LOTIN-КИРИЛЛ

Reglament

УЧҚУДУҚ ТУМАН ҲОКИМЛИГИНИНГ
РЕГЛАМЕНТИ


1. Умумий қоидалар.
1.Туман ҳокимлиги аппаратининг тузилмаси.
2. Туман ҳокимлиги аппаратининг таркибий бўлинмалари.
3. Туман ҳокимлиги аппарати ишини режалаштириш.
4. Туман ҳокимлигида асосий йиғилишлар ва тадбирларни ўтказиш тартиби.
5. Туман ҳокимлигига келган Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбскистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари. қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг қарор ва Фармойишлари билан ишлаш.
6. Ҳокимлик аппарати хизматида фойдаланадиган ҳужжатлар билан ишлаш.
7. Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш, расмийлаштириш ва тарқатиш.
8.Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларининг экспертизаси.
9. Фуқарорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда фуқароларни қабул қилиш.
10. Мукофотлаш бўйича ҳужжатларнинг тайёрлаш тартиби.
11. Ҳокимлик аппаратида ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш.
12. Корпоратив компьютер тармоғи ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш.
13. Туман ҳокимлиги томонидан назорат ваколатларининг амалга оширилиши.
14. Халқ депуталари туман Кенгаши сессияларини тайёрлаш ва ўтказиш.
15. Туман фаоллар йиғилишларини ўтказиш тартиби.
16. Туман ҳокимлик соати йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш.
17. Туман ҳокимлиги аппарат йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш.
18. Туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар ва бошқа ишчи органлар ишини ташкил этиш.
19. Туман ҳокимлиги қабулхонасида навбатчиликни ташкил этиш.


2. Умумий қоидалар.
• 1. Ушбу Регламент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 100, 101 моддалари, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январдаги 12 сонли “Ижро интизомини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори талаблари асосида туман ҳокимлигининг фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.
2. Туман ҳокимлиги туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифаларини амалга оширилишини, туманда Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарор, фармойишлари, вилоят ҳокимининг қарор, фармойишлари, халқ, депутатлари туман Кенгаши қарорлари ҳамда туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари, баённомалари, топшириқлари ижросини таъминлайди.
3. Давлат бошқаруви органларининг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат-нотижорат ташкилотлар билан алоқаларини мувофиқлаштиради.
4. Туман ҳокимлиги ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, вилоят ҳокимлиги ҳамда халқ депутатлари туман Кенгаши олдида ҳисобот беради.
5. Туман ҳокимлиги ваколатларининг амалга оширилиши туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туман ҳокимлигининг доимий комиссиялари, тегишли қарорлар билан ташкил этилган бошқа ишчи органларнинг ҳамда туман ҳокимлиги аппаратининг ташкилий-амалий иши билан таъминланади.
6. Туман ҳокимлиги фаолияти туман ҳокими томонидан ташкил этилади.
Туман ҳокими қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатлар доирасида ҳудуддаги барча органлар, корхона ва ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар чиқаради.
Туман ҳокимининг меъёрий тусдаги ёки муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжатлари қарор шаклида қабул қилинади.
7. Туман ҳокимининг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлари фармойиш шаклида қабул қилинади.
8. Туман ҳокимлиги аппарати ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги 140 сонли қарори билан тасдиқланган “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси вилоятлари, шаҳарлари ва туманлари ҳокимликлари аппаратларида иш юритииш ва ҳужжатлар ижросини назорат қилишни ташкил этиш бўйича йўриқнома” ҳамда ушбу регламентга амал қилади.
9. Махфий ҳужжатлар билан ишлаш тартиби махсус йўриқномалар билан белгиланади. Фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятлари бўйича иш юритиш «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида амалга оширилади.
10. Ҳокимлик аппаратининг умумий бўлими туман ҳокими кўрсатмасига биноан ҳокимлик аппарати ходимларини Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ҳамда ҳокимликка келган бошқа меъёрий ҳужжатлар ҳамда мазкур регламент билан таништиради.


3 .Туман ҳокимлиги аппаратининг тузилмаси.
1. Туман ҳокимлиги аппаратига ҳоким раҳбарлик қилади. Ҳоким Оʻзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган миқдорда биринчи оʻринбосар ва оʻринбосарларга эга боʻлади.
Туман ҳокими оʻринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар.
2. Туман ҳокимлиги аппарати ҳоким томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган намунавий тузилма асосида халқ депутатлари туман Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида шакллантирилади.


4. Туман ҳокимлиги аппаратининг таркибий бўлинмалари.
1. Туман ҳокимлиги аппарати ҳоким ўринбосарлари, гуруҳлар, бўлимлар сингари таркибий бўлинмалардан иборат бўлади. Ушбу бўлинмалар фаолияти уларнинг раҳбарлари томонидан туман ҳокими қарори билан тасдиқланган Низомлар асосида ташкил этилади.
Туман ҳокимлиги аппарати:
-соҳалар ва ҳудудда ўтказилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан ишлаб чиқилган мақсадли дастурларнинг амалда бажарилишини таъминлайди;
-ҳокимлик муҳокамасига киритилаётган ҳужжатлар лойиҳаларини белгиланган муддатда ишлаб чиқилишини ташкил қилади. Юқори ташкилотлар ҳамда ҳоким қарор ва фармойишларининг маҳаллий бошқарув органлари ҳамда идоралари томонидан ўз вақтида бажарилишини таъминлайди ва назоратини ташкил қилади;
-бўлимлар ваколатига таъллуқли бўлган масалалар бўйича таҳлилий ҳужжатларни тайёрлайди ва ҳокимликка тушган ахборот, таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштиради.
2. Ижрочи қилиб бир неча ходим кўрсатилган тақдирда, исми шарифи биринчи бўлиб кўрсатилган масъул ходим ижро учун жавобгар ҳисобланади.
3. Ҳокимлик аппаратининг бўлим ва комплекси раҳбарлари ўз бўлинмаларидаги ҳужжатларнинг ўтиши ва ижроси ҳақида ҳар ойлик маълумотларни тайёрлайдилар. Ҳокимликнинг ҳужжатларини номенклатурага асосан архивга топшириш учун тақдим этадилар.
4. Туман ҳокимлиги аппарати бўлинмалари фаолиятига туман ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари раҳбарлик қилади. Уларнинг ички аппарат ва ҳужжатлар билан ишлаш борасидаги фаолияти ташкилий-назорат гуруҳи томонидан мувофиқлаштириб борилади.


5. Туман ҳокимлиги аппарати ишини режалаштириш.
1. Туман ҳокимлиги аппарати фаолияти ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг истиқболга ва бир йилга мўлжалланган мақсадли дастурлари асосида тузиладиган бир йиллик иш юналишлари, чораклик ва ойлик иш режалари ҳамда туман ҳокими қарори билан тасдиқланадиган асосий тадбирлар жадвалига мувофиқ олиб борилади.
2. Туман ҳокимлиги иш режасида қуйидаги масалалар кўзда тутилади:
-Ўзбекистан Республикаси Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, вилоят ҳокими қарорлари ва фармойишлари, халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокими қарор ва фармойишлари ижросини ташкил этиш ва назоратини амалга ошириш;
-Давлат дастурлари ҳамда туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш бўйича қабул қилинган мақсадли дастурлар ижросини ташкил этиш;
-туманда иқтисодий ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилиш;
-туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар, кенгашлар ва ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш ва мажлисларини ўтказиш;
-туман ҳокимлик соати мажлисларини ўтказиш;
-назорат ва ижро;
-фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш;
-кадрлар билан ишлаш (раҳбарлик лавозимларига кадрлар тайёрлаш ва эҳтиёж асосида мутахассис кадрлар тайёрлаш);
3. Туман ҳокими ўринбосарлари ва ҳокимлик аппарати бўлинмалари ўз иш фаолиятларини тегишли соҳа бўйича тузилган, туман ҳокими томонидан тасдиқланган ярим йиллик асосий иш йўналишлари ҳамда чораклик ва ойлик иш режалари асосида ташкил этадилар.
4. Асосий иш йўналишлари ва тадбирлар жадвалидан келиб чиқиб, чораклик иш режасига киритиладиган асосий масалалар рўйхатини назарда тутган ҳолда ҳоким ўринбосарлари ўз мажмуалари бўйича чораклик иш режаларини тузадилар. Шунингдек, ҳар бир бўлимлар ҳам ўз иш фаолиятларини ойлик ёки чораклик иш режалари асосида амалга оширадилар.
5. Ҳоким ўринбосарлари ҳамда ҳокимлик аппарати бўлинмаларининг иш режаларидан келиб чиқиб, умумий бўлим томонидан туманда бир ойлик асосий тадбирлар дастури тузилади ва у туман ҳокими томонидан тасдиқланади.
Бўлим бошлиқлари, бош мутахассисларнинг ойлик иш режалари буйсунуви асосида ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари томонидан тасдиқланади. Мутахассисларнинг иш режалари тегишли бўлинма раҳбари томонидан тасдиқланади.
6. Иш режаларининг бажарилиши мониторинги ойнинг якунида ташкилий-назорат гуруҳи ва умумий бўлим томонидан ўтказилиб, туман ҳокимлиги аппарати йиғилиши муҳокамасига киритилади.
7. Туман ҳокимлигида асосий йиғилишлар ва тадбирларни
ўтказиш тартиби.
Туман ҳокими раҳбарлигида қуйидаги асосий йиғилиш ва тадбирлар тасдиқланган жадвал асосида ўтказилади.
8. Туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш ва ислоҳотларнинг боришини баҳолашга бағишланган, ҳар бир чорак ва йил якунлари бўйича ўтказиладиган туман фаоллари йиғилиши туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид масалаларнинг тезкор муҳокамасига бағишланган, ҳар ойнинг охирги сешанба кунида ўтказиладиган ҳокимлик соати йиғилиши.
9. Ҳар ойнинг учинчи жума куни ўтказиладиган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилиши.
10. Ҳар чоракда ўтказиладиган Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман комиссиясининг йиғилиши.
11. Ҳар чоракда ўтказиладиган корхоналарнинг молиявий иқтисодий аҳволини барқарорлаштириш, иқтисодий ночор, паст рентабелли корхоналарни аниқлаш ва уларни соғломлаштириш, таркибий ўзгартириш ёки тугатиш асосида самарали рақобатга қодир бўлган ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича тегишли туман ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи Кенгаш йиғилишлари.
12. Ҳар чоракда ўтказиладиган «Маънавият ва маърифат» Кенгаши йиғилиши.
13. Ҳар ойнинг биринчи жума куни «Маънавият ва маърифат куни» тадбирлари.
14. Ҳар чоракда ўтказиладиган топономик объектларга ном бериш туман комиссияси йиғилиши.
15. Ҳар ойнинг биринчи, иккинчи ва учинчи сешанба кунлари ҳокимлик аппарати йиғилиши.
16. Туман ҳокимининг йил якунлари бўйича меҳнат жамоаларида ва ҳар ойда маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида учрашувлари ўтказилади. Ҳоким томонидан ҳар жума куни фуқаролар қабул қилинади.
17. Ҳоким ўринбосарлари, мажмуа раҳбарлари ўз соҳалари бўйича йиғилишларни ва ўзлари раҳбарлик қилаётган комиссия ва ишчи гуруҳлар йиғилишларини юқоридагилардан келиб чиқиб режалаштирадилар.
18. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган мақсадли дастурлар ижросини ташкил этиш бўйича тузилган ишчи гуруҳлар ҳар ой якунлари бўйича ўз йиғилишларини ўтказадилар.
Ушбу йиғилишлар соат 7.00 дан кейин ўтказилади.
19. Асосий тадбирлар, кенгашлар ва ишчи гуруҳларнинг йиғилишлари унга раҳбарлик қилувчи томонидан ҳудудларда сайёр тарзда ўтказилиши ҳам мумкин.
20. Асосий тадбирларни тайёрлаш ишлари туман ҳокимлигининг тегишли бўлинмалари томонидан амалга оширилади ва мувофиқлаштириш ишлари умумий бўлим ва ҳоким ёрдамчиси зиммаларига юклатилади. Сайёр тадбирларни тайёрлаш учун масъулият тегишли бўлинма ва ҳудуд раҳбари зиммасига юклатилади.
5. Туман ҳокимлигига келган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг қарор ва фармойишлари билан ишлаш.
1. Ҳокимликка келган Президент Фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси ва вилоят ҳокимининг қарор ҳамда фармойишлари умумий бўлим томонидан рўйхатга олингандан сўнг 30 дақиқа мобайнида туман ҳокими, у бўлмаган ҳолларда ҳоким томонидан ваколат берилган ўринбосарга танишиш ҳамда кўрсатма (резолюция) қўйиш учун киритилади.
2. Туман ҳокимининг кўрсатмасига биноан ушбу ҳужжатлар 30 дақиқа мобайнида умумий бўлим ёки ҳоким ёрдамчиси орқали ижрочига етказилади.
3. Тегишли мажмуа ўзининг бўлинмалари билан биргаликда қарор ва фармойишда бошка муддат кўрсатилмаган бўлса, икки кунлик муддат ичида ҳужжатнинг ижросини таъминлаш мақсадида ҳоким қарори ёки бир кунлик муддатда фармойиш лойиҳасини тайёрлаб, белгиланган тартибда тегишли масъулларнинг визалари тўплангандан сўнг умумий бўлимга тақдим этади. Ҳужжат лойиҳаси ҳоким ёрдамчиси орқали туман ҳокимига имзо учун киритилади.


