Ўзбекистонда сайловчилар сони 21,2 миллион кишидан ошган. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Тошкентдаги халқаро конференцияда маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси раисининг маълум қилишича, ҳозирда сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 21 миллион 249 минг 921 нафар сайловчи киритилган. Улардан 6 миллион 993 минг 924 нафарини (қарийб 33 фоизи) 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади.
Шулардан 880 минг 155 нафар ёшлар бу йил илк маротаба ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланади.
«Жорий йилда бўладиган Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиялари таркибида навқирон авлод вакиллари ҳар қачонгидан кўп: 31 ёшгача бўлган йигит-қизлар сони-салмоғи 9 фоизни ташкил этса, 41 ёшгача бўлганлар эса 28 фоизгача етди», — дейди Низомхўжаев.