Сўнгги икки йилда 1986 нафар мансабдор шахс ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган ва коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Конституциянинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида айтилди.
“Тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш лозим. Сўнгги икки йилда ноқонуний хатти-ҳаракати билан давлатга 2 триллион сўм зарар етказган 1986 нафар мансабдор шахс коррупцияга оид жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилгани бу масала нақадар долзарб эканини кўрсатади”, - дея таъкидлаб ўтди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, мазкур йўналишдаги ишларни тизимли ва комплекс давом эттириш учун 2021-2025 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш миллий стратегияси устида иш олиб борилмоқда.
“Шу ўринда яна бир бор таъкидлаб айтаман: бу масала биз учун ўта муҳим ва устувор вазифа бўлиб қолади. Чунки коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга рахна соладиган ғоят хатарли таҳдид ва унга қарши муросасиз кураш олиб бориш – барчамизнинг бурчимиздир”, - деди Шавкат Мирзиёев.