LOTIN-КИРИЛЛ

«Фарзандларимизни тил ўрганиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ундайлик» — Шерзод Шерматов ота-оналар ва ўқитувчиларга мурожаат қилди

Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ота-оналар ва ўқитувчиларга мурожаат қилиб, болаларни тил ўрганиш бўйича мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ундашга чақирди.

Вазирнинг ёзишича, ёшлигида инглиз тилини ўрганаётганида энг катта муаммо асл инглиз тилида сўзловчининг (native speaker) нутқини топиш бўлган.

“Таниш-билишлардан анча қидириб битта кассета топсак, қандай хурсанд бўлиб, роса эшитиб ўрганар эдик. Шунча қийналиб бўлса ҳам, репетиторсиз TOEFL топшириб, АҚШда ўқиш имкониятига эга бўлгандик.

Ҳозирги ёшларда тил ўрганиш учун имкониятлар жуда кўп. Лекин жойлардаги юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимда, улар бундай имкониятлардан етарлича фойдаланмаётгани билиниб қолмоқда. Улар билан мулоқот пайтида нафақат инглиз тилида сўзлашишга қийналишаётгани, балки маҳаллий акценти ҳам қаттиқ сезиляпти.

Online-maktab телевизион каналларида ёшларимиз инглиз тилини ўрганишлари учун америкалик ҳамкорларимиз ҳамда UNODC томонидан инглиз тилидаги мультфильмлар тақдим этилган. Уларни бемалол дарсдан кейин ва дам олиш кунлари фарзандларимиз томоша қилиб ўрганишлари мумкин.

Ундан ташқари, инглиз тили дарслари айнан америкалик ўқитувчи томонидан ўтилишини бошладик. Ҳозирча бир ўқитувчи дарсларни қисман ўтмоқда. Январ ойида Ўзбекистонга АҚШдан қатор ўқитувчилар етиб келишади ва 1-11-синфларнинг барчасига инглиз тили телевизион дарслари native speaker томонидан олиб борилади.

Бу дарсларни нафақат ўқувчиларимиз, балки ўқитувчиларимиз ҳам томоша қилишса, уларга ҳам ўз талаффузларини тўғри шакллантириши учун фойдали бўлади. Улар ўқиган университетларида ҳам native speaker бўлмаган, шунинг учун уларнинг кўпчилигида ҳам маҳаллий акцент шаклланган.

Телевизион дарслар жадваллари бизнинг телеграм каналларимизда мунтазам эълон қилиб борилмоқда.

Интернети бор оилаларда эса ёшларимизни вақтини бекор ўтказмасдан, кўпроқ инглиз тилини ўрганишга сарфлашига ундасак, жуда катта имкониятлар бор. Масалан, катта қизим мактабида 10-синфни тугатиб, ёзги таътил пайтида уй ишлари билан банд пайтида ҳам TED talks серияларини эшитиб юриб, IELTS Listening қисмидан 9 олган эди. 

Албатта, интернет учун инфратузилма керак, трафик ҳам кетади. Лекин Онлайн мактаб телевизион каналларини республикамизнинг деярли барча ҳудудларида бепул кўриш имконияти мавжуд. 

Шу сабабли, ҳурматли ота-оналаримиз ва ўқитувчиларимиздан фарзандларимизни ушбу телевизион каналларимиз орқали эфирга узатилаётган инглиз тилидаги мультфильмларни ҳамда америкалик асл инглиз тилида сўзловчиларнинг дарсларини қўшимча машғулот сифатида кузатиб боришига ундашларини сўраймиз! Эслатиб ўтаман, native speaker кўпгина қиммат хусусий мактабларда ва тайёрлов марказларида ҳам йўқ.

Инглиз тилини билган мактаб битирувчисининг келгусида муваффақиятга эришиш имкониятлари тил билмайдиган тенгдошлариникига нисбатан анча юқори бўлади. Ўзбекистонда хорижий корхоналарда ёки халқаро ташкилотларда ишлайдими, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайдими, албатта, инглиз тилини билган ходимнинг ойлиги юқорироқ бўлади. Чет элга ишга ёки саёҳатга кетса ҳам инглиз тилини билса имкониятлари янада кенгроқ очилади. Инглиз тилини яхши билган ўқитувчилар эса давлат бюджетидан 30 фоиз устама ҳақи олиши билан биргаликда, репетиторлик орқали қўшимча даромад олиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Оддий мисол, АҚШда бирон бир катта компаниянинг мижозларига хизмат кўрсатиш бўйича телефон номерига мурожаат қилинса, одатда ҳиндча акцентида жавоб беришади, чунки бундай қўнғироқлар тўғри Ҳиндистондаги колл-центрга юборилади. Бизда америкалик истеъмолчилар учун ортиқча акцентсиз гапирадиган мутахассислар кўпроқ бўлса, келгусида АҚШ компаниялари хизматларини Ўзбекистонга аутсорс қилиш имкониятлари ҳам кенгаяди. Шунга инглиз тилида равон сўзлашадиган битирувчилар олий таълимга кира олмаса ёки дастурчиликни ўргана олмаса, жуда бўлмаса, интернет орқали колл-центр хизматларини кўрсатиши ва оила рўзғори учун қўшимча даромад топиши мумкин бўлади.

Ҳозирнинг ўзида минглаб ёшларимиз инглиз тилини билгани учун Ўзбекистонда оиласи бағрида яшаб, интернет орқали хорижий компанияларга турли хизматлар кўрсатиб, маҳаллий бозорга кўрсатилган хизматлардан кўра яхшироқ даромад топмоқда”, - деб ёзади Шерзод Шерматов.

O'qilgan: 684 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: