У таваккал қилиб йўлга тушди. Акаларидан фойда йўқ. Хотинининг чизган чизиғидан чиқолмайди. Ёрдам сўраб борганди, насиҳат эшитиб келди.
Ўша куни қаттиқ чарчаганди. Охирги юкни олиб кетаётиб сал чалғидими, хуллас бировнинг машинасини туртиб юборди. Янги, қимматбаҳо машина экан. Бирпасда одам йиғилди. Машинани таъмирлатиб беришини айтиб қайта-қайта узр сўраб, уйига қайтди. Аммо йигит шунча пул сўрашини туш кўрибдими. Шунақа бўлишини билганда тинчгина ЙПХ ни чақириб қўя қоларди... Яқинда қизини фотиҳа қилганди. Бу ёқда тўй харажатлари турибди. Хотини ҳам далда беришни ўрнига тўмсайиб олиб айблашдан боши чиқмайди. Бундоқ бошқа аёлларга ўхшаб далда берса ҳам майли эди. Телефони жиринглади. Синглиси.
— Ака, ўзингиз омонмисиз? Ҳаммасини эшитдим. Бош омон бўлса, пул топилади, ака, мен сизни дуо қиляпман. Сиз манга қанча яхшилик қилгансиз. Оёққа туриб олгунимизча қўлладингиз, ака. Куёвингизга айтдим, ёрдам берадилар Худо хоҳласа. Ойлик маош олишимиз билан учиб олиб бориб бераман. Сиқилманг. Сиз яхши одамсиз, сизни Аллоҳ қўллайди, қилган яхшиликларингиз учун ҳам ўзи бир йўл кўрсатади. Акмал синглисига раҳматдан бошқа сўз айта олмади, ўпкаси тўлиб келаверди...
Кечга қовоғидан қор ёғаётган хотинининг қўлидан қизининг тўйига аталган пулларни олиб йигит айтган манзилга йўл олди. Бу пуллар машина эгаси талаб қилаётган пулнинг учдан бири ҳам эмас, майлида, қуруқ боргандан кўра. Гаплашиб кўради. Уйнинг ўймакор ёғоч дарвозаси олдида бироз туриб қолди, аммо Аллоҳга таваккал қилиб қўнғироқни босди. Йигитнинг ўзи уни ҳовлига бошлаб кирди. Шундоқ ҳовлидаги сўрига ўтирдилар.
— Ада, машинамни уриб олган одам келди, чиқасизми? деди йигит шийпон ёнидаги уйнинг эшигини очиб. Акобир бошини эгиб ўтирар экан, сал енгил тортди. Хайрият, уйнинг катталари бор экан! Ичкаридан қарашлари тийрак, ўзи ҳам ҳали анча тетик кўринадиган қария чиқиб келди. Акмал кўришиш учун ўрнидан тураркан бир лаҳза бу одамни қаердадир кўрганини эслади. Чол эса... Чол уни таниди
— Ия, бормисан, болам! Ўз оёғинг билан кебсанда! дея маҳкам қучоқлаб олди. Кейин ўғлига қарата:
— Нега анқайиб турибсан, бор қўрадаги қўчқорни олиб чиқ, акангни оёғини тагига сўямиз! Қандай қилиб танимадинг, шу одам сени қутқариб қолган-ку! Жонини тикиб қудуққа тушиб олиб чиққан, пул берсам, олмай қочиб кетган йигит шуку! Пўлат ўшанда ҳеч нарсани эслаб қолмаган бўлса-да халоскорининг қоши тепасидаги йирик холи негадир хотирасида муҳрланиб қолганди.
Узр сўраш учун келган Акмал бир зумда хонадоннинг азиз меҳмонига айланди. Пўлат билан ҳам, чол билан ҳам қучоқлашиб хайрлашди. Машинага ўтираркан яна синглиси қўнғироқ қилди
— Ака, ман ҳозир ҳожат намоз ўқиб, ҳақингизга дуо қилдим. Аллоҳ мушкулларингизни осон қилади, Иншааллох, деди. Боядан бери ўзини ушлаб турган одам синглисидан ҳам уялмай: “Бўлди, синглим, бўлди, дуоларинг ижобат бўлди...”, дея ҳўнграб йиғлаб юборди.
Саҳифадаги материалларни Фарида НУРМУРОДОВА тайёрлади.