнинг расмий саҳифаларидаги ахборотларини ижтимоий тармоқлар, мессенжерлар ва оммавий ахборот воситалари орқали кенг миқёсда тарқатилишини амалга оширади.
Агентликнинг давлат идораларида тарқатиш қонун билан чекланмаган ҳар қандай маълумотни очиқ маълумот деб ҳисоблаш ҳамда журналист ва блогерлар ушбу маълумотларни олиш заруриятини асослашга мажбур эмаслиги бўйича таклифи маъқулланиши мумкин.
Шу жумладан:
а) ҳукуматнинг мажлис баёнида берилган топшириқларнинг ижро этилишининг бориши тўғрисидаги маълумотлар;
б) давлат идораларининг тасдиқланган йиллик ва ярим йиллик медиа-режалари;
в) давлат идоралари жамоатчилик кенгашларининг тасдиқланган низоми ҳамда тўлиқ таркиби (фамилияси, исми, шарифи, телефон рақами, электрон почта манзили) ва улар томондан амалга оширилиши режалаштирилган вазифалар;
г) давлат идораларидаги касаба уюшмалари томонидан қабул қилинадиган уставлар ёки низомлар, касаба уюшмаларининг йиғилишлари ва фаолияти тўғрисидаги маълумотлар;
д) молия йили давомида давлат идорасида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аукцион, тендер, танловларга сарфланган харажатлар ҳамда хусусийлаштирилган давлат мулки объектларининг харидори номи ёки Ф.И.Ш.;
е) давлат буюртмачиси сифатида тўғридан-тўғри шартномалар бўйича харид қилинадиган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхати;
ё) давлат субсидиялари, грантлари ва мукофотлари тўғрисидаги маълумотлар;
ж) тасдиқланган йиллик харажатлар сметаси ва унинг ижроси, бошқарув ходимларининг бюджетдан ажратиладиган лавозим маошининг миқдори;
з) давлат идоралари ходимларининг сафар харажатлари (транспорт, кунлик нафақа, яшаш), хизмат сафарининг мақсади;
и) раҳбарият ҳамда бошқарма, бўлинма, бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари фамилияси, исми, шарифи, хизмат телефони рақами, электрон почта манзли давлат идоралари очиқ маълумотлари сифатида таснифланади.