Print this page

Ўзбекистонда 50 ёшдан ошганлар ва ОТМ ўқитувчиларини ҳам эмлаш бошланади

    Республика махсус комиссиясининг Қонунчилик палатаси депутатлари ва илмий марказлар олимлари иштирокида навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида мамлакатда коронавирус инфекцияси боғлиқ эпидемиологик вазият ҳамда ушбу инфекция билан касалланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган масалалар муҳокама қилинди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда масъул раҳбарлар ҳисоботлари эшитилиб, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари олдини олишга қаратилган тегишли қарорлар қабул қилинди.

    Биринчи навбатда, касаллик профилактикасига қаратилган тушунтириш ишларини олиб бориш, шунингдек, аҳоли томонидан жамоат жойларида ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш каби санитария-эпидемиология талаблари назоратини олиб бориш юзасидан тегишли идораларга топшириқлар берилди.

    Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш тадбирларида аҳоли фаоллигини ошириш мақсадида, 50 ёш ва ундан катта ёшдаги фуқароларни ҳамда олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларини хавф ости гуруҳига мансуб аҳоли қатлами қаторида босқичма-босқич давлат бюджети маблағлари ҳисобидан эмлаш тадбирларини жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.

    Шунингдек, сўнгги кунларда инфекция билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганини инобатга олиб, ҳудудларда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволашга йўналтирилган тиббиёт муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини таҳлил қилиш ва зарур дори воситалари захирасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилди.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кунларда айрим қўшни мамлакатларда коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ортиб бораётгани, шу жумладан мамлакатда ҳам ушбу инфекция билан касалланиш бироз ортганини инобатга олиб халқдан шахсий масъулиятни оширган ҳолда жамоат жойларида ниқобда бўлиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби талабларга риоя этишларини сўраган.

O'qilgan: 777 bora
Hokimiyat matbuot xizmati

Latest from Hokimiyat matbuot xizmati