LOTIN-КИРИЛЛ

ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ, ТАЯНЧ ВА ИШОНЧИМИЗ!

ЁШЛАР – КЕЛАЖАГИМИЗ, ТАЯНЧ ВА ИШОНЧИМИЗ!

Учқудуқ туман ҳокими С.Хамроевнинг  битирувчиларга мурожаати

 

Ассалому алайкум  ҳурматли ота-оналар!

Азиз билимга чанқоқ ўғил-қизларим!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевни бевосита ташаббуслари билан ўз олдига улкан мақсадларни қўйган, катта довонларни кўзлаган юрагида ўти бор, билимга чанқоқ сиз азиз ёшларимизнинг таҳсил олишлари, ҳунар ўрганишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Кўплаб имтиёзлар ва енгилликлар берилган.

Бу каби шарт-шароитлардан фойдаланиш эса  сизнинг ўз келажагингиз учун қўйилган мустаҳкам пойдеворингизга асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз!

Олий таълим даргоҳида таълим олишни, етук мутахассис бўлиб етишиш  ҳаётда муносиб ўрин эгаллаш бугун ҳар бир ёш йигит-қизнинг энг катта истаги, улкан орзуси, десак тўғри бўлади.

Энг муҳими, ўқиш истаги бор ёшларимиз учун имкониятлар янада кенгайтирилиб, улар ўз хоҳиш ва истакларига кўра кундузги, кечки ва  сиртқи бўлимларда таҳсил олишлари мумкин.

Жорий йилда  республикамизда мактаб битирувчиларини  олий таълимга қамраб олиш учун 26 фоизли квоталар ажратилди.

Абитуриентларга тест синови топширган фанлар мажмуаси ҳамда фанлар кетма-кетлиги  бир хил бўлган  бешта йўналишни танлаш имконияти берилмоқда. Шунингдек ОТМга киришда хотин-қизлар учун қўшимча грант ажратилмоқда. Давлат грантлари икки бараварга кўпайтирилди. 

Қабул имтиҳонлари жараёнларида шаффофлик тушунчаси чинакамига бўй кўрсатаяпти. Энг муҳими, бу борадаги ислоҳотлар фақат билимли ёшлар манфаатига хизмат қилмоқда.

Жорий йилда Учқудуқ туманида 451 нафар  ўқувчи 11-йиллик таълим тизимини, 238 нафар битирувчи кончилик касб-ҳунар коллежини  якунлади.  Таъбир жоиз бўлса, улар ҳаётида янги саҳифа очилиб,  мустақил ҳаётга қадам қўйишди.

Бугун ёшлар ўртасида олий маълумотли бўлиш истаги ҳар қачонгидан ҳам кучли. Шу сабабли  туманимизда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширишга кўмаклашувчи 9 та штаб тузилган бўлиб, битирувчиларнинг қарийб 85-90 фоизи ОТМ ларда ўқишни давом эттиришни  мақсад қилишган.

Ёшларнинг бу интилишлари таҳсинга лойиқ. Лекин шуни ёдда тутингки, ОТМ га ҳужжат топширган ҳаммага ҳам  талаба бўлиш бахти насиб этмайди, республикамизда  қабул квоталари тасдиқланган. Ўқишга кира олмаслик фожиа эмас! Олий маълумотга эга бўлиш кафолатли келажак ҳам эмас!

Доно халқимиз "Ҳунарли - хор бўлмас" деганларидай,  қўлингизда камида 2-3 та ҳунарингиз бўлсагина келажакда тўкис ва фаровон ҳаёт кафолатланган бўлади. Ҳунар ўрганган ҳар бир ёш ўз касбининг моҳир устаси, таъбир жоиз бўлса ўз ишининг академиги бўлиши лозим!

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 сентябрда эълон қилинган “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб юртимизда янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилмоқда.

Туманимиздаги кончилик касб-ҳунар коллежи техникумга айлантирилиб, методик ёрдам кўрсатувчи олий таълим муассасаси Навоий давлат кончилик институти ҳисобланади.

Мазкур техникумда олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига интеграциялашган таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрланади. Муассасада ўқитиш шакли кундузги, кечки ва сиртқи, контингенти умумтаълим мактабларининг битирувчилари ҳамда катта ёшдаги аҳоли ҳисобидан  шакллантирилади. 

Техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар  Навоий давлат кончилик институтининг  бакалавриат таълим йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳам Учқудуқ ёшларига берилган бир имкониятдир, десак тўғрироқ бўлади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу йилги битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалалари ҳар бир туман раҳбарининг  энг муҳим ва устувор вазифаси этиб белгилаб берилди.

«Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори қабул қилинганидан хабарингиз бор.

Мазкур қарорга асосан, 1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият, ишлар, хизматлар турлари рўйхати кенгайтирилди. Аҳолининг айниқса, ёшларнинг 67 та йўналишда  ўзини ўзи банд қилиш имконияти тақдим қилинмоқда.

Халқимизга хос уста-дурадгорлик, чеварлик, миллий ширинликлар пишириш, ёғоч ва темир буюмларига ишлов бериш, сартарошлик, дизайнерлик   ва бошқа кўплаб йўналишлар  рўйхатдан жой олган

Жорий йилда туманимизда  1421 та янги иш ўринлари,  жумладан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига  783 та, инвестицион лойиҳалар ва ижтимоий инфратузилма ҳисобига 638 та Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузуридаги “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси маблағлари асосида 25 та  иш ўринлари яратилади.

Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида 3,5 млрд., ҳунармандчилик йўналишида 500,0 млн.,  “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг 1,2 млрд. сўмлик кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 336 нафар ёшларни жалб этиш орқали  улар бандлигини   таъминлаш белгиланган.

Дарҳақиқат, меҳнат инсоннинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Шунинг учун ҳам инсон ҳаётини, турмушини меҳнатсиз, яратувчиликсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Зеро, "Ҳунар - ҳунардан ризқинг унар" сингари  кўплаб мақоллар борки, уларнинг замирида бирор-бир ҳунарни эгаллаб, уни даромад манбаига айлантирган кишининг ҳам ўз оиласи фаровонлигини таъминлаши, ҳам элга, юртга наф келтириши ифодаланади. Бундай ёшлар Учқудуқда ҳам талайгина. Ўқиш ва ишлашлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар учқудуқлик ёшларни янги марралар сари ­ундаётгани бор гап.

Етарли салоҳият, кенг имконият мавжуд бўлган Учқудуқда ёшлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар ҳафтанинг сешанба куни - ёшлар бандлигини таъминлаш куни деб белгиланди. Ва, бу борада таклиф, мулоҳаза ва мурожаатларингиз бўлса туман ҳокимлигининг  593-22-12 ишонч телефонига мурожаат қилишларингиз мумкин бўлади.

Юрагида ўти бор азиз ёшлар!

Қадрли битирувчилар!

Ёшлик инсон умрининг  гўзал ва беғубор фасли, улкан орзу-умидлар, беқиёс имкониятлар даври эканини янада чуқур ҳис қилиб, сиз, навқирон фарзандларимизга энг эзгу тилакларимизни  изҳор этмоқчиман!

Қаерда бўлманг, мактаб партасида олган билимларингиз сизга қўл келишига, келгусида  олий таълим муассасаларида, касб-ҳунар техникумларида уларни янада мустаҳкамлаб боришингизга умид қиламан. 

 Ўзбекистон – улкан имкониятлар мамлакати! Бугун биз ўз олдимизга қўйган улкан ва масъулиятли вазифалар бутун халқимиз каби сиз ёшлардан ҳам ҳар томонлама катта тайёргарлик ва сафарбарликни талаб этмоқда.

Ишончим комил, сизлар замонавий билим ва тараққиёт чўққиларини эгаллаб, ўз амалий ишларингиз, ғайрат-шижоатингиз билан жонажон Ватанимизга муносиб, садоқатли фарзандлар бўласиз.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақиятлар ёр бўлаверишини тилайман!

O'qilgan: 126 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879) 593-11-03
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: