LOTIN-КИРИЛЛ

ОНАМДАН МИННАТДОРМАН!

 

1.

Анча йиллар олдин бир хизматдошим бўларди. У менга: -Нега доим онанг ҳақида мунгли ҳикоялар ёзасан, ўқиганни дилини оғритиб, - ранжигандай бўлувди.

- Ўзимда бор бўлган барча яхши хислатларим учун онамдан ва фақат онамдан миннатдорман!. Чунки уларнинг бари онамники, -дегандим унинг эътирозига ўзим ҳам эътироз билдириб.

Ана шу воқеага ҳам кўп бўлди. Яқинда ўша собиқ хизматдошимни учратиб қолдим.

-Ўша пайтдаги гапим учун узр сўрайман, - деди мени ҳайрон қолдирганича. Кейин билсам яқинда унинг онаси ҳам...

2.

Балки ўша хизматдошимнинг эътирози сабаб бўлибми, охирги ўн йилдан буён онам ҳақида ҳеч нима ёзмабман. Лекин онам ҳар кун, ҳар соат, ҳар сонияда ҳаёлларимда мудом яшайди.

Бугун газетанинг байрам сонини нашрга тайёрлаб ўтирибман-у, яна онам ҳақида ёзишга шайланаман. Айтмоқчи, ёзмоқчи бўлган гапларим юрагимни сим-сим оғритаяптию барибир ёзолмайман. Фикримда аниқ-тиниқ айланиб юрган сўзларимни қоғозга тўкиш менга осон бўлмаяпти.

...О! Бу нарса оғирларнинг оғири, азобларнинг азоби эканини билсангиз эди. Ўн йилдан бери камида юз марта ёзишга чоғландим. Ҳар гал сарлавҳа қўяман, холос. У ҳам бўлса, кўз ёшларимга ғарқ бўлади: “Менинг онам дунёдаги жамики оналардан ҳам яхшироғи” дейман кўз ёшларим дарё бўлиб. Лекин, буларнинг бари жўнгина сўз туюлади, менга. Ўзимдан, ёзмоққа шайланган фикр-мулоҳазаларидан кўнглим тўлмайди. Қани энди, онамга муносиб сўзни топа олсайдим?!

3.

Отам ҳам, онам ҳам ниҳоятда маърифатли инсонлар эди. Ғийбат, фисқу-фасод билан иши бўлмаган хонадонда тўрт ўғилу икки қиз вояга етдик. Уйимизда дастурхон йиғилмасди. Бизникига меҳмонлар, ёзги таътилда дам олишга келган шаҳарлик қариндош-уруғлар ва уларнинг болалари келишарди.

Ҳар куни саҳармардонлаб уйқудан уйғонган онам хамир қориб, сўнгра сут-товар фермасига ишга борардилар. Ҳали биз болалар уйқудан уйғонмасдан ишдан қайтиб тандирдан нон узардилар. Ҳар куни бир хил кун тартиби. Албатта эрталабки, нонуштага қип-қизил бўлиб пишган иссиқ нонни дастурхонга қўярдилар. Онам ҳамма меҳмонларга беминнат хизмат қилардилар.

Отам борида  хонадонимизни бало-қазо четлаб ўтган экан. Отам, сўнгра опам у дунёлик бўлишди. Кетма-кет келган жудолик онамга оғирлик қилди. Ўша пайтда биз учала фарзанд ҳали олийгоҳ талабаси эдик. Йиллар ўтди ҳаммамиз ҳам йўлимизни топиб кетдик.

4.

Ҳар куни эрталаб онам билан диллашаман: “Онажон, дуо қилинг ишга боряпман!”. Ҳар куни ишдан қайтаман онам билан тиллашаман: “Онажон, дуо қилинг фарзандларим соғ-саломат улғайишсин!”.

Буларнинг бари ҳаёлдан ўтган, юракдан кечган бир орзу эди холос! Негаки, мен онамдан қарийб 400 км. олисда эдим. У пайтларда телефонда гаплашишнинг ҳам имконияти бўлмаган пайтлар. Йилида бир марта кўришганимизга эса хурсанд бўлиб юраверибман.

Оҳ, дийдор насиб бўлган фараҳбахш кунларни эслаб ҳозир ҳам кўзларимни ёшини тия олмаяпман. Қанд-қурус, туршагу майизларни мендек меҳрсиз, шафқатсиз қизингиз учун сандиқнинг тубида сақлайсиз. Ўзингиз киймай яна сандиқ тубига матоларни ташлайсиз. Мен боришим билан қўлимга тутқазасизу: “Тезгина тикувчига бор” дейсиз.

5.

Вақт табиб, дейдилар. Дардларингга малҳам қўяди, унуттиради, дейдилар!

Вақт ўтди. 20 йил вақт ўтди. Қани менинг дардим эскиргани?! Қани менинг қалбимдаги яраларимга қўйилган малҳам?! Қани соғинчимнинг босилгани?!

Йиллар ўтгани сайин аламларим, армонларим ортиб боряпти-ку? Айтишга ҳам уяламан, ҳатто онам билан иккаламизнинг бирга тушган суратимиз ҳам йўқ.

Шаҳардан уй олдим, уйимни кўрмади онам. Давлат мукофотларига муносиб кўрдилар, қувончимга шерик бўлмади, онам!. Китобларим босмадан чиқди, биттасини ҳам кўрмади онам!

Булар менинг янгиланиб-янгиланиб бораётган армонларим эмас-ми, ахир.

6.

Онамни тушимда кўрдим. Оппоқ рўмоли, қоп-қора ўрилган сочлари бошига чамбарак қилиб ўралган. Ниҳоятда чиройли кўйлак кийган, қўлларида нимадир бор. Ўшани менга узатганча кулиб қараб турибдилар. Онам ўлмаган, онам тирик эканлар деган ҳаёлда шошилганча уларнинг ёнларига югурдим. “Сен қатламани яхши кўрардинг, болам. Ол, еб ол!” дермиш.

Ҳа, онажоним-а! Тиригида менга атаб сандиқ  тубида егуликлар, ширинликлар сақлаб юрган онам, энди тушларимда ҳам бир нималарни илиниб юрган, онажоним-а!.

7.

Йиллар ўтаверди. Йиллар ақлимга ақл қўшаверди. Ақлим ошгани сайин андуҳим, армоним ортаверди.

-Тез-тез келиб тур, жоним болам,- дерди онам.

-Онажон, иш-ташвиш кўп, ташвишларимни камайтириб, болаларимни улғайтириб олайин, тез-тез келаман. Сиз билан бемалол ўтириб гаплашаман, -дердим.

-Ишинг камаймайди, битса отангники, битарди қизим, - дерди онам.

-Болаларим ҳали ёш, онажон. Шуларни оёққа қўйиб олай, кейин тез-тез келаман.

-Мен боламни дейман, болам боласини. Болаларингни оёққа қўйганингда мени топиб билармикансан?

-Ундай деманг, онажон! Юрагимни оғритманг, ҳали отдайсиз-ку, -дебман.

Отлар ўлган бу дунёда оналар ўлмайдими? Онам ўлмайди, дебман!.

8.

Онам борида онам мени туққан ҳовлига юриб эмас, учиб борардим. Энди у ҳовлига, акамнинг ҳовлисига минг андиша билан бораман. Акамнинг, янгамнинг юзига, кўнгил кўйига истиҳола билан боқаман. Ҳар сафар борганимда яраларим янгиланиб, учирма бўлган уйимдан мунғайиб қайтаман. Онам бўлса, тез-тез бормасмидим?

Энди ўзим онаман, ўзим бувиман! Барибир онамни соғинаман. Ҳаёт синовларидан, турмуш машаққатларидан, ноҳақликлардан сиқилиб кетсам, бир юпанч истаб қоламан. Аммо, ҳеч кимга дардимни айтолмайман.

Ҳар қандай ҳасратимни малол олмай эшитган онажонимни қўмсаб қоламан. Ҳеч ким онадай беозор, ҳасратдош бўлолмабди,  менга бу дунёда.

Сиз-чи, Сиз азиз ўқувчим! Бугун онангиз зиёратига бордингизми?  Ҳеч бўлмаса қўнғироқлашиб қўйдингизми?

Бу ҳикояни мутолаа қилаётганларнинг муҳтарама волидалари дунё тургунича турсин. Байрамингиз муборак бўлсин, азиз ва қадрли онажонлар!

Сизларга чексиз эҳтиром ила муаллиф.

O'qilgan: 150 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 09 Apr 2024

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879)222-00-05-101
  Telefon: (+99879)222-00-05-102
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: