Учқудуқ туманида ҳам “Аёллар дафтари” шакллантирилган бўлиб, унга 188 нафар ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган хотин-қизлар киритилган. Ҳозирда улар билан олиб борилаётган тизимли, манзилли ишларни таҳлил этадиган бўлсак, 138 нафар иш излаётган аёлларнинг 37 нафари доимий иш билан таъминланган, 2 нафар касб-ҳунар эгаллаш истагида бўлган хотин-қизлар пазандалик, тикувчилик йўналишида ўқитилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги қарорига асосан, 19 нафар боқувчисини йўқотган, 7 нафар иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган аёлларга жами 25 млн. 480 минг сўм миқдорида моддий кўмак берилган.
“Аёллар темир дафари”да рўйхатда бўлган 13 нафар тиббий кўмакка муҳтож аёлларнинг 10 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилди. Яна 4 нафар психологик кўмакка муҳтож аёллар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Бундан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилмаган хотин-қизлар ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. Ана шундай опа-сингилларимизнинг 23 нафари ўз ишини йўлга қўйиш истагини билдиришган. Уларнинг 10 нафарига имтиёзли кредитлар тақдим этилиб, якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бандлиги таъминланди.
Эътиборлиси, “Соғдиёна” ННТ, “Ҳунармандлар” уюшмаси туман бўлими ҳамда вилоят “Тадбиркор аёл” маркази томонидан 400 нафар учқудуқлик аёл касб-ҳунарга ўқитилган. Улар асосан аёллар сартарошлиги, тикувчилик, пазандачилик йўналишларида ўз билим ва кўникмаларини оширган.
Ҳа, эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш, ишсиз хотин-қизларни турли касбларга ўқитиш ва шу орқали уларни “Темир дафтар”дан чиқариш олдимизга қўйилган энг муҳим вазифалардандир.
Улуғбек ТЎРАЕВ,
Учқудуқ туман ҳокими ўринбосари,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи.