Print this page

ОТМ талабалари ва ходимлари қўшма қарор асосида плаквенил қабул қилади

Олий таълим масканлари ўз ҳисобларидан ходимлар ва талабалар учун гидроксихлорохин ва рух препаратлари сотиб олади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлари Абдуҳаким Ҳожибоев ва Иномжон Мажидов талабалар ва ОТМ ходимларини пандемия даврида коронавирус инфекциясидан ҳимоялашга оид қўшма қарорни имзолагани тўғрисидаги ҳужжат оммага тарқатилди.

Қарорга кўра, таъминотчи корхона бўлган «Dori-darmon» АКдан профилактика мақсадида гидроксихлорохин ва цинк (рух) препаратларини харид қилиш мажбурияти белгиланган. Шу билан бирга, касаллик белгилари аниқланган ҳолда қўшимча дорилар асосида даволаш зарурлиги билдирилган.

Қарорнинг аҳамиятли жиҳати - унда бу препаратларни сотиб олиш учун зарур харажатлар ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши айтилган.

Маълумки, гидроксихлорохин асосли плаквенил дори воситаси бўйича жуда кўп баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Бу қарордаги талабалар ва ходимларга берилиши мўлжалланган препарат ҳам айнан плаквенилдир. Ўзбекистонда ҳам коронавирус пандемияси авж олган июл-август ойларида бу препарат бир неча марта даволаш протоколига киритилган ва олиб ташланган эди.

Бу дори воситаси ҳақида сўз юритган Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Анвар Алимов гидроксихлорохин мавзуси – сиёсий масала эканлигини, штабнинг яна бир аъзоси Ҳабибулло Оқилов эса Ўзбекистон «Плаквенил» масаласида ЖССТ тавсиясига эмас, ўз тажрибасига асосланаётганини таъкидлаганди.

Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси Тиббий стандарт ва протоколларни ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Клара Ёдгорова гидроксихлорохиннинг самарасиз экани ҳақида фикр билдиргани учун таҳдидга учраганини маълум қилганди.

Шу билан бирга, пандемия даврида плаквенил препарати бўйича катта ҳажмда давлат хариди амалга оширилгани тўғрисида маълумотлар бор.

 
O'qilgan: 816 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 17 Dec 2020