LOTIN-КИРИЛЛ

ОЛТИН ЗАВОДДА ИШЛАШ – ЮКСАК ШАРАФ!

ОЛТИН ЗАВОДДА ИШЛАШ – ЮКСАК ШАРАФ!

Қадрли дўстлар!

Азиз  ҳамкасблар!

 

Мустақиллик йилларида бунёд этилган ва айни вақтда республикамиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган саноат корхоналари ҳақида сўз кетса, Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводи биринчи бўлиб тилга олинади. Ўзбекистон истиқлолга эришганига тўрт йил тўлмасдан шундай йирик объектнинг қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилиши Республика ҳаётида катта воқеа бўлди.

Бундан 25 йил олдин  Ўзбекистондай ёш мамлакатнинг бундай катта иншоатни бунёд этиши,  фойдаланишга топшириши жуда катта жасорат эди,  десак муболаға эмас. 1995 йилда  3-гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоатини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланди.

Мана орадан 25 йил ўтиб, 3-гидрометаллургия заводи шиддат билан ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Ривожланишига асосий сабаб бу ҳар бир цех, участка, бўлим ва бўлинма ходимларининг тинимсиз, кечаю кундуз олиб бораётган меҳнатлари маҳсулидир. Бугун комбинат тизимида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциялашуви жараёнида янги инновацион ғояларга асосланган стратегик лойиҳалар жорий этилаётганлиги ўзининг юксак самарасини бермоқда. Шимолий кон бошқармасининг 3-гидрометаллургия заводидаги янгиланишлар бунинг яққол далилидир. Кон-металлургия саноатининг равнақи ва қудрати илғор технологияга эга бўлиши билангина эмас, балки уни муттасил такомиллаштириш ва кадрлар салоҳиятига ҳам боғлиқ бўлади.

Ҳозирда Қизилқум бағридаги маъданларни кашф этибгина қолмай унинг тайёр маҳсулот сифатида дунё бозорига  чиқишида маҳаллий ёшларимизнинг илм ва кўникмаларига таянмоқдамиз. Бугун заводимиз ўз тажрибасида  дунё кончилик амалиётидаги ноёб ва мураккаб технология – сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш орқали олтин ажратиб олиш самарали эканлиги исботлади. Айни вақтда корхона шуҳратини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ўстириш йўлида дадил қадамлар қўйилиб, мустаҳкам пойдевор яратилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз томонидан Навоий кон-металлургия комбинатиди 2017-2026 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган дастурлар доирасида 3-гидрометаллургия заводида ҳам қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Кокпатас ва Дауғизтау олтин конлари маъданларини қайта ишлаш технологиясини янада такомиллаштиришга қаратилган лойиҳа  “Ўзгеорангметлити” институти ҳамда Германиянинг “Инжиниринг Доберсек” компанияси ҳамкорлигида ишлаб чиқилди. Яқинда заводимизда юқори технологик мажмуа фойдаланишга топширилди. Ушбу мажмуа Қизилқум саҳросидаги олтинга бой маъданлардан олтин олиш ҳажмини ошириш имконини беради. Янги лойиҳани  амалга ошириш эвазига қўшимча 200 га яқин янги иш ўрни яратилди.

Бугунги кунда “Кокпатас” ва “Дауғизтау” конларининг маъданни қайта ишлаш ҳажми 1995 йилга нисбатан 6,5 баробарга ошди. Маъдандан олтинни ажратиб олиш даражаси 1,5 баробарга оширилди. Ва ниҳоят тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш миқдори 4,5 баробарга кўтарилди.

Замонавий технологияларни жорий этиш асосида маҳсулот ҳажмини кўпайтириб бориш баробарида ижтимоий масалаларни ҳал қилиш ҳам завод раҳбариятининг диққат марказида бўлмоқда. Барча участкаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ишчи-хизматчиларнинг кучи билан завод ҳовлиси ва атрофида бунёд этилган фавворалар корхона ҳудудига ўзгача кўрк бағишлаб турибди. Яқинда завод ҳудудида 500 ўринли ошхона фойдаланишга топширилди. Фойдаланилмаётган икки қаватли бино 6,5 миллиард сўм маблағ  эвазига  қайта таъмирланиб, замонавий ошхона барпо этилди. Заводимизга келиб кетувчи меҳмонлар, ишчи-ходимлар учун мўъжаз атриум барпо қилинган. Атриум ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиб, қушлар, балиқлар, турфа гуллар  барқ уриб ўсиб турибди. Бу эса ишчи-ходимларга  кўтаринки кайфият бағишлайди.

Азиз дўстлар!

Барча-барчангизни Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводининг қутлуғ 25 йиллиги билан қизғин муборакбод этиб, оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонларингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар камолини кўриш бахтини  насиб этишини тилайман.

Аминманки, олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Келгусида ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз билан биргаликда ана шу юксак довонларни ҳам забт этишимизга ишончим комил.

Шуҳрат НАРБАДАЛОВ,

ШКБ 3-гидрометаллургия заводи директори.

O'qilgan: 56 bora

Uchquduq tumani

Tuman markazi - Uchquduq shahri.Tumanning tuzilgan vaqti – 1982 yil 22-aprel. Territoriyasi – 4663 ming2 km. Tuman markazi Navoiy viloyati markazigacha bulgan masofa – 300 km. Aholisi - 37028 ming kishi

Qisqacha ma'lumot

Aloqada bo'ling

  Email: This email address is being protected from spambots. You need JavaScript enabled to view it.
  Telefon: (+99879) 593-11-03
  Faks: (0436) 593-11-01
  Manzil: Navoiy viloyati, Uchquduq tumani, Amir Temur ko‘chasi, 28-uy

Ijtimoiy tarmoqlarda: