LOTIN-КИРИЛЛ

“WhatAapp” ТУФАЙЛИ БОЛАМДАН АЖРАЛДИМ

“WhatAapp”  ТУФАЙЛИ БОЛАМДАН АЖРАЛДИМ

Икки йил олдин турмушга чиқдим. Мен ўғил болалардек ҳаддан зиёд шўх, ўта қизиқувчан эдим. Бу менга болаликдан теккан “касал” эди. Турмушга узатилиб ҳам бу иллатлардан қутула олмадим. Ана шу хусусиятларим “WATSAP” га шўнғиб кетишимга сабаб бўлди. Турмуш ўртоғим оғир-босиқ, оилапарвар йигит эди.

Биз фарзанд кўрдик. Оҳ, ўша пайтдаги қувончларимиз, шоду хуррамлигимизнинг поёни кўринмасди. Жажжигина гўдагимга қараб-қараб тўймасдим. Эрим ҳам ишдан келиши билан, уни қўлимдан олиб ўйнатар, эркалар, қучоғидан қўймасди. Хуллас, бахтли кезларимиз эди. Биз эр-хотин иккаламиз яшардик, қайнона-қайнотам чўпонлик қиларди.

Эрим кеч тушганча ишда бўлар, мен уйда бола билан ёлғиз қолардим. Чақалоқ кўпинча ухлар, мен эса уззукун бекорчиликдан зерикардим. Шундай кунларнинг бирида синфдош дугоналарим  ҳолимдан хабар  олиш мақсадида меҳмонга келишди. Чиройли дастурхон тузаб, уларни тансиқ таомлар билан сийладим. Дугоналаримнинг кўпи ҳали узатилмаган, эркин қуш эди. Тўғриси, озод юрган бу “қуш”ларга қараб ҳавасим келарди. Гапдан-гап чиқиб, уйда зерикаётганимни айтдим. Шунда  улардан бири: “Вой, нега  “WATSAP” га кирмай қўйдинг, шу билан овунармидинг” деди.

Мен турмушга чиққанимдан бери ижтимоий тармоққа кирмагандим, сабаби турмуш ўртоғимнинг бу ҳақда фикри ижобий эмасди. Айни шу ҳақида дугоналаримга айтганимда, гап бошлаган бояга ўртоғим йўл кўрсатди: “Намунча, соддамасдинг-ку?! Бошқанинг номидан кир, бир-иккита артисткаларнинг суратини қўй, ким  билиб ўтирибди?”.

Унинг фикри менга маъқул келди. Хуллас, кўнглимга яна “ишқ” тушди. “WATSAP”  га бўлган иштиёқ   оловланиб кетди. Буни турмуш ўртоғимдан сир тутишга қарор қилдим. Хуллас, мен учун овунчоқ топилганди. Эрим ишга кетиши биланоқ, интернетга кирардим. Дугоналарим, қариндошлар билан соатлаб гаплашардим. У-бу янгиликлардан огоҳ бўла бошладим. Мен бир вақтлар йўқотган нарсамни қайта топиб олгандек эдим. “WATSAP”  га  шу қадар шўнғиб кетдимки, бор дунёим ҳам унутилиб кетди. Оқибат...

Бу мудҳиш воқеа, яккаю ягона болам, овунчоғим атак-чечак қилиб юра бошлаган илк кунларда содир бўлди. Ўшанда турмуш ўртоғим ишга кетаётиб, “Боладан эҳтиёт бўл, юраяпти, ҳовлида ҳовуз бор” дея такрор-такрор уқтирганди. Мен эса бунга лоқайд қарабман.

Овул уйларида  ҳамма  истеъмол учун ҳовузга сув қуйдириб олади. Бизнинг ҳовлимиз этагида ҳам ана шундай чоғроқ ҳовуз бўлиб, куни-кеча “водавоз” машинада лиммо-лим  қилиб сув қуйилганди.

Болам, жигарбандим...

Мен “WATSAP”  да дугоналарим билан сирлашиб, реал ҳаётдан узилиб қолдим. Бир вақт ўғлим ёдимга тушиб ташқарига югуриб чиқдим. Ҳовли жим-жит, сукунат измида эди.

Ўғлимни чақириб, у ер – бу ерга қарадим. Жавоб бўлмагач, юрак ҳовучлаб ҳовузга яқинлашдим. Не кўз билан кўрайки, юрагимни парчаси, жон-жигарим кўм-кўк бўлиб сув ичида ётарди. Жон ҳолатда қичқириб юбордим. Ўғлимни ҳовуз ичидан тортиб чиқардим. Унда тириклик аломатлари сезилмади. Шошиб турмуш ўртоғимга телефон қилдим. “Тезроқ, тезроқ келинг, ўғлимиз!...” у ёғини айтолмадим. Йиғлаб юбордим.

Ўғлим эндигина бир ёшни қаршилаганди. Менинг эҳтиётсизлигим, лоқайдлигим сабабли у нобуд бўлди. Бу ишда фақат ва фақат ўзимни айбдор деб биламан. Агар “WATSAP”  га муккасидан кетмаганимда ва доим болажонимдан хабардор бўлганимда у ҳаётни эрта тарк этмасди. Бу мудҳиш воқеа ёш боласи бор келинчакларга, аёлларга ибрат бўлсин, дейман.

Ҳушёрликни қўлдан бой берманглар, ҳеч қачон! Зеро, фарзанддан азизроқ, ширинроқ неъмат йўқ бу дунёда!

Айгулнинг сўзларини Райҳон ҚОДИРОВА ёзиб олди.

O'qilgan: 294 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 16 Jun 2020

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879) 593-11-03
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: