Print this page

ЭРТАДАН ҚОЗОҒИСТОНДА ВАКЦИНАЛАШ БОШЛАНАДИ

ЭРТАДАН ҚОЗОҒИСТОНДА ВАКЦИНАЛАШ БОШЛАНАДИ

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Сой гриппга қарши эмлашни ўзидан бошлаб берди. Вакцина Россиядан сотиб олинган.

Маълум қилинишича, қўшниларимизда аҳолини ушбу касалликка қарши вакциналаш 15 сентябрдан бошланиб 15 ноябрга қадар давом этади. Бунинг учун РФдан «Гриппол+» деган вакцинадан 2 млн.дан ортиқ доза харид қилган.

«Мен ўз мисолимда Қозоғистон сотиб олаётган вакцина хавфсиз эканлигини кўрсатмоқчиман», — деган А.Цой.

Дунё тажрибасида ўз соҳасига масъул мутасаддилар томонидан тез-тез қўлланиладиган мана шундай намунадан ибрат олса арзийди.

Ўзбекистонда эса грипп ва пневмонияга қарши эмлаш учун ҳукумат даражасида керакли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, эпидемиолог Рустам Икромовнинг таъкидлашича, вакциналарни четдан олиб келиш ва жойларда эмлаш пунктларини ташкил қилиш ишлари юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. У бу ишлар сентябрь ойидан бошланишини маълум қилганди.

Яна шуни эслатиб ўтиш жоиз: Президент қарорига биноан, республикадаги барча умумий ўрта таълим муассасаларининг раҳбар, педагогик ва бошқа (ёрдамчи) ходимлари марказлашган тартибда 2020 йил 1 октябрга қадар гриппга қарши эмланади.

O'qilgan: 66 bora