Print this page

Халифанинг қизи нега йиғлади?

Айтишларича, Умар ибн Абдулазизнинг қизчалари бир кун ҳузурларига йиғлаб кирди. Ўша пайтда у ёшгина қизча бўлиб, у кун эса ҳайит куни эди.

 

– Сизни нима йиғлатди, – деб сўрайди амирул-муъминийн.

 

Қизлари: "Ҳамма болалар бугун янги кийимлар кийишди, мен амирул-мумининнинг қизи бўла туриб, эски кийимдаман", – дея жавоб қилди.

 

Умар унинг йиғисидан таъсирланиб, Байтул мол хазиначиси олдига бордилар ва унга: "Кейинги ой маошимни менга бериб тура оласизми", дедилар. 

 

Хазинабон: "Нега, эй амирал-муъминийн", деди. 

 

Умар унга бўлган воқеани айтиб бердилар. 

 

Шунда хазинабон: "Мен қаршимасман, лекин битта шартим бор", –деди.

 

Умар: У қандай шарт экан, дедилар. Хазинабон: "Менга кейинги ойгача тирик қолиб, олдиндан олмоқчи бўлган маошингизни тўлаб бера олишингизга кафолат беринг!" – деди. 

 

Умар уни қолдириб, уйларига қайтдилар.

 

Фарзандлари: "Отажон, нима бўлди", деб сўрашди. 

 

Умар: "Ё сабр қиласизлар ва ҳаммамиз баробар жаннатга кирамиз, ёки сабр қилмайсизлар ва отангиз дўзахга киради".– дедилар. Шунда болалари: "Сабр қиламиз, отажон!" дея жавоб қилишди.

 

Қанийди, бизда ҳам мана шу учлик бўлганда эди: Умар, хазиначи ва Умар болалари...

 

Мубашшир Аҳмад

O'qilgan: 869 bora