Print this page

Менинг наздимда Алишер Навоий сиймоси


      Мен бугун ҳамма қатори Алишер Навоийга таъриф беришдан узоқлашиб, унинг сиймосига ўз чизгиларимни чизгим ва уни ўз қарашларим билан гавдалантиргим келди. Алишер Навоий деганда ёки бирор жойда у киши ҳақида сўз кетганда, аввало кўз ўнгимизда салла ва яктак кийган одми кўринишдаги, соч-соқоли ва қошларига оқ аралашган, кўзлари маъюсроқ кўринсада, фақатгина эзгулик йўлида хизмат қилиш каби маъно англатувчи нигоҳлари узоқ-узоқларни кўзлаётган, сиймо гавдаланади, гарчи биз у киши билан замондош бўлмасакда.
Бу сиймо бизнинг онг-онгимизга сингиб кетган. Қаерда бу суратга кўзлар қадалса, уни дарҳол таниймиз. Чунки бу улуғ даҳони боғчадаёқ танитишади. Нега шундай? Чунки, у кишининг ўзи яшаган давр ҳаётига мазмун қўшганлиги, фақат эзгулик сари интилгани, халқ дарди билан яшагани, маънавий бойлик тарафдори эканлиги, илмсизлик - зулматда қолиб кетишдек даҳшатли эканлиги, айни даврдаги ўз нафсингни қондириш билан боғлиқ ҳаракатларинг маъносиз яшаш эканлиги, бироқ қилган яхшиликларинг ила асрлар давомида ўша замон одамлари билан ҳамнафас, маслакдош бўлиб яшашинг мумкинлигини англатувчи қарашлари биз учун катта мактабдир.
       Дунё тамаддунида юксак баҳо берилган Навоий ижодининг биз биладиган бор йўғи бир-икки ғазал, рубоий ва фардларининг ўзида қанчалик катта тарбиявий дастур мужассамки, бутун ҳаётимизни яхшилик сари ўзгартирадиган хулосалар яширин. Сизга икки мисралик фардни эслатаман.
Мурувват барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмоқдур, демак йўқ.
Хулоса ўзингиздан. Балки Навоийдек бир неча асрлар давомида боқий яшолмасакда, ҳеч бўлмаганда яқинларимиз, қўни-қўшнилар, ҳамкасблар ва атрофдагиларимиз орасида энг эзгу фикр-мулоҳазалар билдирилишига эришиш мумкиндир…


Дилором САЛИМОВА,
ШКБ 3-сонли ГМЗ маънавий-маърифий
ишлар бўйича инспектори.

O'qilgan: 136 bora