LOTIN-КИРИЛЛ

 

Ichimlik suv tarmog'idagi nosozlikni bartaraf etish maqsadida, bugun soat 11:00 dan 15:00 gacha "Yo'lchilar" mahallasining "Nurobod" ko'chasi vaqtincha tarmoqdan uziladi.

"Issiqlik manbai" DUK axborot xizmati.

    Кузда Ўзбекистон футзал бўйича дунё биринчилигига мезбонлик қилади. 

 

     Ҳозирга қадар мезбон Ўзбекистондан ташқари яна 10 та терма жамоа мундиал йўлланмасини қўлга киритган, булар – Бразилия, Аргентина, Венесуэла, Парагвай, Португалия, Испания, Қозоғистон, Франция, Украина ва Янги Зеландия.

    Илк мусобақа 1989 йилда Нидерландияда бўлиб ўтган ва унда Бразилия терма жамоаси чемпионликни қўлга киритган. 

Амалдаги чемпион Португалия бўлиб, жамоа 2021-йилги турнир финалида Аргентинани мағлуб этган. Ҳозирга қадар 4 жамоа мундиалда зафар қучган – Бразилия (5 марта), Испания (2 марта), Аргентина (1 марта) ва Португалия (1 марта). Мезбон терма жамоалар орасида фақатгина Бразилия (2008) ўз уйида ўтган турнирда ғолиб бўлишнинг уддасидан чиққан.

Турнир тарихидаги энг яхши тўпурар бразилиялик Фалкао бўлиб, у 33 учрашувда 48 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган.

 

                Ҳар бир соҳа янгидан пайдо бўлиб маълум йўналишда ривожланиб олгунича турли йўллардан ўтади. Бугун Шимолий кон бошқармаси “Шарқий” конидаги фаолияти ва йўналиши бошқаларга ўхшамайдиган, бошқа ишлардан хавфлилиги билан ажралиб турадиган портлатиш ишлари участкаси ҳақида фикр юритамиз.

 “Шарқий” кони 6-сонли портлатиш ишлари участкаси коннинг “драйвери”, десак адашмаган бўламиз. Ўқилиши ваҳимали бўлган портлатиш жараёнлари иштирокчиси бўлиш ҳам ўзига яраша хавфли аслида. Портлатиш участкасининг асосий вазифаси тоғ жинсларини портлатиб бериш, шу орқали экскаваторлар рудани ташишлари учун тайёр ҳолда майдалаб юмшатиб беришдан иборат. Бу бепоён кенгликларни ўз ҳукмига бўйсиндирган портлатувчилар ерни ларзага солиб бағрига яширинган маржонларни бирин-кетин юзага олиб чиқар экан бу ажойиботга ҳайратланмасдан иложингиз йўқ.

         Ҳар бир давлатнинг тараққиёт даражаси унинг заминидаги ер усти ва ер ости бойликларига боғлиқ. Манбаларни излаб топиш ва иқтисодий тармоқларда фойдаланишга топшириш вазифаси кон геологлари зиммасига бориб тушади. “Шарқий” конида   мингдан ортиқ ишчи-ходимлар фаолият олиб боради, уларнинг ҳар бири ўзига хос мураккаб вазифаларни бажариш билан бирга ўта масъулиятли жавобгарликка эга, айниқса 85 нафар ишчиларни ўз атрофида жамлаган портлатиш ишлари участкасидагилар эшитилиши ваҳимали бўлган бу соҳанинг усталарига айланиб улгуришган. Ҳар соҳанинг ўзига яраша талаблари бўлганидек, портлатиш участкасида фаолият олиб борадиган ҳар бир ходим  оммавий портлатиш лойиҳасига асосланиб  махсус ўқиган, билим ва кўникмаларини оширган. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган жисмонан соғлом психолог ва нарколог хулосасига эга бўлиши шарт ҳисобланади.

Портлатиш майдонига кон устаси рухсатидан сўнг жараёнлар бошланади. Бир кунда ўртача 80-90 м3 тоғ маъданлари юмшатиб берилади, бу жараён учун эса ўртача 100-150 тонна турли хил портлатувчи моддалар ишлатилади.

Мамлакатимиз ривожланиб бораётгани сари, ишчиларга яратиб берилаётган шароитлар ҳам яхшиланиб бормоқда. Биргина мисол илгари қудуқларни зарядлаш, кимёвий моддаларни юклаш, ташиш қўл меҳнатини талаб қилар эди. Бугунги кунга келиб юклагич машиналари ҳамда, “Skaniya” махсус жиҳозланган қудуқларни зарядлаш автомашинаси ёрдамида бу ишлар осонликча бажарилмоқда. Бу каби машиналар нафақат оғирни енгил қилиш, балки ходимлар хавфсизлигини таъминлашда ва иш унумдорлигини ошишида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда дейди, соҳа вакиллари.

