Print this page

ҚУЮЛТИРИШ, САНОАТ ЧИҚИНДИЛАРИНИ ЗАРАРСИЗЛАНТИРИШ ВА РЕАГЕНТЛАР ТАЙЁРЛАШ ЦЕХИ

    3-сонли гидрометаллургия заводи — бу нафақат юрт бойликларини қайта ишлаб, қимматбаҳо металлга айлантирувчи технологик мўъжиза, балки инсон ақли, илмий ёндашуви фидойилигининг амалий намунасидир. Бу ердаги ҳар бир цех, ҳар бир бўлим — ягона занжирнинг бўғини ва уларнинг муваффақияти ўзаро уйғун ҳаракатга боғлиқ. Ана шундай ўзаро боғлиқ тизимда 4-цех ҳам муҳим роль ўйнайди.
Юрак қандай қилиб тана бўйлаб қон айлантирадиган бўлса, қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехи ҳам заводнинг технологик “танаси”га ҳаёт бахш этадиган марказий тизимлардан биридир. Ушбу цех заводдаги катта-кичик жараёнларни хомашё ва реагентлар билан узлуксиз таъминлаб беради. Умумий иш самарадорлигини таъминлайди.
    Цех — десорбция бўлимига ишқор эритмасини, кимёвий тайёрлов бўлимига натрий цианид эритмасини, қуюлтириш жараёнига полиакриламид (Praestol) етказиб беради. Шу билан бирга, темир йўл транспортида келадиган турли хил реагентларни қабул қилиш, сақлаш ва технологик жараёнларга тайёрлаш ишларини ҳам амалга оширади. Қисқача айтганда, цех — бутун заводнинг “нафаси” ва имкониятлар манбаи, десак тўғри бўлади.
Цехда кўзга ташланадиган энг катта жараёнлардан бири — икки улкан қуюлтиргичнинг ўзига хослигидир. Бири жигаррангдаги лойқа сув. Табиий энергияни ўз танасига йиғган “тоза табиат ифодаси”дай кўринса, иккинчиси мовий рангда ўзгача гўзалликни ўзида жамлаган айлана қуюлтиргич.
Бир мақсад йўлида турли кимёвий аралашмаларга бой бўтаналарни бағрида сақлаб турган бу “қозон”лар инсон заковати билан яратилган ишлаб чиқариш мўъжизаларидан биридир. Уларга БИОХ цехидан ва флотациядан бўтана келиб тушади. Қуюлтиргичлар ўз номига мос равишда керакли массани қуюлтириб, ўз манзилига жўнатаётган бир пайтда ажралган сувни қайта ишлашга йўналтиради. Бу эса сув ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини беради.
Цех тарихи 1993–1995 йилларга бориб тақалади. 1995 йил 17 май куни биринчи қуюлтиргич ишга туширилиб, полиакриламид эритмаси қўшилиб, сорбция бўлимига қуюлтирилган бўтана узатилган. Бу сана цех учун "туғилган кун" сифатида ёдда қолган.
Сўнгги йилларда цех фаолиятида илмий ёндашув асосида амалга оширилган патентланган лойиҳа ҳам ўз самарасини кўрсатди. Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан ишлаб чиқилган ва амалиётга жорий этилган лойиҳа асосида қуюлтиргични қабул қилиш жойи ўзгартирилди. Натижада йилига 1,5 миллион метр куб сув тежаб қолишга эришилди. Бу эса корхонадаги экологик барқарорлик ва ресурс тежамкорлигини янги босқичга олиб чиқди.
Йиллар давомида цех техник жиҳатдан шиддат билан ривожланди: гидроциклонлар, ёйсимон ғалвирлар, энергия тежовчи тегирмонлар, айланма сув тизимлари, реагент сифатини яхшилайдиган узайтирилган контактли чанлар — буларнинг барчаси 4-цехни технологик марказ, инновация ва самарадорлик масканига айлантирди.
Бугунги кунда цехда 87 нафар муҳандис ва ишчи-муттахассис фаолият олиб бормоқда. Улардан ҳар бири ўз ишига масъулият, фидойилик ва муҳаббат билан ёндашади. Цех бошлиғи Бобир Ширинов раҳбарлигидаги Айбек Адилов, Абдимурат Киличев, Гайрат Курбанов каби мутахассислар цех қурилиши ва ускуналарни ишга тушириш жараёнларидан то бугунги кунгача фаол иштирок этиб келишмоқда.
Цехнинг бугунги ва келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётган раҳбар кадрлардан Камолиддин Тогаев, Максуджон Аскаров, Лазизбек Рустамов, Акбар Рузиев. Ёш ва салоҳиятли мутахассислар Учкун Ахатов, Нодирбек Рахманов, Сардор Намазов, Уткир Шодиев, Йигитали Жуманов, Фаррух Зокиров, Жасур Саломов, Олтинбек Рузимуродов, Ихтиёр Гафуров ва Ойбек Жураевлар иши ҳар қанча таҳсинга лойиқ.
Шухрат Саломов, Ойбек Собиров, Дилшод Бакоев ва Нагмат Жабборов эса устоз сифатида ёшларга ўз билим ва тажрибаларини ўргатишда давом этмоқда.
3-сонли гидрометаллургия заводининг умумий қудратини белгилайдиган асосий омиллар қуюлтириш, саноат чиқиндиларини зарарсизлантириш ва реагентлар тайёрлаш цехидаги технологик янгиланишлар, самарадор меҳнат ва илмий ёндашувлар эканлигини таъкидлаш ўринли.


Феруза ЯНДАШОВА

O'qilgan: 33 bora