Совуқ қиш тонгида кичик қишлоқнинг балиқчилари бир неча қайиқларда денгизга йўл олишди. Ўша куни тушдан кейин бўрон кўтарилиб, балиқчилар уйларига қайтишолмади. Кеч тушди. Хавотирда қолган қишлоқ аҳли ухламасдан уларнинг йўлига кўз тутар, омон қайтишларини сўраб дуо қилишарди.
Саҳарга яқин мусибат устига мусибат бўлиб, бир уйдан ёнғин чиқди. Эркаклар йўқ, аёллар, болаларнинг қўлидан нима ҳам келарди?.. Ўтни ўчиришолмади, бутун бошли уй ёниб битди.
Хавотирга тўла тун ўтди. Тонгда денгиз томондан қайиқлар кўринди. Соғ-саломат қайтган қайиқлар ва овчиларни қишлоқ аҳли қувонч билан кутиб олди. Улар орасидаги биргина аёл қанчалик севинмасин, кўнглидаги ғашлик юзида акс этиб турарди. Бу уйи ёниб кетган балиқчининг хотини эди, ҳол-аҳвол сўрагач, бўлган воқеани айтди:
— Боримиздан айрилдик. Уйимиз ёниб кетди...
Эри хотинини ҳайрон қолдириб бундай жавоб берди:
— Ҳар ишда бир хайр бор. Уйимиздан кўтарилган ёнғиннинг ёруғида йўлни аниқладик ва ҳаммамиз омон келдик...