Объектларда олиб бориладиган портлатиш ишлари қатъий талаб ва тартиб асосида олиб борилади. Портлатиш жараёни бошланишидан аввал давомий бир марта сигнал чалинади кон атрофидаги жараёнга алоқаси бўлмаган барча ишчилар камида 600 м узоқликда, техникалар камида 300 м узоқликда ҳудуддан олиб чиқилади. Қудуқларни ўрнатиш (монтаж) қилиш ишларини махсус портлатувчи ходимлар амалга оширади. Портлатиш ишлари  бурғуланган ҳудудда олиб борилади. Сўнгра 2 маротаба давомий  жанговор сигнал чалинади.

Албатта портлатиш жараёнида ишчилардан маҳорат ва сергаклик талаб қилинади. Ишлар якунлангач 30 дақиқа ўтиб портлатувчи бориб портлатилган қудуқ жойларини текшириб чиқади. Бунда инсонлар хавфсизлиги ва атроф муҳитга ортиқча зарар етмаслик муҳим масала ҳисобланади. Ишлар тўлиқ бажарилиб бўлингандан сўнг портлатиш ишларига масъул бўлган шахсга хабар берилади. Ишонч ҳосил қилингандан сўнг портлатиш ишлари тўхтатилганини билдирувчи қисқа сигнал уч маротаба чалинади, шундан сўнг бошқа кон ишлари бир маромда давом этаверади.

                Тасаввур қилинг  жанговор фильмларда кўрганимиздек кўз олдимизни тутун қоплайди бир зум қулоқлар овозларни англай олмас даражага етади. Ерни зир титратган порлатувчилар эса бундай ҳолатларни қайта-қайта такрорлайвериб ўрганиб ҳам қолишган. Иссиқнинг жазирама кунларида қишнинг қаҳратон совуғида ўз жонларини қайта ва қайта хатарга қўяётган кон портлатувчилариниер тубидаги маъданни юзага чиқариб берувчи  жонкуярлар, ўз ишининг “пир”лари, десак муболаға бўлмайди. Гарчи меҳнати оғир бўлсада оиласининг ризқини шу участкадан топаётган ҳар бир ишчи-ходим ўз ишига садоқат билан иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Корхона ишчи-ходимларига муносиб меҳнат шароитлари яратиш кун тартибидаги муҳим масала сифатида қаралаётганини таъкидлаш ўринли. 6-сонли портлатиш участкасида ҳам мустасно бўлмаган тарзда барча  шарт-шароитлар муҳайё этилган. Эътиборлиси, хавфсизликни инобатга олган ҳолда махсус портловчи маҳсулотларни сақловчи айвонлар қурилган.

Илгари очиқ майдонда ёғингарчилик ва жазирамада  портловчи моддаларнинг сифати ўзгариб таркиби бузилиши натижасида иш самараси пасайиб, кон ишларининг сустлашиши ва иқтисодий харажатларнинг ортиши кузатиларди. Бу камчиликларни бартараф этишда  бир вақтнинг ўзида 200 тоннадан ортиқ моддаларни  бағрида сақлай оладиган айвонлар муҳим кўмакчи бўлаётир. Шу билан бир қаторда махсус қуруқ ва сувли қудуқларни  зарядлаш машиналари олиб келиниши, кимёвий моддаларни ташиш ва юклаш учун махсус автомашиналарнинг узлуксиз занжири ҳам ишлаб-чиқариш ҳажмини ошириш, вақт тежалиши, иқтисодий самарадорликка эришиш имконини бермоқда.

Участка ишчи-ходимлари нафақат ишда балки турли спорт  мусобақаларида ҳам фаол. Айниқса, Сирожиддин Ҳақбердиев, Маъруфжон Маматов, Музаффар Муродов каби ходимларнинг  футболда  эришаётган натижалари алоҳида эътирофга сазовор.

-Ҳар соҳанинг фидойилари бўлганидек учаскамизда ҳам узоқ йиллардан бери фаолият юритиб, кўплаб шогирдларга устозлик қилган  бугунги кунда меҳнати ортидан қадр топган Манарбек Мирзабаев, Айбек Мектепов, НасирТаганиязов, Толиб Худойбердиев, Серик Бадыков сингари устозлардан биз соҳанинг сир - асрорларини  пухта ўрганиб келмоқдамиз. Сафимида улардек устозларниг борлиги бизнинг ютуғимиз дейди, -  портлатиш участкаси бошлиғи ўринбосари Фаррух Шаропов. 

 Ҳушёрликни, жасоратни сабр-тоқатни матонатни ўзларида мужассам қилган порлатувчиларимизга саломат бўлинг, деб қоламиз.

 

Нилуфар РЎЗИЕВА,

ШКБ маънавий-маърифий ишлар бўйича инспектори.

    Бугунги рақобат шароитида Навоий КМК Шимолий кон бошқармасида ихтирочилик ва рационализаторлик йўналишлари бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу аслида рағбатнинг,  эътиборнинг натижаси десак муболаға бўлмайди. Кончилик ва металлургиядек оғир саноатда ихтирочилигу, таклиф бериб бирор бир нарсани ўзгартириш жуда мураккаб жараён. Бироқ, изланувчан, янгиликка интилувчи ходимлар ойлар, йиллар давомида ўз ишланмаларини гоҳ қоғоз, гоҳ темирда синовлардан ўтказиб, натижага эришмоқдалар.

    Ихтирочи ва рационализатор ёшлар ва мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида ҳар йили  “Навоий кон металлургия комбинати” АЖда “Энг яхши ихтирочи”, “Энг яхши ёш рационализатор”, “Энг яхши инновацион ғоя ва рационализаторлик таклифи” кўрик-танловлари ўтказилади.  Ана шу танловга муносиб номзодларни  тайёрлаш мақсадида ШКБ нинг  барча бўлинмаларида  ёш рационализаторлар клублари, цехларда тўгараклар ташкил этилган.  Бунинг натижасида  корхонада 2023 йилнинг ўзида кончилик, олтин ажратиб олиш технологияси, механика, энергетика, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ҳамда информацион-коммуникацион технологиялар йўналишлари бўйича  80 та рационализаторлик таклифлари ишлаб чиқилиб, улар тўлиқ ишлаб чиқаришга жорий этилди. Бу таклифлардан корхона  2023 йилнинг ўзида  42 млрд. сўмлик иқтисодий самарадорликка эришди.

 - Бошқарманинг таркибий бўлинмаларида техник ва технологик қайта жиҳозлаш доимий  амалга оширилмоқда, уларсиз мавжуд асбоб-ускуналарнинг кейинги ишлаши ва уларга хизмат кўрсатишнинг имкони йўқ -дейди ишлаб чиқариш-техника ва инновацион бўлими бошлиғи Фаррух Абдимўминов.  - Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва ишчи-ходимлар  меҳнатини осонлаштириш мақсадида инновацион ғояларга асосланган ҳолда янги технологиялар ва илмий ишланмалар устида изланмоқдамиз.  Бу эса тажриба билан бирга илмни талаб қилади.  Ҳозирда   “IntegraRu",  "O‘zgeorangmetliti" каби корхоналар,  республикамиздаги  илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари   мутахассислари билан биргаликда 12 та мавзу бўйича илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш имкони яратилди.  Аслида комбинат олимларнинг тадқиқотлари натижаларини амалда синаш учун катта полигон. Ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий қилиш, илмий-техник лойиҳаларни шакллантиришда ҳамкорлик ўз самарасини беради.

Жамшид  Холбеков: - Назорат ўлчов автоматикаси ва меъёрлаш лабораториясида  бошлиқ ўринбосари сифатида фаолият юритади. У 2023 йилда  иш жараёнида  ШКБ бўлинмаларида электр қурилмаларини автоматик тарзда бошқариш ва стабил ишлаши учун бошқарув шкафларини яратиш эҳтиёжи  борлигини ўрганиб чиқди.Аслида электр дивигателларини  автоматик бошқариб туриш ишлаб чиқариш бўлинмаларида  режадан ташқари тўхтаб қолишнинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.

- Ушбу муаммони ечиш учун, мутахассисларимиз билан биргаликда электр қурилмалари учун бошқарув шкафларини ўзимизда ишлаб чиқиш мумкинлиги исботладик. –дейди  Жамшид  Холбеков. – Энг асосийси ушбу бошқарув шкафларини ясаш учун  барча керакли эҳтиёт қисмлар, материалларини, корпус қисми билан  ўзимизнинг давлатдан анча арзонга топишимиз мумкин. Қўшни мамлакатлардан  олинаётган ушбу бошқарув шкафлари  шу кунгача  корхонага 54 млн  сўм маблағ ҳисобига   сотиб олинарди. Буюртма берилгандан сўнг тайёрлаш учун жуда узоқ вақт сарфланиши, шкафларни олиб келиш учун транспорт харажатлари ҳисоблаганда яна таннарх ошиб кетарди.  Энг ёмони  айрим ҳолларда шкафларнинг электр схемасида камчиликлар кузатилар  бу эса ишлаб чиқаришда ўз салбий таъсирини ўтказмай қолмайди, албатта. Бизнинг таклифимиз бўйича  ишлаб чиқилаётган бир дона шундай бошқарув шкафи учун эҳтиёт қисмлари  20-25 млн сўмни ташкил қилади.

ШКБнинг ушбу бошқарув шкафларга бўлган ўртача эҳтиёжини 40 дона деб олсак ҳар шкафдан 25 млн сўм атрофида иқтисод қилинса, 40 дона бошқарув шкафидан 1млрд сўм атрофидаги пул маблағлари иқтисод қилинишига эришилади.  

Лайло КАРИМОВА


    Жорий йил 22 декабр санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев
Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида 9 та йўналиш бўйича ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурдилар. Ана шу тўққизинчи йўналишнинг бири театр санъатини ривожлантиришга қаратилган.
Улуғ маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр ибратхонадир”, деб бежиз айтмаган, саҳна асарлари инсонга ойна кабидир, театр шахснинг ижобий фазилати ё салбий қусурларини кўз ўнгида жонлантириб, тафаккур этиш учун айни муддао. Ёш авлодни яхшиликка чақириш, эзгу ишлар қилишга чорлаш, ватанпарварлик туйғуларини тарбиялашда театрнинг ўрни беқиёс. Навоий КМК бўлинмаларида Акбар Ҳакимовнинг “Ипак империялари” номли тарихий асари асосида намойиш этилган спектакль Шимолий кон бошқармаси ходимларини тарих қатида қолиб кетган асрорлардан бохабар этди, десам янглишмаган бўламан. Сабаби, пилла қуртининг тарихи, унинг улкан фидокорлик ва ватнапарварлик қудрати орқали бизнинг ўлкаларга кириб келгани тўғрисида ҳаммада ҳам етарли маълумот йўқ.
Бундан ташқари, томошабинларнинг, айниқса, ёшларнинг кўпчилиги пилла қуртини кўрмаган. Мен кабиларда эса болалик хотираларини уйғотиб юборган бўлса ажабмас. Спектакл болалигимга бориб келиш учун қўлимга билет тутқазди гўё! Йўлкирага пул сарфламай, соатлаб уловда юрмай, таътил олмай, минг километр масофани босиб, Наманганга бориб келдим.
...8-9 ёшлардаги бўйи дароз, жудаям озғингина қизман, пакана сўкичак
(пилла қурти учун тахталардан тайёрланган сўри) тагида букри кампирдек букчайиб, момиқ-момиқ, оппоқлигидан томирлари кўриниб турган, худди икки нуқта қўйилгандек митти кўзли, пружинага ўхшаш қуртларни терарканман, ерга тушганларини босиб олмаслик учун жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланаман. Бу пайтда юқорида тут баргини чайнаётган бошқа қуртларнинг емак товушларини эшитиш завқли: “шиииишшшш”!
Сўкичак орасидан бирор қурт бўйнимга тушиб завқимни бузмаса бўлди! Қуртларни теришга-ку қўрқувим йўқ, аммо бўйнимга тушгани худди илондек сескантиради одамни. Эгилиб-букчайиб кафтимга тўлдириб чиққан пилла қуртларини ўртоқларим орасига отаману кўчага югураман. Қуртлар боқилаётган хона печка тафтидан иссиққина бўлгани учун ташқарига чиқиб жунжикаман. Шумлигим тутиб яшириб олиб чиққан бир-иккита қуртчага бурчакда тут баргини тутаман. Аррадек тишларида баргни қандай ейишига қизиқаман. Қайсар қурт биланг-биланг қилиб баргдан бошини олиб қочади, болалик қизиқишларим бу беозор махлуқчанинг қайдан келиб қолганини билиш учун барглари ейилиб, ялонғочланиб қолган тут новдаларини боғлам-боғлам қилаётган катталарнинг олдига мени етаклайди.
Маҳалламиз кирди-чиқди маҳалла эмас, берк кўча. Сумалаклар, тўйлар, иссиғу совуқ йиғинларда ҳамма бир-бирига кўмак беришга шошилади. Мана, ҳозир ҳам қурт маҳали. Кўпчилик уйларда шу юмуш. Маҳалламизнинг катта-кичик болалари кимнинг уйида қурт боқилаётган бўлса, ўша уйларда қурт теришга ёрдам беради, бу ҳам завқли, ҳам раҳмат эшитишнинг гашти ўзгача! Бошида, бу оппоқ мавжудотлар майда-майда қора рангли, худди носдек юмалоқ шаклда бўлади. Боқувчиларга қутиларда тарқатилади. Граммлаб ўлчанган қоравойлар аввал майда қутиларда, кейин бир сўкичак-икки сўкичак бўлиб кўпайиб, тут баргларини еган сайин кунлар давомида оқариб, семираверадилар. Кейинчалик, даҳак (уйқу)ка тушиб, ундан сўнг пилла ўраб, капалакка айланадилар.
Уларнинг турган-битгани фойда! Тут дарахти ҳам биз томонларга шу қурт сабаб келтириб ўтқазилган бўлса керак, деб ўйлайман. Тутнинг сояси қалин, меваси мўл ва ширин, қурт истеъмолидан кейинги новдалари қуруққина ўтин бўлади, қолган чиқиндиси эса ерга ўғит. Айтишларича, пилла қурти уруғини олиб келиш осон бўлмаган экан. Бир туркий паҳлавон мўйсафид суратида Хитойга бориб, ҳассасининг ичини ўйиб, катта машаққату азоблар билан пилла қурти уруғини асога жойлаб, Ватанга олиб келган. Бу эшитганимиз тилдаги афсона холос. Тарихий ва илмий ёндошувлар эса талайгина!

“Учқудуқ” маданият уйи. Тарихий асарни саҳналаштирган самимий чеҳрали Комила хоним кўриниш бериб, асарнинг аҳамияти, спектаклда бўладиган жараёнлар, ипак қуртининг юртимизга келтирилиши тўғрисида қисқача изоҳ келтириб ўтди.
Спектакль бошланди. Узумлари сўритокка туташтирилган, шинам ва кўркам ўзбек ҳовлиси. Набираси билан варрак ясаётган бобо. Момо учун совғага олинган атлас ва ана шу атлас баҳона сўзланган ипак ўтмиши! Тарих ва бугун, видеоматериал ва айни пайтдаги жонли саҳна уйғун театр! Декорациялар, безаклар, кийим-кечаклар симфонияси, даврлар ва давлатлар орасидаги мутаносиблик ажиб тарзда ифодаланган. Бу улуғвор иш ортидаги меҳнат ва харж залвори анчайин! Биз билмаган, ўқиб улгурмаган тарихий ҳақиқатлар кўрсатилган. Ипакнинг ипак бўлгунига қадар босиб ўтган қонли ва суронли умри, қадимлик бозорида унинг олтин ва кумуш каби маъданлардан кам бўлмаган қиймати. Хитойнинг энг махфий маҳсулотини туркий ўғлон Сарак томонидан йиллар мобайнида ўрганилгани, Ватани иқтисодиётида муҳим ўрин эгаллаши мумкин бўлган ипак қуртини олиб келиш учун ширин жонини тиккани каби воқеалар кўз олдимизда жонли тарзда содир бўлди.
Моҳирона ижро беихтиёр сизни ўз даврига – милоддан аввалги асрларга элтади. Спектакл пилла қурти тўғрисидаги асл ҳақиқатни англаш учун айни муддао бўлди. Хулоса эса, қайси пайт, қай замонлар бўлмасин, фидокорларгина элнинг улуғвор мақсад ва орзуларини амалга оширишга эришадилар!
Спекталкл тугади, бироқ мен ҳамон унинг ичидаман. Сарак ботирни излайман. Унга гул беришим керак! Кўксида арслони борлиги учун ҳам гул беришим керак!
Икки кун илҳақ бўлганим, номиёқ юракни алланечук ўртаб юборадиган, азал тарихдан сўзловчи ажиб спектакль атмосферасидаман ҳамон. Тарих ва бугун орасида кезиб юрган руҳиятимга: “Саноатимизга қалби ёмбидек ярқираган Сараклар нақадар зарур...”, дея пичирлайман.

Нилуфар МУЙДИНОВА,
ШКБ мутахассиси, газетанинг жамоатчи мухбири.


      Мен бугун ҳамма қатори Алишер Навоийга таъриф беришдан узоқлашиб, унинг сиймосига ўз чизгиларимни чизгим ва уни ўз қарашларим билан гавдалантиргим келди. Алишер Навоий деганда ёки бирор жойда у киши ҳақида сўз кетганда, аввало кўз ўнгимизда салла ва яктак кийган одми кўринишдаги, соч-соқоли ва қошларига оқ аралашган, кўзлари маъюсроқ кўринсада, фақатгина эзгулик йўлида хизмат қилиш каби маъно англатувчи нигоҳлари узоқ-узоқларни кўзлаётган, сиймо гавдаланади, гарчи биз у киши билан замондош бўлмасакда.
Бу сиймо бизнинг онг-онгимизга сингиб кетган. Қаерда бу суратга кўзлар қадалса, уни дарҳол таниймиз. Чунки бу улуғ даҳони боғчадаёқ танитишади. Нега шундай? Чунки, у кишининг ўзи яшаган давр ҳаётига мазмун қўшганлиги, фақат эзгулик сари интилгани, халқ дарди билан яшагани, маънавий бойлик тарафдори эканлиги, илмсизлик - зулматда қолиб кетишдек даҳшатли эканлиги, айни даврдаги ўз нафсингни қондириш билан боғлиқ ҳаракатларинг маъносиз яшаш эканлиги, бироқ қилган яхшиликларинг ила асрлар давомида ўша замон одамлари билан ҳамнафас, маслакдош бўлиб яшашинг мумкинлигини англатувчи қарашлари биз учун катта мактабдир.
       Дунё тамаддунида юксак баҳо берилган Навоий ижодининг биз биладиган бор йўғи бир-икки ғазал, рубоий ва фардларининг ўзида қанчалик катта тарбиявий дастур мужассамки, бутун ҳаётимизни яхшилик сари ўзгартирадиган хулосалар яширин. Сизга икки мисралик фардни эслатаман.
Мурувват барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмоқдур, демак йўқ.
Хулоса ўзингиздан. Балки Навоийдек бир неча асрлар давомида боқий яшолмасакда, ҳеч бўлмаганда яқинларимиз, қўни-қўшнилар, ҳамкасблар ва атрофдагиларимиз орасида энг эзгу фикр-мулоҳазалар билдирилишига эришиш мумкиндир…


Дилором САЛИМОВА,
ШКБ 3-сонли ГМЗ маънавий-маърифий
ишлар бўйича инспектори.

Ассалому алайкум, азиз ёшлар!
Хурматли тадбир иштирокчилари!

Ҳар йил февралнинг дастлабки 15 кунида қайноқ меҳр билан икки байрамни нишонлаймиз. Бу байрамларнинг бири 9 февралда туркий халқ-ларнинг фахри – “шамсу-л-миллат”и, жаҳон адабиёти хази-насини ўзининг ҳассос шеърлари, буюк “Хамса”си билан бойитган Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳамда 14 февраль – туркий адабиётнинг яна бир забардаст вакили, чин маънодаги сўз заргари, “Бобурнома”дек маҳобатли асар муал-лифи, Алишер Навоийни устозим, деб улуғлаган Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун...

Навоий ва Бобур ижоди туркий адабиётнинг энг ёрқин саҳифаларини ташкил қилади. Бу икки буюк ижодкор 42 йил фарқи билан бир-бирига замондош бўлган. Мумтоз адабиётимиз тарихида бу икки улуғ сиймо ижодини ўрганиш орқали чинакам инсон ҳаёти қандай бўлиши кераклиги ҳақида етарлича тасав-вурга эга бўламиз. Аслида, бу икки зот ижоди ўзга-ўзга олам, аммо уларни бирлаштириб тургувчи нозик нуқта бор, бу – туркий тилда шеър, сўз айта олиш, турий тил нафосатини кўз-кўз қилиш санъати...

Боболаримизнинг бетакрор асарлари-ни ўқиб, улар ижоди сокин оқаётган дарё тубидаги қудратли ғалаён каби битмас-туганмас тафуккур уммонидан терилган маъно дурларидек бебаҳо хазина эканли-гини ҳис этасиз. Улар ёзиб қолдирган асарлар кўнгилларга шу қадар яқинки, худди ўртада беш юз йиллик масофа йўқдек, бугун ёзилгандек актуал.  

Алишер Навоийнинг чуқур инсон-парвар ғоялар ила йўғрилган ижоди руҳиятимизга қувват берса, Заҳириддин Муҳаммад Бобур шеърларидаги исён, шахсиятидаги қатъийлик қалбларимиз-даги ватанга бўлган муҳаббат учқун-ларини алангалатиб юборади.

Она тилимизга муҳаббат, унинг қан-чалик қадрлилигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу шууримиз, юрагимизга ав-вало улуғ бобомиз Навоий асарлари билан кириб келади. Ўз ижодий меросида 26 мингдан ортиқ сўз бойлигидан фой-даланган бобомиз  мана олти асрдан ошибдики, асарларидаги чуқур маъно-моҳиятнинг кенг кўламлиги ва назмий меросидаги фасоҳат денгизининг бепоён-лиги билан жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келади. 

Алишер Навоийнинг туркий халқлар маънавияти хазинасига қўшган ҳиссаси беқиёс. У зот яратган шоҳ асарлари инсо-ният рухий-маънавий дунёси намоянда-лари Жалолиддин Румий, Ҳофиз Шеро-зий, Данте, Вильям Шекспир, Лев Толс-тойлар ижод намуналари билан бир сафда туради. Баъзи ўринларда Алишер Навоий асарларидаги юксак ғоялар ифодаси “классик” дея эътироф этилган Ғарб адиб-лариникидан устунроқ эканлигига гувоҳ бўламиз. 

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам ғойибона Навоийни ўзига устоз билиб, у билан учрашишни орзу қилган. Мактуб-лари орқали ўзининг дастлабки шеърий машқларини Навоийга жўнатиб турган. 1500 йилда Самарқандда пайтида Навоий-дан мактуб олгани ҳақида “Бобурнома”да хабар беради. Шубҳасиз, Мирзо Бобур ўзбек мумтоз адабиётида Ҳазрат Алишер Навоийдан кейинги энг улуғ сиймодир. 

Тақдир тақазоси билан тоғдек юкни зиммасига олган бобомизнинг ҳаёт йўли ҳавас ва хатарларга тўла кечган бўлишига қарамай, ўзини, ўзлигини, иймонини бус-бутун сақлаб қолиши чин маънода авлод-лар учун ибрат мактаби бўлиб қолажак. 

Бобур Мирзонинг ҳинд заминида салтанат ҳукмдори сифатида амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари беҳисоб. У яратган ўлмас маданий ёдгорликлар ҳанузгача жаҳон халқлари-нинг бебаҳо маданий мерослари сифатида эътироф этилади. 

Навоий туркий тил асосида бетакрор боғ яратиб, дунё аҳлини ҳайратга солган бўлса, Бобур шу туркий назм гулшани-даги бепоён боғни чин маънода бўстонга айлантирди. Навоий яратган жами 34 асарнинг ҳар бири ҳақида юзлаб тадқи-қотлар қилинган, Бобур ҳақида дунё олимлари турли жанрда 12 мингдан зиёд катта-кичик асарлар ёзган.

Асарларида, сатрларида ватанни қандай севиш мумкинлигини Ҳазрат Али-шер Навоий ҳам, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам бизга мерос ўлароқ қолдириб кетди. Уларнинг ҳаёти қаерда кечмасин – мусофирчиликдами, сафардами... ўз сўз-лари ва меҳри билан қалбларида Ватан ярата олган беназир зотлардир. Улар босиб ўтган йўл чин маънода ибрат ва абадият йўлидир...

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Азиз ёшлар!

 Бу икки зотнинг асрлар давомида ўз жозибаси ва маънавий қийматини йўқот-май келаётган адабий меросини асраб-авайлаш, чуқур ўрганиш ва ёд этиш барчамизнинг вазифамиздир. Зеро, ҳазрат Навоий айтганларидек: “Оламдан ғамсиз ўтай десанг, илм-у ҳунар ўрган”.

Бу йўлда сизларга улкан зафар ва муваффақиятлар тилаб қоламан.       
 Эътиборингиз учун ташаккур!

Қурувчилар кўчаси 1-уй ёнидан совуқ сув трубасидаги носозлик тузатилганига қадар бугун соат 10.00дан -15.00га қадар сув узатилиши тўхтатилади.

