Print this page

Ўзбекистонда давлат органи раҳбари ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш тизими жорий этилади

      Шавкат Мирзиёев 22 июль куни «Вазирликлар, давлат қўмиталари, давлат бошқарувининг бошқа органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

     Унга кўра, давлат органи раҳбарлари ўринбосарларининг фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг янги тизими жорий этилади. Маълум бўлишича, давлат бошқарув органлари ва давлат улуши 50 фоиздан юқори хўжалик бирлашмаси раҳбари ўринбосарлари фаолияти кўрсаткичлари коллегиал органлар томонидан тасдиқланади.

     Хабар қилинишича, ўринбосарлар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезонлари ва кўрсаткичлари статистик ва идоравий ҳисоботлар, таҳлилий маълумотлар асосида тизимли мониторинг қилинади. Натижалар танқидий анализ қилинади ва тегишли коллегиал орган ва кузатув кенгашларида, Вазирлар Маҳкамасида ҳар чорак якунида муҳокама қилинади.

     Қонунга кўра, мезон ва кўрсаткичлар асосида ҳар бир ўринбосар фаолиятига баҳо берилади ва рағбатлантириш ёки интизомий жавобгарликка тортиш чоралари кўрилади.

    Бундан ташқари, қонунда раҳбар ўринбосарлари Республика қонунлари, Президент ва Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари, биринчи раҳбарлари томонидан юклатилган вазифаларни бажаришда сусткашликка йўл қўймаслиги кераклиги алоҳида таъкидланган. Шунингдек, раҳбар ўринбосарлари ўзига бириктирилган тармоқ ва соҳалардаги фаолияти самарадорлиги юзасидан Президент олдида жавобгар, Вазирлар Маҳкамаси олдида ҳисобдор экани белгиланган.

       Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта ичида ўринбосарлар фаолиятини баҳолаш мезонларини тасдиқлайди ва ҳар ойда фаолият кўрсаткичлари ижроси бўйича оммавий аҳборот воситалари орқали ахборот берилишини таъминлайди.

 

O'qilgan: 452 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 23 Jul 2021