LOTIN-КИРИЛЛ

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУД БУЙРУҒИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУД БУЙРУҒИ БЕРИШ ТЎҒРИСИДАГИ АРИЗАЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ ТАРТИБИ

Суд буйруғи тартибида иш юритишнинг мақсади кредитор фойдасига қарздордан қарздорликни соддалаштирилган тартибда ундиришдан иборат. Суд буйруғи ишларни ҳал қилишнинг энг қулай ва самарали усули ҳисобланади. Бу тоифадаги ишларнинг тарафлари кредитор ва қарздор бўлиб, судга ариза билан мурожаат қилган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор кредитор, яъни ҳақ талаб қилувчи, ариза қаратилагн шахс эса қарздор ҳисобланади.

Суд буйруғи кредиторнинг низосиз талабларини қаноатлантириш тўғрисидаги судьянинг ҳужжатидир. Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга бўлиб, у буйича ундирув буйруқ берилгандан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач суд қарорларини ижро этиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида” 2013 йил 5 декабрдаги 254-сонли қарорининг 2-бандида қайд этилишича, ХПКнинг 103-моддасида назарда тутилган суд буйруғи бериш бўйича талабларнинг руйхати тугал ҳисобланади ва у кенгайтирилган тарзда талқин қилинади.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. У кредитор ёки унинг вакили томонидан имзоланади.

Булардан ташқари, аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзиллари кўрсатилиши мумкун.

Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмуни Иқтисодий процессуал кодекс (ИПК)да белгиланган талабларга тўлиқ мос бўлиши шарт.

ИПК 135-моддасининг 3-бандига асосан ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисидаги талаб билдирилганда кредитор томонидан аризада дебиторлик қарзини қарздорнинг мол-мулкидан ундириш тўғрисида талаб қўйилиши мумкин эмас. Бундай талаб билдирилганда аризани қабул қилиш ИПК 140-моддасининг биринчи қисмига асосан рад этилади.

ИПК 135-моддасининг 3-бандига асосан қарздорликни ундириш тўғрисида талаб қўйилганда қарздорлик қарздор томонидан ҳужжатлар асосида тан олинган бўлиши, яъни икки томонлама тасдиқланган солиштирма далолатнома судга тақдим этилиши лозим.

Шунингдек, кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг нусхасини топшириш шарт.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилганда низолашилаётган сумма асосида ҳисоблаб чиқилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади. Агар судга мурожаат қилган кредитор ўзининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти эканлигини тасдиқловчи далилни тақдим қилса, суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза юзасидан умумий тартибда ундириладиган давлат божининг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўлаши кифоя бўлади.

Масалан, 100.000.000 сўм қарзни ундириш юзасидан судга даъво аризаси киритилса, 1.000.000 сўм давлат божи тўлаши лозим.

Агар шу сумма бўйича суд буйруғи бериш тўғрисида ариза тақдим қилинса, 250.000 сўм давлат божи тўлаш керак бўлади. Кредитор кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти эканлигини статистика органи томонидан берилган маълумотнома билан тасдиқланса, 125.000 сўм давлат божи тўлаши суд буйруғи бериш учун етарли бўлади.

Суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризада билдирилган талаб ИПКнинг 135-моддасида назарда тутилмаган бўлса ёки билдирилган талаб иқтисодий судда кўриш учун тегишли бўлмаса судья суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилишни рад этади. Бу тўғрисида ажрим чиқарилади ва унинг устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкин.

Шунингдек, ИПКнинг 141-моддасида аризани қайтариш учун асос бўладиган ҳолатлар кўрсатилган.

Суд буйруғи судья томонидан якка тартибда суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздор чақиртирилмасдан, уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан берилади.

Суд буйруғи апелляция, кассация инстанцияларида, назорат тартибида ва янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўрилмайди. Шу боис суд буйруғи устидан берилган апелляция ёки кассация шикояти, янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилади. Агар шикоят ёки ариза иш юритишга қабул қилинган бўлса, у бўйича иш юритиш тугатилади.

Акбар ҲАМИДОВ,

Зарафшон туманлараро иқтисодий  суди раиси,

Гавҳар ЮСУПОВА,                                                               

 Учқудуқ туман иқтисодий суди

девонхона мудири.                                                          

O'qilgan: 28 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879) 593-11-03
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: