Мазкур қатнов «Ўзбекистон темир йўллари” АЖ, Транспорт ва Ташқи ишлар вазирликлари раҳбариятининг россиялик ҳамкорлар билан музокаралари натижасида пандемия даврида Россияда қолиб кетган юртдошларимизни мамлакатга олиб келиш мақсадида ташкил қилинди.
“O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” AJ хабарига кўра, қатнов 14, 21, 28 декабр кунлари Москва Казанский-Тошкент йўналишида амалга оширилади. Поездлар Москвадан маҳаллий вақт билан Ўзбекистон пойтахтига соат 22:28да жўнайди.
Маълум қилинишича, ушбу поездларга фақат бир томонга, яъни Москва-Тошкент йўналишига чипталар сотилади.
«Йўловчиларга чипта харид қилишда қулайлик яратиш мақсадида чипталарни электрон тарзда сотиш йўлга қўйилди. Москвадаги фуқароларимизнинг яқинлари Ўзбекистонда туриб, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати нусхаси билан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ веб-сайти орқали чипталарни электрон тарзда харид қилиб олиб, жўнатишлари ҳам мумкин» дейилади хабарда.
Қўшимча маълумотларни 1005 қисқа телефон рақами, жойлардаги темир йўл кассалари ҳамда маълумотлар бюросидан билиб олиш мумкин.