Print this page

ИККИ ДОНА АНОР

Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Бошланғич синфда ўқирдим. Қишнинг қировли кунларида иситмалаб қаттиқ оғридим. Мактабимни, ўқишни, устозларим дўстларимни шунчалик яхши кўрардим-ки, бир кун бўлсин дарс қолдирмасдим.

Иситмам баланд, юзларим ловуллаб бошим чўғдек ёнса-да, барибир мактабга бордим. Аҳволимни кўрган устозим, елкасига ташлаган катта қалин жун рўмолига ўраб, мени опичлаб уйимга элтиб қўйди.

Орадан бир кун ўтиб синфдошларимни ҳам етаклаб мени кўргани келди. Сумкасидан катта-катта қип-қизил икки дона анорни чиқариб менга узатган ўкитувчим: “Яхшилаб тузалгин, кейин мактабга борасан”, деди.

Мана шу воқеага ҳам 45 йил бўлди. Ҳали-ҳануз устозимнинг меҳр тўла нигоҳларию, берган икки дона анори кўз олдимда турибди...

Ўшанда эндигина учинчи синфда ўқирдик. Бир ёки икки соат дарсдан сўнг бизни ҳам пахта теримига жалб этишарди. Кузнинг сўнги ойлари, ҳаво бўлса совуқ. Кичкиналигимиз учун бўлса керак баъзи бир ўқувчиларнинг бўйи пахтанинг бўйидан ҳам паст. Очилган пахтани тополмаймиз. Кунлар совуган терадиган пахтанинг ўзи қолмаган кунлар эди.

Ўқитувчимиз бошчилиги-да очилмаган "кўсак"ларни теришга тушардик. Шундан сўнг устозимиз ҳикоя қиладиган “Ёрилтош”, “Зумрад ва Қиммат”, “Фарҳод Ширин”, “Алпомиш” каби эртак достонларни тинглашга йиғилардик. Муаллимамиз шунақанги чиройли овоз билан, жонли тарзда баён қилган эртакларини эшитиб, гуё ўша оламга шўнғиб кетардик. Бирортамиз совуқ кунда бўйимиздан узун эгат оралаб оғир меҳнат қилаётганимиздан оғринмасдик. Ўқитувчимизнинг меҳр муҳаббати, ҳар биримиз учун куюнчаклиги бизни иситарди, чамамда.

Ҳа, пахтазорда "кўсак чувиб", достону эртак тинглаган устозимиз давраси илиқ эди биз учун.

Гоҳида синфдошларимнинг бири қаламини, бошқаси дафтарини уйида қолдириб келарди. Устозимнинг сумкаси гўё туганмас хазина эди. Унда нима изласангиз топиларди. Яна устознинг берган сабоқлари ҳозиргача кўз ўнгимда  шундоққина турибди. Икки қўлини жуфтлаштириб ўнг, чап томонга йўналтирган ҳолда сўзларни бехато бўғинга бўлишни, қўлимдан тутганича қатордан чиқмай чиройли ёзишни ўргатарди. “Йўлакдан оғишмай ëзгин”, деб қўярди...

Ҳаётим давомида танлаган йўлимдан, олдимга қўйган мақсадимдан оғишмай юришга ҳаракат қилдим...

Барибир, ҳали-ҳануз устоз ўгитларига амал қилиб ҳаётнинг нурли манзиллари сари одимлашда давом этмоқдаман. Зеро, онамдек азиз, отамдек меҳрибон  МУАЛЛИМАМдан, МАКТАБдан бир умр миннатдорман!

O'qilgan: 139 bora O'zgartirish kiritilgan san'a 09 Apr 2024