6. Ҳокимлик аппарати хизматида фойдаланадиган ҳужжатлар билан ишлаш.
Туман ҳокимлиги аппаратида ҳужжатлар билан ишлаш ушбу регламент асосида олиб борилади.
1. Туман ҳокимлиги аппаратига келадиган барча ҳужжатларни умумий бўлим қабул қилиб олади ва уларни компьютер дастурида рўйхатдан ўтказади. Келган ҳужжатларга туман ҳокимлигида қабул қилинган йил, кун, ой ҳамда тартиб рақами ёзилади. Умумий бўлим ҳужжатларни тушган куниёқ, уларнинг моҳияти ва мазмунига кўра туман ҳокимига, унинг ўринбосарлари, тегишли бўлим раҳбарларига танишиш ҳамда кўрсатма бериш учун 30 дақиқалик муҳлатда тақдим этади.
2. Ҳоким топшириқлари бўлган ҳужжатларга назорат карточкаси тўлдирилади ва назоратга олингандан кейин тегишли идораларга ёки мансабдор шахсларга умумий бўлим орқали ижро этиш учун юборилади. Бўлинмалар томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳам умумий бўлимдан рўйхатдан ўтказилиши шарт.
3. Туман ҳокимлигига келиб тушадиган барча махфий бўлмаган хат-хабарлар умумий бўлим томонидан, ишдан ташқари вақтларда эса масъул навбатчи ёки ҳоким ёрдамчиси томонидан қабул қилиб олинади, улар навбатчиликдан сўнг хат-хабарларни умумий бўлимга топширишга мажбурдирлар. Хат-хабарларни бевосита бўлимларда қабул қилиб олишга рухсат этилмайди
4. Кадрлар масалалари бўйича келган ҳужжатлар ташкилий-назорат гуруҳида рўйхатга олинади ва ушбу ҳужжатлар билан «Туман ҳокимлигида кадрлар билан ишлаш тартиби» асосида иш олиб борилади.
5. Ҳужжатларни ҳокимлик аппарати ходимлари ўртасида бир-бирига ўтказиш умумий бўлим орқали амалга оширилади. Туман ҳокимлиги аппаратида ҳужжатлар айланишини таъминлаш, уларнинг тезкорлигига эришиш хокимликда ўрнатилган компьютер локал тармоғи тизими орқали амалга оширилади.
6. Юқори органлардан келган ҳужжатларга ижро этиш учун юборилишидан олдин «Қайтарилиши лозим» белгиси қўйилади. Қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар ижро этилгач, сақлаш учун ижрочи томонидан умумий бўлимга топширилади. Назорат карточкаларида ҳамда компьютер дастурида мавжуд бўлган варақага ижрочи томонидан бажарилган ишлар қайд этилади, қайтарилмайдиган ҳужжатлар эса йиғма жилдлар рўйхатига мувофиқ гуруҳ ва бўлимларда сақланади ҳамда икки йил муддат ўтгандан сўнг архивга топширилади.
7. Юқори ташкилотлардан келган ҳуқуқий кучга эга бўлган барча меъёрий ҳужжатлар ва Қонун лойиҳалари танишиш учун тегишли ходимлар билан бир қаторда ҳуқуқшуносга киритилади. Келгусида бу ҳужжатларга юқори ташкилотлар томонидан киритиладиган барча қўшимча ва ўзгартиришлар ҳуқуқшунос томонидан ўз вақтида белгиланиб борилади.
8. Ҳокимлик аппаратидан чиқадиган ҳужжатлар ижрочиларнинг визалари ҳамда раҳбариятнинг имзосидан сўнг, тегишли ижрочиларга жўнатилиши қайд этилган буюртма (реестр) билан бирга соат 16 00 га қадар умумий бўлимга топширилади. (тегишли ҳоким ўринбосари, гуруҳ, раҳбари ва бўлим мудири имзоси билан).
9. Бошқарув лавозимларига номзодлар тавсия этиш бўйича туман ҳокимлигидан чиқадиган хатлар ташкилий-назорат гуруҳида алоҳида рўйхатдан ўтказилади ва нусхаси гуруҳ раҳбарида сақланади.
10. Ҳужжатлардан нусха олиш фақатгина туман ҳокимининг ёзма розилиги билан амалга оширилади. Туман ҳокимлиги фаолиятига тегишли бўлмаган ҳужжатлардан нусха олиб кўпайтириш қатъиян таъқиқланади.
11. Ахборот ва маълумотнома тусидаги ёзма ахборотлар, маълумотномалар ва бошқа ҳужжатлар ижро этувчилар томонидан визаланади ва тегишли хизматлар томонидан имзоланади. Юқори ташкилотларга юбориладиган хизмат хатлари ҳоким ўринбосарлари томонидан унинг нусха варағининг пастки қисмида ўнг томонидан визаланади ва ҳокимнинг имзоси қўйилади. Ҳужжатларнинг тўғрилиги учун масъулият умумий бўлим мудири зиммасига юкланади.
12. Ҳокимлик аппарати умумий бўлим мудири хокимликнинг муҳр, тамға ва бланкаларнинг сақланиши ҳамда улардан фойдаланиш учун масъул шахс ҳисобланади, ушбу анжомлар махсус ажратилган хонада белгиланган тартибда сақланади.
13. Умумий бўлим мудири хизмат ҳужжатларининг белгиланган тартибдаги ҳаракатини таъминлайди, ҳокимлик аппаратида ҳужжатлар билан ишлашнинг ҳолатини ҳар ойда таҳлил этади ва туман ҳокимига ахборот беради.
14. Йўриқномага асосан махфий ҳужжатлар иш юритишини мустақил олиб боради ва хизмат доирасида фойдаланиш учун ҳамда ҳукумат телеграммаларини расмийлаштириш, ижросини таьминлаш, ижрочиларга тўғри ва белгиланган тартиб асосида етказиш ҳамда сақланиши учун шахсан жавобгардир.
15. Лавозмлар номенклатурасига асосан туман ҳокимлиги масъул ходимларини ҳамда туман ҳокимлиги ходимига махфий ҳужжатлар билан ишлашга рухсатнома олиш учун ҳужжатларни тайёрлайди ва 26 шаклни МХХ бўлими орқали расмийлаштиради.


7. Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш. расмийлаштириш ва тарқатиш
а) Қарор ва фармойиш лойихалапининг тайрёланишини ташкил этиш.
Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари ҳоким томонидан, у бўлмаган ҳолларда имзо қўйиш ваколатига эга бўлган ҳокимнинг биринчи ўринбосари ёки ҳоким белгилаган ўринбосар томонидан имзоланади.
Қарор ва фармойиш лойиҳалари, туман ҳокимлиги бош мутахассислари, аппаратнинг бўлим ва гуруҳлари томонидан бир нусхада тайёрланади.
б) Иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари, давлат бошқарувининг бошқа соҳаларига доир қарор ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлашга тегишли тармоқлар ва бошқарув соҳаларининг ҳолати ва ривожланиши учун масъул бўлган идоралар жалб этилади.
в) Норматив хусусиятига эга бўлган қарор лойиҳасини тайёрлаш учун қоида тариқасида комиссия тузилиши ҳамда лойиҳани тайёрлашга манфаатдор давлат органлари, илмий муассасалар ва айрим фуқаролар жалб этилиши мумкин.
Қарор ва фармойиш лойиҳасида мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда муҳокама қилинадиган масалаларга тўлиқ баҳо берилиши, амалдаги қонунчиликка мос бўлиши, чуқур таҳлил қилиниб, аҳвол объектив равишда талқин қилинмоғи лозим. Таклифларда муаммони ҳал қилиш бўйича аниқ масалалар ва тадбирлар давлат тилида баён этилиши, ижрочилар томонидан бажарилишини, шунингдек, қарор ва фармойишларни тўлиқ ижро этилшининг аниқ муддатлари ва назоратга олувчи шахсга кўрсатилмоғи зарур.
г) Қарор ва фармойишлар лойиҳалари, уни тайёрловчи бош мутахассис, тегишли ҳоким ўринбосарлари, мазкур ҳужжатни бажариш билан боғлиқ бўлган барча ташкилотлар раҳбарлари, ҳуқуқшунос томонидан визаланиши лозим. Қарор ва фармойишга иловалар, уни тайёрловчи ходим томонидан имзоланади, тегишлилигига қараб туман ҳокими ўринбосари визаси олинади. Қарор ва фармойиш лойиҳасига визалар ҳужжатнинг охирги бетида ўнг томонида мавзудан бўш жойда қўйилиб, фамилияси, лавозими ва имзо чеккан вақти кўрсатилиши лозим. Қарор, фармойиш лойиҳаси ёки унинг алоҳида бандлари тўғрисида бошқача фикрлар бўлса, уларни асословчи маълумотнома тақдим қилинади. Қарор ва фармойиш лойиҳасига ушбу ҳужжатни тарқатиш варақаси тегишли ҳоким ўринбосари имзоси билан илова қилинади. Барча визалар қўйилган қарор ёки фармойиш лойиҳаси умумий бўлим томонидан кўриб чиқилгандан кейин ҳоким ёрдамчиси орқали туман ҳокимига имзо учун киритилади.
е). Лойиҳада ҳуқуқий актларни қабул қилиниши учун асос боʻладиган барча меъёрий ва тегишли-ҳужжатлар илова қилинган бўлиши лозим.
Ҳуқуқшунос ҳужжатларни атрофлича таҳлил қилгач, ҳуқуқий баҳо берган ҳолда ўз визасини қўяди ёки қайта ишлаш учун юборилади.
ж). Халқ депутаталари туман Кенгашида тасдиқланиши назарда тутилган туман ҳокими қарорлари лойиҳаларини тайёрлаш Кенгашнинг тегишли доимий комиссиялари билан ҳамкорликда амалга оширилади.


8.Туман ҳокимининг қарор ва фармоишлари лойихаларининг экспертизаси.
1. Туман ҳокимининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг юридик экспертизаси вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади. Лойиҳа сифатига баҳо бериш учун ҳужжат бошқа хил (иқтисодий, молиявий, илмий-техникавий, экология ва ўзга) экспертизадан ҳам ўтказилиши мумкин. Экспертлар сифатида тегишли лойиҳани тайёрлашда илгари бевосита иштирок этмаган ташкилотлар ва шахслар жалб этилади.
2. Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари мазмунига нисбатан қўйиладиган талаблар қарор ва фармойишлар лойиҳалари матни лўнда, оддий ва равон тилда баён этилади. Ҳужжатда фойдаланиладиган тушунчалар ва атамалар уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларида қабул қилинган мазмунига мувофиқ, турлича шарҳлаш имкониятини истисно сўзлар ва иборалар, мажозий таққослашлар, сифатлашлар қўлланилишига йўл қўйилмайди.
3. Ҳужжат лойиҳасида уни амалга оширишнинг ҳуқуқий воситалари, шу жумладан молиялаштириш манбалари ва назорат қилиш чора-тадбирлари кўрсатилиши мумкин.
4. Қарор ва фармойиш лойиҳаларида кўрсатмалар тартиб рақамга эга бўлган бандлар тарзида баён этилади. Бандлар хатбошиларга бўлиниши мумкин.
5. Янги қарор қабул қилинганлиги муносабати билан илгари шу масала бўйича қабул килинган қарорларга ўзгартиришлар ёки қўшимчалар киритилади.
6. Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари реквизитлари.
Қарор ва фармойишлар қуйидаги реквизитларга эга бўлади:
-ҳужжатнинг тури ва номи (қарор ёки фармойиш);
-ҳужжат қабул қилинган жой, сана ва ҳужжат рақами;
-ҳужжатни имзо қўйиб тасдиқлашга расман ваколати бўлган шахснинг-туман ҳокимининг фамилияси, лавозими ва имзоси
7.Туман ҳокимининг қарор ва фармойишларини расмийлаштириш.
Туман ҳокими томонидан имзоланган қарор ва фармойишларни умумий бўлим мудири ҳоким ёрдамчисидан қабул килиб олади. Бўлимнинг бош мутахассиси имзоланган қарорларга сана қўяди ва рўйхатга олади. Қарор ва фармойишлар, агар ушбу ҳужжатларда бошқа муддатлар белгиланмаган бўлса, имзоланган вақтдан бошлаб кучга киради.
8. Рўйхатга олинган қарор ва фармойишларга уларнинг бажарилишини таъминлаш юзасидан гуруҳ ва бўлимлар томонидан 3 кунлик муддатда назорат режаси тузилади ва ҳоким томонидан тасдиқланади.
9. Туман ҳокимининг қарор ва фариойишларини тарқатиш
Расмийлаштирилган қарор ва фармойишлар тегишли ҳоким ўринбосари, бўлим ёки гуруҳ раҳбарининг имзоси билан тайёрланган тарқатиш варақаси билан биргаликда умумий бўлим мудири томонидан қабул килиб олинади ва кўпайтириш учуй топшириқ берилади.
10. Интизомий жазо чораси қўллаш тўғрисидаги қарор ва фармойишлар нусхаси умумий бўлим томонидан ташкилий-назорат гуруҳига берилади, гуруҳ томонидан бундай қарор ва фармойишлар кадрларнинг йиғма жилдига тикиб борилади ва умумлаштирилади.
11. Туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари «Учқудуқ» газетасида эълон қилиниши, телевидение ва радио орқали эшиттирилиши мумкин. Ҳужжат расман эълон қилинганда унинг барча реквизитлари кўрсатилади.


9. Фуқарорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда фуқароларни қабул қилиш
1. Туман ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг оғзаки ёки ёзма шаклдаги ариза, таклиф ва шикоятлари билан ишлаш ҳамда фуқароларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикасининг «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ти Қонуни ҳамда туман ҳокимининг қарори билан тасдиқланган» Учқудуқ туман ҳокимлигида фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва уларни қабул қилиш тартиби" асосида амалга оширилади.
2. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш учун масъулият туман ҳокими ўринбосарлари, умумий бўлим, гуруҳ раҳбарлари ва бош мутахассислар зиммасига юкланади.
3. Туман ҳокимлигида фуқаролар туман ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппаратининг бўлим ва гуруҳ раҳбарлари томонидан фуқароларни қабул килиш хонасида қабул қилинади. Фуқароларни қабул қилиш туман ҳокими қарори билан тасдиқланган жадвал асосида амалга оширилади. Қабул жадвали фуқаролар эътиборига етказилади.
4. Туман ҳокими ва ҳоким ўринбосарлари томонидан фуқаролар ҳудудларда махсус жадвал асосида сайёр қабул қилинади.
5. Ҳар бир фуқаронинг қабулидан сўнг қабул варақалари расмийлаштирилади. Унда қабул қилинган фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, аниқ истиқомат жойи, мурожаатнинг қисқача мазмуни ёзиб қўйилади. Қабул варақаси умумий бўлимда рўйхатдан ўтказилади. Қабулда кўтарилган муаммони ҳал этиш учун тегишли ижрочиларга юборилади ва унинг назорати ҳокимлик аппаратининг тегишли бўлинмаси ва умумий бўлим раҳбарлари томонидан назорат қилинади.
6. Фуқароларни қабул қилишни ташкил этиш учун масъулият туман ҳокими ёрдамчиси зиммасига юклатилади.
7. Туман ҳокими номига келган ариза, таклиф ва шикоятлар умумий бўлимнинг бош мутахассиси томонидан рўйхатга олинади ҳоким ёрдамчиси орқали туман ҳокимига кўриб чиқиш учун киритилади.
8. Туман ҳокими томонидан мурожаатни ўрганиш бўйича берилган топшириқ умумий бўлим томонидан тегишли ижрочиларга етказилади ва унинг бажарилиши назоратга олинади.
9. Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқиш учун туман ҳокими ёки ушбу мурожаат кўриб чиқиш учун юборилган ҳоким ўринбосари томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилиши мумкин.
10. Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.
11. Ариза ва шикоятлар туман ҳокимлигига тушган кунидан эътиборан бир ойгача булган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ва шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.
12. Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа зарур-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати туман ҳокими томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади. Туман ҳокимлигига қабулга келган фуқароларга мурожаатлари бўйича ўша пайтда тушунтириш берилади, масаланинг моҳиятига қараб унинг кўриб чиқилиши натижалари тўғрисида мурожаат муалифларига ёзма хабар берилиши ҳам мумкин.
13. Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
14. Фуқароларнинг мурожаатларида қўйилган масалаларни ҳал этиш туман ҳокимлигининг ваколатига кирмайдиган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқароларга хабар қилинади.
15. Умумий бўлим ҳар ой якунлари бўйича туман ҳокимлигига Фуқаролардан келган мурожаатларни умумлаштиради ва уларни мазмуни бўйича таҳлил қилади. Таҳлилий ҳужжатлар туман ҳокимлиги соати ва аппарат йиғилишлари муҳокамасига киритилади.


10. Мукофотлаш бўйича ҳужжатларни тайёрлаш тартиби.
1. Мукофатлаш бўйича ҳужжатларнинг тайёрлаш тартиби «Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Низом асосида амалга оширилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари билан тақдирлашга номзодларни тавсия этиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
-мукофотга тавсия этилаётган шахснинг паспорти нусхаси, унинг меҳнат фаолияти тўғрисида варақа (2 дона 4х6 ўлчамидаги фотосурат билан), жамоат ташкилоти, меҳнат жамоасининг йиғилиши баённомаси, корхона раҳбарияти томонидан берилган тасвифнома ҳамда тасдиқланган шаклдаги мукофот варақаси белгиланган тартибда ва талаб даражасида тўлдириб, мукофот топширилиши лозим бўлган муддатдан уч ой илгари вилоят ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳига тақдим этилади;
-мукофотга тавсия этилган номзодлар туман ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳи томонидан туман ҳокимининг тегишли ўринбосарлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилади ва хулосалар вилоят ҳокимига такдим этилади.
3. Мукофотга тақдим этилган номзодлар тўғрисидаги барча маълумотлар ҳокимлик тизимида жорий «Мукофот» компьютер дастурига киритилади.
4. Туман ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофотлари билан тақдирланганлар рўйхатини юритади.
5. Туман ҳокимлигининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирлаш учун корхона, ташкилот, муассаса ёки жамоат ташкилотлари томонидан туман ҳокимига такдимнома киритилиб, ушбу такдимномага Фахрий ёрлиқ билан тақдирлашга тавсия этилган номзодга берилган, корхона раҳбари ва касаба уюшмаси қўмитаси раиси томонидан имзоланган тавсифнома илова қилинади. Туман ҳокимлиги аппаратининг тегишли бўлим ёки гуруҳи томонидан тақдим этилган шахснинг хизматлари ўрганиб чиқилгандан сўнг туман ҳокимининг қарори лойиҳаси ҳамда тасдиқланган шаклдаги Фахрий ёрлиқ тайёрланади ва имзолашга киритилади.
6. Туман ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳи Давлат мукофотлари, вилоят ҳокимлиги Фахрий ёрлиғи ҳамда туман ҳокимлиги фахрий ёрлиғи билан такдирланганлар ҳисобини юритади.


11. Ҳокимлик аппаратида ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш.
1. Ҳокимлик аппарати ҳужжатлари йиғма жилдлари номенклатураси умумий бўлим томонидан ишлаб чиқилади ва ҳоким томонидан тасдиқланади.
2. Ҳужжатлар йиғма жилдлари номенклатураси ҳокимлик аппаратининг вазифаси ва тузилмаси тубдан ўзгарган тақдирда, аммо беш йилда камида бир марта қайта тузилиш ва қайта тасдиқланиши лозим.
3. Ҳужжатлар йиғма жилдларни номенклатурасига ҳокимлик фаолиятини акс эттирувчи барча ҳужжатлар йиғма жилдлари, маълумотнома, шахсий ҳужжатлар, доимий ва вқактинчалик коиссиялар ҳужжатлари ҳамда жамоат ташкилотларининг ҳужжатлари йиғма жилдлари киради.
4. Ҳужжатлар йиғма жилдларини шакллантиришда қуйидаги умумий қоидаларга риоя килиниши шарт:
-йиғма жилдга фақат бажарилган тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни солиш;
-битта масалани хал этишга доир барча ҳужжатларни битга йиғма жилдга солиш;
-иловаларни асосий ҳужжатлар билан жойлаштириш; (йиғма жилдда бир календар йил ҳужжатларини кўрикдан кейинги йилга ўтадиган йиғма жилдлар бундан мустасно)
-сақлаш муддатлари доимий ва вақтинча бўлган ҳужжатларни йиғма жилдда алоҳида гуруҳлаш.
5. Йиғма жилдда қайтарилиши лозим бўлган ҳужжатлар, ҳужжатларнинг ортиқча бўлган нусхалари, қўлёзмалар тўпланмаслиги лозим.
6. Туман ҳокимлиги аппарати ташкилий-назорат гуруҳида туман ҳокимлиги тасарруфига киритилган лавозимлардаги тадбирларнинг шахсий ҳужжатлар йиғма жилдлари шакллантирилади ва сақланади.
7. Туман ҳокими қарори билан тасдиқланган жилдларда жамланадиган рўйхат асосида иш олиб борилади.
8. Кадрларнинг йиғма жилдларидаги ҳужжатлари билан танишиш туман ҳокими ёки ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари рухсати билан амалга оширилади. Йиғма жидлардаги ҳужжатлар заруратга караб «Кадр-4» компьютер дастурига ҳам киритилади.
9. Тугалланган ҳужжатлар йиғма жилдлари икки йил мобайнида хизматда фойдаланиш учун аппаратнинг бўлимларида сақланади.
10. Сақланадиган йиғма жилдлар архивга рўйхат бўйича топширилади. Ҳокимлик архивига топширилиши лозим бўлган ҳужжатлар йиғма жилдлари тартибга солиниши давлат архиви ходимлари томонидан ҳокимлик билан тузилган шартномага мувофиқ амалга оширилади.
11. Ходим ишдан бўшаган ёки бошқа ишга ўтганда унинг меҳнат фаолиятига тегишли барча ҳужжатлар йиғма жилдлари таркибий бўлинма раҳбари ёки лавозимига тайинланган ходимга далолатнома асосида умумий бўлим масъул ходими иштирокида топширилади.
12. Маъул ходим ишдан бушагандан илгари олинган барча меъёрий ҳужжатларни (иш тартиби, иш юритиш бўйича йўриқнома ва бошқалари) умумий бўлимга топширилиши шарт.
13. Умумий бўлимда туман ҳокимлигига келган барча ҳужжатлар сақланади.


12. Корпоратив компютер тармоғи ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш.
14. Туман ҳокимлигида компютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 8 июлдаги «Ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўрисида»ги ПҚ-117 сонли Қарори талаблари асосида амалга оширилади.
15. Туман ҳокимлигининг ички ва ташқи ҳужжат алмашинувида электрон шаклда алмашиниладиган ҳужжатларнинг улуши барқарор ўсиб боради.
16. Алмашиниладиган электрон ҳужжатлар электрон рақамли имзо билан тасдиқланганда, Ўзбекистон Республикасининг «Электрон имзо тўғрисида»ги Қонунига асосан тўла ҳуқуқий кучга эга булади.
17. Ҳокимлик аппаратида барча масъул ходимларига замонавий компютер ва бошқа зарур жиҳозлар бириктирилади. Масъул ходим ўзига бириктирилган асосий воситалардан тўғри фойдаланилиши ва уларнинг сақланиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.
18. Туман ҳокимлигининг барча масъул ходимларига интернет тармоғи, корпоратив компьютер тармоғи, ички ва ташқи электрон почта хизмати ҳамда компьютер марказининг малакали техник хизматидан фойдаланиш имконияти яратиб берилади.
19. Туман ҳокимлигида барча масъул ходимлар учун туман ҳокими томонидан тасдиқланган ўқув режаси асосида доимий равишдаги «Компьютер саводхонлиги» ўқувлари ўтказиб борилади.
20. Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга оид маълумотлар махсус компьютер дастурлари ва корпоратив компьютер тармоғи воситасида туман ҳокимлиги серверида тўпланади, таҳлил қилинади ва улар асосида тегишли чора тадбирлар белгиланади.
21. Туман ҳокимлиги томонидан қабул қилинган барча ҳужжатлар электрон кўринишда махсус «Ҳужжатлар банки» дастурида умумий бўлим томонидан тўплаб борилади. Ҳужжатни имзога киритган масъул ходим имзоланган ҳужжатнинг электрон нусхасини «Ҳужжатлар банки» дастурига киритиш учун умумий бўлимга тақдим этиш шарт.
22. Кадрлар тўғрисидаги маълумотлар базаси ташкилий-назорат гуруҳи компьютерида сақланади ва танишиш учун асос бўлган тақдирда туман ҳокими розилиги билан компьютерга киришга рухсат берилади.
23. Масъул ходимнинг эътиборсизлиги ёки бошқа айби билан унга бириктирилган компьютер техникасига жиддий зарар етказилганда, етказилган зарар масъул ходимнинг ҳисобидан қопланади.


13. Туман ҳокимлиги томонидан назорат ваколатларининг амалга оширилиши
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, вилоят ҳокими ва туман ҳокимининг қарор ва фармойишлари бажарилишини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 январ 12 сон қарорида белгиланган тартибда хамда Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 августдаги 13 5-4 сонли Тартиби асосида амалга оширилади.
2. Туман ҳокимлиги аппаратида ижроси назоратга олинадиган ҳужжатлар:
Ўзбекистон Республикаси Қонунлари;
Ўзбекистон Республикаси Президента Фармонлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармойишлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони баённомалари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти девони топшириқлари (ёзма ва оғзаки);
Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталари қарорлари;
Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслахатчиларининг топшириқлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, фармойишлари;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари баёни, топшириқлари;
Халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари қарорлари;
Вилоят ва туман ҳокими қарор ва фармойишлари;
Туман фаоллар йиғилишлари, ҳокимлик соатлари йиғилишлари ва ҳоким раҳбарлигида ўтказиладиган мажлислар баённомалари;
Туман ҳокими топшириклари (ёзма ёки оғзаки)
Туман ҳокими ўринбосарларининг топшириқлари;
Аппарат йиғилишлари баённомалари:
Иш юритиш бўйича йўриқномада белгиланадиган бошқа ҳужжатлар;
3. Ҳужжатларнинг кўрсатиб ўтилган турлари бажарилиши бўйича ишларни ташкил этиш туман ҳокимлиги аппарати, корхоналар раҳбарлари, тегишли таркибий бўлинмалар томонидан амалга оширилади.
4. Ижроси таъминланиши шарт бўлган ҳар бир ҳуқуқий ҳужжатнинг назорати, тегишли бўлим ёки гуруҳлар томонидан алоҳида йиғма жилдда олиб борилади. Ушбу йиғма жилдда:
-ҳужжатларнинг бажарилишини ва назорат қилинишини ташкил этиш;
-туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва устувор масалалари, шунингдек, узоқ даврга мўлжалланган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ишлаб чиқиш ва ҳаётга тадбиқ этиш;
-тасдиқланган муддатларда тегишли таркибий боʻлинмалар, мансабдор шахслар ва ходимлар томонидан амалий чора-тадбирларни амалга ошириш;
-бажарилишини туман ҳокимлиги бўлим ва гуруҳларида, бевосита корхона ва ташкилотларда мақсадли ўрганиш ҳамда туман ҳокимлиги йиғилишларига муҳокама қилиш учун киритиш;
-туман ҳокимлиги, бевосита корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг айтиб ўтилган ҳужжатларни ижросини таъминлаш юзасидан қабул қилинган ўз қарорларининг бажарилиши юзасидан мониторинг ўтказиш бўйича ҳужжатлар жамланади.
5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларида, Вазирлар Маҳкамасининг, вилоят ва туман ҳокимининг қарор ва фармойишларида қўйилган вазифаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилишини таъминламаган раҳбарлар, мансабдор шахслар ва ходимларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда шахсий жавобгарлик чоралари кўрилади.
6. Назоратга олинган ҳужжатларнинг бажарилиши тўғрисидаги якуний ахборот назоратдан чиқариш ёки муддатини узайтириш таклифи билан туман ҳокимига имзо учун киритилади.
7. Назоратга олинган қарор ва фармойишларни назоратдан чиқариш тегишли қарор ва фармойиш билан амалга оширилади.
8. Назоратга олинган ҳужжатларнинг ижро муддатлари ва бажарилиши тўғрисида умумий бўлим ҳар ой таҳлилий маълумот тайёрлаб, туман ҳокимига тақдим этади.
9. Махфий ҳужжатлар бўйича иш юритиш ва топшириқларнинг ўз вақтида ижросини таъминлаш ҳуқуқшунос томонидан амалга оширилади.
10. Назоратдан чиқарилган ҳужжатларнинг йиғма жилди умумий бўлимга топширилади.


14. Халқ депуталари туман Кенгаши сессияларини тайёрлаш ва ўтказиш.
1. Туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг муҳим масалалари бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг сессиялари иш-режасига биноан, йилида камида 4 марта ҳоким томонидан чақирилади.
2. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш бўйича вилоят ва туман Кенгашларининг қўшма мажлиси Марказий сайлов комиссисининг қарори билан чақирилади ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисида Низом» асосида ўтказилади.
3. Сессияни чақириш тўғрисидаги қарорда депутатлар сессия очилишидан камида 7 кун олдин хабардор қилинади. Сессия, шунингдек халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари камида 3 дан 2 қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Кенгашнинг фаолияти ўзининг иш тартибига мувофиқ ташкил этилади.
4. Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари туман Кенгаши томонидан тузилади. Уларнинг фаолияти туман Кенгаши томонидан тасдиқланган Низом асосида амалга оширилади.
5. Сессия ҳужжатлари белгиланган кун тартибига мувофиқ Халқ депутатлари туман Кенгашининг доимий комиссиялари ва сессияни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи томонидан ташкилий-назорат гуруҳи ёрдамида тайёрланади. Барча ҳужжатлар сессиядан 5 кун олдин Кенгаш раиси, туман ҳокимига такдим килиниши шарт.
6. Ташкилий-назорат гуруҳи Кенгашнинг доимий комиссиялари билан биргаликда сессияни тайёрлаш ва ўтказиш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, қатнашчилар таркибини аниқлайди ва рўйхатини тузади.
7. Барча тадбирлар туман ҳокими томонидан тасдиқланади ва ишчи гуруҳ томонидан мувофиқлаштирилади.
8. Халқ депутатлари туман Кенгашининг ҳар бир сессиясида баённома юритилади. Баённома сессия котиби ҳамда Кенгаш раиси томонидан имзолангандан сўнг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади, сўнгра эса доимий сақлаш учун архивга топширилади.
10. Кенгаш қарорлари 10 кунлик муддатдан кечиктирилмай доимий комиссияларга, ҳокимлик бўлинмаларига, давлат бошқаруви органларига тарқатилади.
11. Халқ депутатлари туман Кенгаши қарорларини ижро этилиши юзасидан назорат тегишли доимий комиссия томонидан амалга оширилади ва унинг натижалари хусусида кейинги сессияда ахборот бериб борилади.


15. Туман фаоллар йиғилишларини ўтказиш тартиби.
1. Фаоллар йиғилиши туман иқтисодиёти ва ижтимоий ҳаётига тааллуқли турли масалалар бўйича туман ҳокимлигининг иш-режасига асосан ҳамда туман ҳокими ёки унинг ўринбосарлари таклифига биноан ёки вилоят ҳокимлиги топшириғи асосида ўтказилади.
2. Фаоллар йиғилишини тайёрлаш ва ўтказиш билан боғлиқ тадбирлар туман ҳокими томонидан тасдиқланади.
3. Туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг чорак ва йил якунлари бўйича фаоллар йиғилишлари ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари мажмуи томонидан ҳокимлик аппаратининг тегишли мутахассислари жалб этилган ҳолда тайёрланади. Ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари мажмуи йиғилишни ўтказиш ва тайёрлаш бўйича тадбирларни ишлаб чиқади, қатнашчилар миқдорини аниқлайди ва бошқа тегишли ҳужжатларни (кун тартиби, таҳлилий ҳужжатлар, баён лойихалари) тайёрлайди.
4. Туман ижтимоий-сиёсий ҳаётининг бошқа долзарб масалалар бўйича ўтказиладиган фаоллар йиғилишлари тегишли ҳоким ўринбосарлари томонидан ташкилий-назорат гуруҳи билан ҳамкорликда тайёрланади ва барча ҳужжатлар 5 кун олдин туман ҳокимига тақдим қилинади.
5. Фаоллар йиғилиши баёни иқтисод бўлими томонидан тайёрланади ва туман ҳокими томонидан тасдиқлангандан сўнг расмийлаштириш учун умумий бўлимга топширилади. Умумий бўлим баённи рўйхатга олади, унга тартиб рақами беради. Йиғилиш баёнининг назорат-режаси тузилиб, ҳоким томонидан тасдиқланади.
6. Фаоллар йиғилиш баёнининг ижроси бўйича мониторинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан олиб борилади.
7. Туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи фаоллар йиғилиши ўтказилиши учун зарур шарт-шароитларни яратилишини таъминлайди.


16. Туман ҳокимлик соати йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш
1. Туманнинг ижтимоий-сиёсий иқтисодий ҳаётидаги муҳим ва долзарб масалаларни муҳокама қилиш, мавжуд муаммоларни тезлик билан ҳал қилиш, кейинги ойдаги вазифаларни белгилаш мақсадида туман ҳокимлик соати йиғилиши ўтказилади. Йиғилишга туман ҳокими раислик қилади. Ҳоким соати ҳар ойнинг охирги ҳафтасида ўтказилади.
2. Ҳоким соати йиғилишига қуйидаги масалалар қоида тариқасида киритилади:
-туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ойлик якунлари ва келгуси
ойдаги вазифалар;
-Ўзбекистон Республикаси Қонунлари, Президент Фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва ҳукумат қарорлари ижросининг ҳолати;
-тармоқларда иқтисодий ислоҳотларнинг бориши;
-фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг ойлик таҳлили;
-назорат ва ижронинг холати;
-кадрлар масалалари;
-долзарб масалалар;
3. Ҳоким соати йиғилиши кун тартиби йиғилиш ўтказилишидан 10 кун олдин умумий бўлим мудири томонидан тайёрланиб ижрочиларга етказилади.
4. Ҳоким соати йиғилишларига масалаларни тайёрлаш туман ҳокими ўринбосарлари, туман ҳокимлиги аппарати ходимлари томонидан амалга оширилади. Зарур ҳолларда масалаларни тайёрлаш учун туман ҳокими томонидан комиссиялар ташкил этилиши мумкин. Ҳоким соати йиғилиши муҳокамасига киритиладиган масалалар бўйича ҳужжатлар йиғилишдан 5 кун олдин туман ҳокимига тақдим этилади.
5. Ҳоким соати йиғилиши иштирокчилари ҳоким томонидан белгиланади. Қўшимча таклиф қилинадиганлар рўйхати 5 кун олдин бўлим ва гуруҳлар томонидан умумий бўлимга тақдим қилинади.
6. Ҳоким соати йиғилишига соҳалар бўйича иштирокчиларни таклиф қилиш ҳоким ёрдамчиси томонидан амалга оширилади.
7. Йиғилишни ташкилий техник томонидан таъминлаш ташкилий-назорат гуруҳи томонидан амалга оширилади.
8. Йиғилиш баёни умумий бўлим мудири томонидан расмийлаштирилади, 1 кунлик муддатда имзолаш учун туман ҳокимига тақдим этилади. Тасдиқланган баён 2 кунлик муддатда барча ижрочиларга етказилади.
9. Йиғилиш баёнлари ижросининг назорати умумий бўлим томонидан амалга оширилади. Умумий бўлим мудири навбатдаги ҳоким соатида олдинги йиғилишда берилгаи топширикларнинг ижроси тўғрисида ахборот киритади.


17. Туман ҳокимлиги аппарат йиғилишини ташкил этиш ва ўтказиш
1. Туман ҳокимлиги аппарати йиғилиши туман ҳокими томонидан ҳар ойда уч маротаба ўтказилади. Йиғилишда аппаратнинг 20 кунлик фаолиятига якун ясалади ва келгуси вазифалар белгиланади.
2. Аппарат йиғилиши кун тартиби тасдиқланган иш режага асосан белгиланади. Йиғилишда қоида тариқасида қуйидаги масалалар муҳокама этилади:
-иш режаларда белгиланган тадбирларнинг ижроси;
-ижро интизомининг аҳволи;
-фуқароларнинг мурожаати билан ишлашнинг ҳолати-кадрлар билан ишлашнинг ҳолати;
3. Аппарат йиғилишида ҳокимлик томонидан ўтказиладиган тадбирлар, мажлислар, қабул қилинадиган қарорлар, йиғилиш баёнлари ва бошқа таҳлилий материалларни тайёрлаш, қабул қилинган қарорлар ва берилган топшириқларнинг ижросини назорат қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Ҳоким ўринбосарлари ва мутахассисларининг ҳисоботлари эшитилади. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинади.
4. Аппарат йиғилишининг баёни умумий бўлим томонидан юритилади ва йиғилишдан сўнг 1 кунлик муддатда имзолаш учун туман ҳокимига тақдим этилади. Баён ҳоким томонидан тасдиқлангандан сўнг 1 кунлик муддатда туман ҳокимлик аппаратининг барча таркибий бўлинмаларига етказилади.
5. Аппарат йиғилишида берилган топшириқлар умумий бўлим томонидан назорат қилинади ва мониторинги юритилади. Ижроси тўғрисидаги ахборот келгуси аппарат йиғилиши муҳокамасига киритилади.


18. Туман ҳокимлиги ҳузуридаги комиссиялар ва бошқа ишчи органлар ишини ташкил этиш
6. Туман ҳокими қарор ва фармойишларини ҳаётга тадбиқ этишга кўмаклашиш, давлат бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида туман ҳокимлиги ҳузурида комиссиялар ва бошқа ишчи органлар (Кенгаш, ишчи гуруҳ) тузилиши мумкин. Комиссиялар ва бошка ишчи органлар таркиби туман ҳокими қарори билан тасдиқланади.
7. Тузиладиган комиссиялар ва бошқа ишчи органларнинг ҳуқуқий мақоми, ваколатлари ва вазифалари ҳоким қарорида ёки ушбу қарор билан тасдиқланадиган Низомларда белгиланади.
8. Туман ҳокимлиги хузуридаги комиссиялар ҳамда ишчи органларнинг асосий иш шакли мажлис бўлиб ҳисобланади. Мажлисда комиссиялар ва ишчи органлар фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилади. Мажлис ҳужжатлари баёнлар билан расмийлаштирилади ва тегишли ижрочиларга етказилади. Кўрсатиб ўтилган комиссиялар ва ишчи органларнинг мажлис баёнлари уларга бошчилик қилаётган раҳбарлар томонидан имзоланди.
9. Комиссиялар ва ишчи органлар томонидан кўриб чиқилиши керак бўлган материалларни тайёрлаш ҳамда комиссияларни тавсияларини бажарилишини назорат қилиш бўлимлар ва гуруҳлар томонидан, уларга техникавий хизмат кўрсатиш хўжалик ишлари мудири томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда бу материалларни тайёрлашда туман ҳокимлиги аппарати мутахассислари ва бошқа тегишли ташкилотларнинг мутасадди ходимлари жалб қилиниши мумкин.


19. Туман ҳокимлиги қабулхонасида навбатчиликни ташкил этиш.
1. Туман ҳокими кабулхонасида 16 соатлик навбатчилик ташкил этилади. Навбатчилик соат 7 00 дан бошланиб кеч соат 11 00да тугалланади (байрам арафасида кучайтирилган тартибда 24 соатлик навбатчилик ташкил этилади).
2. Навбатчилар рўйхати ҳоким ёрдамчиси томонидан тузилади ва туман ҳокими ёки ҳокимнинг биринчи ўринбосари томонидан тасдиқланади.
3. Байрам кунлари навбатчилик алоҳида тузилган жадвал асосида ҳоким тасдиқлагандан сўнг ҳоким ўринбосарлари ва ҳокимлик аппарати ходимлари томонидан амалга оширилади. Бундай кунларда аппарат ходимлари туман ҳокими қабулхонасида ҳоким ўринбосарлари эса ўз хизмат хоналарида бўлишлари лозим.
4. Навбатчиликнинг кейинги куни навбатчилик вақтига мутаносиб равишда белгиланган тартибда ходимларга дам олиш вақти берилади.
5. Туман ҳокимининг рухсатисиз жадвалдан ташқари ходимларнинг навбатчилик қилишлари, навбатчилик вақтини ўзгартиришлари ёки бошқа ходим билан алмаштиришлари таъқиқланади.
6. Белгиланган вақтда навбатчиликка сабабсиз келмаслик ҳолатлари меҳнат интизомини бузиш сифатида баҳоланади ва бундай ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади.
7. Навбатчиликни ташкил этиш бўйича масъулият ҳоким ёрдамчиси зиммасига юклатилади.


Ташкилий-назорат гуруҳи етакчи мутахассиси - Л.Гадоев

O'qilgan: 341 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 26 Oct 2019

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879) 593-11-03
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: