Print this page

ФАРРОШЛИКДАН 18 МЕТР БАЛАНДЛИККА ЧИҚҚАН ҚИЗ

    Шаҳзода Нуриддинова бугунги кунда Шимолий кон бошқармаси  Автомобиль транспорт бошқармаси кран  машинисти.  Бундан  5 йил олдин иш фаолиятини шу  бошқарманинг  фарроши сифатида иш бошлаганини  ҳаммадан яширганини айтади.

   - Коллежни битириб келган, анчагина ўзига бино қўйган қизлардан эдим. Бошида танишларимга фаррош бўлиб ишлашимни тўғриси айтишга уялардим. Бироқ, ишнинг яхши ёмони бўлмаскан. Ҳар доим ким бўлиб ишлайсан дейишса “хоккейчи” дердим. Ўша “хоккейчи”лигим мени меҳнатга ўргатди. Лекин  барибир ўзимга бўлган ишончни йўқотмадим. Ишхонамиздаги бўш иш ўринларини қидирардим.   Ана шунда менга  ишлаб туриб қўшимча касб ўрганишим мумкинлигини айтишди. Ва,  ёшлигимдан техникага қизиққаним сабаб кран ҳайдовчиси касбини танладим. Кадрлаш тайёрлаш бўлимида ўқиб,  бугун кран ҳайдовчиси касбини ўргандим. Устозим Нурали Холиқулов билан бугун 18 метр баландликдаги кранни бошқариб, ҳар кўтаришда 32 тонна юкни кўтаряпман. Кран машинисти ишини ҳам худди автомашина ҳайдовчиси касбига қиёслаш мумкин.Иш доимо диққат-эътибор, ҳушёрликни, талаб қилади. Айниқса, ишлаб турган қурилмалар устидан юк олиб ўтиш, ўта оғир ва катта ўлчамдаги юкларни силжитиш, кўпинча тунги ишлар – алоҳида малака ва дадилликни, юкни илдирувчи ходимларга талабчан бўлишни талаб қилишини бугун англаяпман, - дейди биз билан суҳбатдаШаҳзода Нуриддинова.

    Бугунги кунда  кадрлар тайёрлаш бўлими ва ўқув-курс комбинати томонидан Шимолий кон бошқармаси бўлинмалари ходимларини касбга ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича  тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

    Корхонада 200 дан ортиқ ишчи касблар ва 90 га яқин мақсадли йўналтирилган курслар мавжуд. Ушбу касблар бўйича  ўтган 2022 йилда 2505нафар ходим қайта тайёрлаш, малака ошириш ва мақсадли йўналтирилган курсларда таълим олган бўлиб, имтиҳондан ўтган ҳолда касблар бўйича керакли малакага эга бўлдилар.  2021-2022 ўқув йилида устоз-шогирд йўналишида ўрта махсус касбий таълим муассалари битирувчиларидан 83 нафар ёш ишчиларга ўқиш ташкил этилди ва бириктирилди. Ва бу анъана бугун ҳам давом этмоқда.

   Шу сабаб Шаҳзодага ўхшаган ёшларда  оддий фаррошликдан 18 метр баландликдаги кранни бошқаришга бўлган ишонч ортмоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилида  мазкур ўқув марказида 2 698 нафар ишчи-ходимлар ўқитилди, қайта тайёрланди, малакаси оширилди. Шундан, 250 нафардан ортиғи экскаватор машинисти, оғир юк кўтарувчи автосамосвал ҳайдовчиси, бурғилаш қурилмаси машинисти, кран машинисти каби касблар бўйича ўқитилди.

    Аҳолини касб-ҳунарга ўқитишнинг янги тизимини ташкил этиш, ўрта бўғин  мутахассисларини тайёрлаш мақсадида «НКМК» АЖ кўмагида Навоий шаҳрида фаолияти йўлга қўйилган мономарказ тингловчилари Шимолий кон бошқармаси бўлинмаларида амалиёт ўтамоқда. Навоий кон-металлургия комбинатида муҳандис кадрлар тайёрлаш, шу жумладан, кадрларни ўқитиш ва қайта тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ишчи-ходимлар – корхонанинг асосий бойлиги эканлигининг исботидир.

O'qilgan: 465 bora