Print this page

Кокпатас овули номланиши тарихи

    Мазкур ҳудуддаги нуронийлар берган маълумотларга кўра “Кокпатас” номи тарихи XIV–XV асрларга – Амир Темур ҳукмронлиги даврига ҳатто ундан ҳам қадимийроқ даврларга бориб тақалади. “Кокпатас” номи неча асрлардан буён авлоддан-авлодга мерос сифатида ўтиб келаётган жуда табаррук ва хосиятли жой номи бўлиб, шу ерлик аҳоли учун қадимий ном саналади. Маълумотларга кўра, ўтмишда Туркманистон, Қозоғистон каби давлатлардан очарчилик сабаб одамлар шу ҳудудга кўчиб келиб шу ерларни манзил-макон қилиб, Кокпатас овулида аҳил-иноқ яшаганлар.

    Ушбу ҳудуд табиат мўъжизаси дея эътироф этилган, қадим-қадимдан ҳозиргача сақланиб қолган, суви шифобахш бўлган қапқоқли булоқ мавжуд бўлгани боис “Қапқоқтош” маъносини англатувчи “Қапқақтас” номи билан аталган.

    Ўтмишда “Кокпатас” ҳудудига кираверишда, ўнг тарафда, сой бўйида булоқлар (чашмалар) бўлган, чўлнинг ўртасида ҳаёт рамзи сифатида доимий зилол чашма суви чиқиб турган. Булоқларнинг бири табиат мўъжизаси сабаб катта тошнинг тагида худди қопқоқ билан ёпилгандек кўринишда бўлгани сабаб, мазкур жой шу ерлик чорвадор чўпонлар ва маҳаллий аҳоли тилида ҳаёт манбаи бўлган мўъжизавий булоқ кўринишига тақлидан “Қапқақтас” номи билан юритила бошланган. 1958 йилда геология қидирув ишлари олиб бориш учун турли миллатларга мансуб геологлар келиб мазкур ҳудуд номини “Какпатас” тарзида талаффуз қилишган ва геология қидирув ишларини олиб бораётган экспедиция номи ҳам “Кокпатас” деб номланган. Шу тариқа бу аҳоли пункти номи маҳаллий аҳоли тилида ўзларига қулай шаклда “Кокпатас” тарзида юритила бошланган ва мустақиллик йилларида ташкил қилинган МФЙга ҳам маҳаллий аҳоли хоҳиши ва талабидан келиб чиқиб ўзлари йиллар давомида ўрганган ном - “Кокпатас” номи берилган. 

    “Кокпатас” аҳоли пункти номи ва ушбу ном билан боғлиқ маълумотлар Борис Шалатониннинг “Қизилқумнинг мингдан бир мўъжизаси” китобида, Искендер Матжусип ўғлининг “Хосиятли ўлкам – Қизилқум” китобида, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да, 2015 йил нашр қилинган “Учқудуқ – Қизилқум жавоҳири” китоб-альбоми ва 2017 йил нашр қилинган “Учқудуқ – саҳродаги бўстон!” альманахида мавжуд. 

 

O'qilgan: 498 bora