Меҳнат – инсонни улуғлайди, дейди доно халқимиз. Аслида ҳам шундай! Меҳнат қилган инсон бор-ки, ҳар ерда ризқини топиб, ҳурматга сазовор бўлаверади. Бу галги қаҳрамонимиз “олтинтопар”лар фаолият олиб борадиган 3-сонли гидрометаллургия заводи BIOX цехи оператори Азизжон Раззоқов.
У 1983 йилда Навоий вилояти Қизилтепа туманида оддий ишчи оиласида туғилиб вояга етган. Барча қишлоқларда бўлгани каби бу оилада ҳам ҳар бир бола меҳнат муҳитида улғайган. Ота-она эса 7 нафар фарзандни: "Ҳунарли бўлсанг, кам бўлмайсан" деган ҳаёт сабоғи билан катта қилган.
Азизжон 2000-2003 йилларда Бухоро шаҳридаги автомобил йўллари техникумида ўқиди. Эгаллаган соҳасида ишлаб ҳам бир-нечта ҳунар ўрганди. “Бир йигитга қирқ ҳунар оз” деганларидек, устозлардан сабоқ олган қаҳрамонимиз яхшигина уста бўлиб етишди.
Акаларига ҳавас қилиб, Учқудуққа келди. 2009 йилда 3-сонли гидрометаллургия заводига ишлаш учун ҳужжат топширди. BIOX цехида иш бошлади. Бу ерда фидойилик ва меҳнатсеварлик талаб этиладиган касб эгалари билан бир сафда бўлиш унинг ҳаётига мазмун киритди.
Илм, меҳнат ва интилиш – муваффақият калити, у бир йил ичида оддий ишчидан аппаратчига айланди. Цех фаолиятининг аналоги нафақат республикамизнинг балки дунё саноат корхоналарида ҳам камдан-кам учрашини эътиборга оладиган бўлсак, вазифалар кўлами нечоғли кенг ва мураккаблигини англаш мумкин.
Табиатан янгиликка интилувчан ва тиришқоқ Азизжон янги технологияларни ўзлаштиришда пешқадамлардан бўлди. Қаҳрамонимиз ва унинг ҳамкасблари меҳнати ортидан 10 литр ҳажмли идишда олиб келинган бактериялар бугун 983 метр кублик, 60 та реакторда парвариш қилинаётганлиги эътирофга сазовор албатта!
Бу жараёнда Азизжон каби ўз ишининг фидоийлари бош қаҳрамон ҳисобланади. Шундан-ми, ҳамкасблари ҳазиллашиб унга "бактерияларнинг отаси" деб ном беришган.
Дарвоқе, ушлаб бўлмайдиган кўзга кўринмас бактериялар билан ишлаш осон иш эмас. Бу масъулият ва доимий эътибор талаб этади. Ҳар тўрт соатда уларнинг кўрсаткичлари ўлчанади, яшаш шароити назорат қилинади. Азиз ака каби ходимлар катта ҳажмдаги бочкасимон идишлар устида узоқ вақт меҳнат қилишади. Усти қора мойга буланса-да, қилаётган ишидан мумнун. Чунки, улар дунё кон саноатида камдан-кам учрайдиган мураккаб технологияни пухта ўзлаштирган ўзимизнинг қоракўзларимиз, ахир!
Азизжон Раззоқов ишда қандай сабрли ва масъулиятли бўлса, оиласида ҳам шундай меҳрибон. Ҳозирда аёли Эътибор Шодиева билан Озодбек ва Одилбек исмли фарзандларни тарбияламоқда. Катта ўғли ота касбига қизиқиб, Навоий давлат кончилик технологиялари университетида таҳсил олмоқда.
Ҳикоямиз сўнгида Азизжон Розиқович қилаётган ҳалол меҳнати билан жамият тараққиётига улуш қўшаётганлигини таъкидлаган ҳолда у ҳаётда ўз ўрнига эга меҳнатдан қувонч ва бахт топган инсоннинг ҳақиқий қиёфаси, деган хулосага келдик!.