Ижтимоий тармоқларда республикадаги барча олий таълим муассасаларида 2021 йил 16 январдан дарс жараёнлари фақат анъанавий тарзда бошланиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Kun.uz мухбири мазкур хабарларга ойдинлик киритиш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот хизматининг маълум қилишича, бу ёлғон маълумот.
Қайд этилишича, республикадаги олий таълим муассасаларида дарсларнинг анъанавий тарзда ташкил қилиниши фақат вазирликка боғлиқ эмас. Бунинг учун Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда иш олиб борилади.
«Шуни расман маълум қиламизки, олий таълим муассасаларининг барча талабаларини тўлиқ анъанавий таълим шаклига ўтказиш режалаштирилмаган. Мазкур масалада янгилик бўлса, вазирлик расмий веб-сайти ва Telegram канали орқали маълум қилинади», дейилган вазирликнинг расмий муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда барча олий таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 16 ноябрдан эътиборан анъанавий шаклда давом эттирилмоқда. Бунда талабаларнинг ўзи анъанавий ёки онлайн таълим шаклини танлаши мумкин.