"Иссиқлик манбаи" ДУК

     Навоий замонасининг энг буюк ахлоқшуноси эди. Умри давомида шоир кўп замондошларига мактублар йўллаган. Кейинчалик уларнинг барини йиғиб, муаллифнинг ўзи “Муншаот” номли тўплам тузди. “Муншаот”га 88 та мактуб киритилган. Бироқ улар айнан кимга йўллангани айтилмайди. Мутахассислар номалар мазмунидан келиб чиқиб,унинг кимга жўнатилганини аниқлашга ҳаракат қиладилар. Хатларнинг бир қисми, аниқки, темурий
мирзолар, жумладан, Ҳусайн Бойқаро ва унинг
ўғилларига битилган.
Ҳукмдорга ёзган мактубларининг аксариятида шоир панд-насиҳат айтишни канда қилмайди.Панд-насиҳатларнинг асосий йўналиши эса ҳукмдорни шариат қоидаларига, бугунги тушунчалар
билан айтганда, қонунга амал қилишга қаратилган.Давлатчилик тартиби ва унда қонунийлик масаласида “Муншаот”даги 55-мактуб алоҳида ажралиб туради. Ундаги бугунги давлатчилигимиз билан боғлиқ бир жиҳат, айниқса, диққатга сазовор. Бу бошқа мамлакатлардан келган савдогарлардан закот солиғи олиш масаласи. Навоий таъкидлайдики: “Закотни шаръ ва ҳукм йўсуни била закотчилар алардин мустахлас қилсалар. Закотчилар ишидан тавочи моҳ-бамоҳ, балки ҳафта баҳафта вуқуф топиб, арзға еткурсалар. Жузвий жарима қилғанини куллий сиёсат қилилса, бок йўқ-дур, то бу овоза олам олам мамоликига ёйилса,тужжорнинг ружуъи кўпрак бўлса”. Навоий четдан келган савдогарлардан солиқ олмаслик тарафдори. Чунки улар кўпроқ бу ерга келиб савдо қилишга интилсин. Агар закотчи кичик бир хатога йўл қўйса ҳам, унга катта жазо берилсин, токи бунинг овозаси бутун оламга ёйилсин-да, хорижий савдогарларнинг бу мамлакатга интилиши кўпаяверсин.
Шу насиҳатларини ўқир экансиз, Навоийнинг буюк давлатшунос, улуғ иқтисодчи эканига ҳам ишонасиз. Давлат ва иқтисод ривожида эса назоратнинг, яъники қонунчиликнинг аҳамиятини ҳам у жуда
тўғри кўрсатади.

 

Шахло Нурмуродова

Учқудуқ туман Касб хунар мактаби
Она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси

     

      Yangi qurilayotgan korxonalarda har bir qurilish matеriali o`ziga xos xossalarga ega. Matеriallarning tarkibi, strukturasi va holatining o`zgarishi bilan uning qurilish va tеxnologik xossalari xam o`zgaradi. Qurilish matеriallarining xossalari turg`un bo`lmay, ular fizik, mеxanik va kimyoviy jarayonlar ta'sirida o`zgarib turadi. Qurilish matеriallarining xossalarini sinash ishlari maxsus asbob hamda uskunalar bilan jixozlangan laboratoriyalarda yoki dala sharoitida GOSTlarda ko`rsatilgan usullar asosida o`tkaziladi.

Qurilish matеriallari vazifasi bo`yicha 5ta gruhga bo`linadi.

  1. Dеvor ko`tarish uchun mo`ljallangan qurilish matеriallari bular (g`isht, yog`och, tеmir bеton va boshqalar).
  2. Qovushtiruvchi qurilish matеriallari bular( sеmеnt, oxak, gips, va boshqalar) bular g`isht tеrish uchun va qum suvoq uchun ishlatiladi.
  3. Issiqlik ximoya qiluvchi qurilish matеriallari (oyna, vanna, minеral, paxta, pеnoplast, va boshqalar).
  4. Pardozlovchi va jixozlovchi qurilish matеriallari (tosh, jismlar, sopol plitalar, har xil turdagi plastikalar, linolium va boshqalar).
  5. Chordoqli va chordoqsiz tomlarni qoplash va gidroizolyatsiya bilan ishlov bеruvchi matеriallari bular tol, rubеroid, tеmir tunika, asbеs sеmеnt, shifеr, chеripitsa. Yong`inlarda havoda kеskin kislorod yutish sodir bo`ladi. Shuning uchun bir qismi matеrial kislorod еtmagan holda yonadi. «quruq xaydash» sodir bo`lib, har xil suyuq, qattiq va gazsimon maxsulotlar hosil qiladi. Masalan yog`och chala yonganda, ko`mir (qattiq modda), korbonat kislota, uglеrod oksidi, mеtan va boshqa uglеvodorod (gazlar) hosil bo`ladi. Chala yonish maxsulotlari odam xayoti uchun xavfli, ayniqsa uglеrod oksidi juda kuchli zaxarlovchi moddadir.

   

Hurmatli ishchi va xizmatchilar, sizlardan yangi qurilayotgan qurilishlarda, yong`in xavfsizligi qoidalariga, hamda qurilish qoidalariga rioya etishingizni so`raymiz.

 

ShKB OYoXTTEB P va NB inspektorlari

                                                                             O.E.Hikmatov va I.F.Qilichev

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: