Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябр куни пойтахтда фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари ва педагоглар билан учрашди. Учрашувда тиббиёт ва таълим соҳасидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
«Тошкентда сифатли тиббий хизмат ва мактаб таълимига қандай эришамиз? Мени шу савол қийнайди. Таълим ва тиббиёт тўғрисида қарорлар қабул қилдик. Пастдаги муҳитни сизлар кўпроқ биласизлар. Одамлар ҳозир таълимдан ҳам, тиббиётдан ҳам норози. Мактаб директорининг ҳам, поликлиника раҳбарининг ҳам иш услубини биламан, мени бугун қониқтирмайди», – деди давлат раҳбари.
Қайд этилишича, учрашувдан асосий мақсад – одамларга маъқул таълим ва тиббий хизматни таъминлашда қуйи тизимдаги масалаларни билиш ва уларни ечишда тўғри йўл тутиш.
«Тошкентда тиббиёт соҳасида академия, илм маскани борми? Бор. Иккинчидан, Тошкентда 60га яқин республика тиббий муассасалари борми? Бор. Яхшими-ёмонми, 150та поликлиника, турли йўналишлар бўйича шифохоналар борми? Бор. Охирги 3,5 йил сизлар билан бирга ишлаяпмиз, шу йилларда одамлар тиббиёт соҳасида нимадандир рози бўла олдими, йўқми? Иккинчидан, академиянинг, республика муассасаларининг куч-қудратидан, имкониятидан амалда фойдаланиляптими? Сирдарёга, Наманганга ёки Тошкент вилоятига нисбатан одамларни рози қиляпмизми, йўқми? Менинг ўйлашимча, саволга ижобий жавоб йўқ. Ўзгарамизми, йўқми? Ўзгарсак, қандай ўзгарамиз? Тик туриб, белимизни маҳкам боғлаб пойтахтдаги 3 миллион халқни рози қила оламизми, йўқми, деган савол мени қийнайди», – деди Шавкат Мирзиёев.
Президент соҳага масъул вазир ўзгартирилгани, бошқарма бошлиғи лавозимига тажрибали мутахассис тайинланганини айтди.
«Тизимни ўзгартиряпмиз. Натижа қачон бўлади? Энди бажарувчи - сизлар. Сизларнинг қасамёдларинг бор. Бошқа соҳанинг қасамёди йўқ. Шу қасамёдга муносиб бўла оласизларми, йўқми? Мен ишонаманки, бўла оласизлар. Мендан нима керак, сизлар қандай қилиб иш услубини ўзгартиришингиз мумкин?» – дея савол билан мурожаат қилди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев режалар катта эканини айтиб, тиббиёт ходимлари, худди ўқитувчилар сингари, 1000 доллар миқдорида иш ҳақи олиши кераклигини билдирди.
«Оддий муаллим 1000 доллар иш ҳақи олмаса, у ишга келиши керак эмас. Шифокор ҳам худди шундай, 1000 доллар олмаса, эртага уйга бориб боласини, набирасини қандай боқади? Қилишимиз мумкинми? Мумкин. Тинчлик, осойишталик керак, бир-биримизни тўғри тушунишимиз керак», – деди давлат раҳбари.
Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 23 минг нафар ўқитувчи бор, 500та вакант мавжуд. Тиббиёт соҳасида 498та вакант жой бор.
«Иш керак деймиз, лекин мана иккита соҳада ҳам 1000та вакант турибди. Нега? Бюрократия. Сизларда эркинлик йўқ. Тошкент шаҳрида қандай қилсак бўладики, шу икки тизимга мукаммал озодлик, масъулият, жавобгарлик бериб, болаларимизни яхши ўқитсак?» – деди президент.
Қайд этилишича, тиббиёт ва таълим давлат ва халқ ўртасидаги адолат кўпригидир.