Адлия вазирлиги Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан биргаликда “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди.
Унга кўра, педагог ходим деганда таълим ташкилотларида (боғча, умумтаълим мактаби, академик лицей, касб-ҳунар мактаби, коллеж, техникум, олий ва ундан кейинги таълим муассасалари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш муассасалари) педагогик фаолият билан шуғулланувчи жисмоний шахслар тушунилади.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимининг маълумот беришича, қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:
1) педагог ходимларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш;
2) педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;
3) педагог ходимга умумий белгиланган ёшдан беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқини тақдим қилиш;
4) педагог ходим томонидан уй-жой ва автотранспорт воситасини харид қилиш учун унинг ойлик иш ҳақидан йўналтириладиган маблағларни даромад солиғидан озод этиш;
5) педагог ходимга 56 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил, шунингдек, таътил берилганида, календарь йилида бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам бериш;
6) педагог ходимнинг базавий лавозим маошининг энг кам миқдорини белгилаш ва кўп йиллик хизмати учун устама тўлаш тизимини жорий этиш;
7) педагог ходимни касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш;
8) олий маълумотга эга бўлмаган, аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимларни ОТМларга педагогика йўналиши бўйича имтиёзли асосда ўқишга қабул қилиш.
Қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.