Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / УЧҚУДУҚДА “ПАУЭРЛИФТИНГ” БЎЙИЧА республика чемпионати ўтказилди

УЧҚУДУҚДА “ПАУЭРЛИФТИНГ” БЎЙИЧА республика чемпионати ўтказилди

Жорий йилнинг айни баҳор ойларида яъни 28.03.2018 дан 01.04.2018-кунлари Республикамизнинг олис тумани бўлган Учқудуқда Ўзбекистон Республикаси Пауэрлифтинг федерацияси, Навоий вилояти Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси тасарруфидаги Учқудуқ туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Учқудуқ тумани Ёшлар иттифоқи томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017-йил 3-июндаги ПҚ-3031 сонли қарори ижросини таъминлаш ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ҳамда туманда спортни ривожлантириш мақсадида спортнинг "Пауэрлифтинг” тури бўйича Республика чемпионати ўтказилди.

Учқудуқ шаҳридаги "ЛОЧИН” спорт мажмуаси Пауэрлифтинг ва Пауэрлифтинг паралимпия спортчилари ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларга мезбонлик қилди. Чемпионатда республикамиздан 300 дан ортиқ, жумладан 70 нафар имконияти чекланган спортчилар иштирок этдилар. Беш кун давом этган мусобақалар якунида 9 та олтин, 4 та кумуш, 6 та бронза медални қўлга киритган мезбонлар биринчи ўринни эгаллашди. Фахрли 2-ўрин Хоразм вилояти спортчиларига, 3-ўрин эса Термиз шаҳри жамоасига насиб этди.

Паралимпиячилар ўртасидаги мусобақаларда жаҳон чемпионати совриндори Роза Қўзиева, Параосиё ўйинлари чемпиони Шаҳзода Мамадалиева, тўрт карра жаҳон чемпиони Исмира Исломова, Рио олимпиадаси иштирокчилари Ахрор Бозоров ва Нуриддин Давлатов сингари номдор спортчилар ўз вазн тоифаларида яхши натижаларни қайд этдилар ва ушбу спортчиларнинг иштироки чемпионат рейтингига ижобий таъсир қилди. Улар шу йилнинг сентябрь ойида Баку шаҳрида булиши мулжалланаётган мусулмон давлатлари олимпиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилишади. Энг қувонарлиси шундай нуфузли мусобақаларда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритганлар орасида Учқудуқ уй-жой коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Шаҳбоз Бобомуродов ҳамда 48кг. вазнда 102кг. тош кўтарган учқудуқлик ўқувчи Азиз Эрназаров ҳам бор. Соғлом спортчилар мусобақасида, уч босқичда жами 660 кг.тош кўтарган НУМК Шимолий кон бошқармаси 1-автокорхона ҳайдовчиси Ҳусниддин Бўриев ҳам олтин медални қўлга киритиб 14марта Ўзбекистон чемпиони деган номга сазовор бўлди. Ҳусниддин шу кунгача 8 карра Осиё чемпиони ва рекордсмени, 1 марта жаҳон чемпиони ва 2 марта совриндор бўлган. Халқаро тоифадаги спорт устаси Ҳ.Буриев бугунги кунда ўз вазни тоифасида, ( 66кг.) жаҳон рейтинги бўйича иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

У Кубада бўладиган жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Иқтидорли спортчи ва мураббий Илҳом Бўриевнинг шогирдлари Нилуфар Шодмонова, Сарвиноз Носирова, Суғдиёна Ҳамзаева, Боғдагул Бобоқулова, Ҳусниддин Бўриев, Ўктам Мамаражабов, Шаҳзод Сафарбоев, Нуритдин Ҳалимов ва Шоҳжаҳон Шарифжоновлар чемпионатнинг олтин медалларига сазовор бўлдилар.

Ушбу нуфузли мусобақани ташкил этишда, учқудуқлик ёшларни Пауэрлифтинг спорт турига жалб қилиб, уларга мураббийлик қилгани ва унинг шогирдлари юқори ўринларни эгаллаб келишаётгани учун бир неча бор Республика, Осиё ва Жаҳон чемпионатлари ғолиби ва совриндори, Халқаро тоифадаги спорт устаси Илҳом Буриевга Жаҳон ва Олимпия ўйинларига ҳакамлик қилиш ҳуқуқини берадиган "Олий тоифали ҳакам” унвони берилди. Спортнинг дзюдо кураши бўйича Осиё чемпиони, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси, 2017-йилги Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Маҳлиё Маннонованининг бугунги кунда ушбу Болалар ва усмирлар спорт мактабида мураббийлик қилаётгани ҳам келажакда ушбу мактабдан кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиқишига умид уйғотади.

Юқоридаги маълумотномалардаги натижалардан кўриниб турибдики муъжазгина Учқудуқ шаҳри ва туманида спортнинг барча турлари буйича юқори натижаларга эришилмоқда. Учқудуқ тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби 2015-йилда ташкил этилган бўлишига қарамасдан қисқа вақт ичида болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришда оламшумул натижаларга эришилди. Спорт мактаби директори Умирбек Салимов раҳбарлигида туманда ва олис овулларда ҳам спортнинг кураш, шахмат-шашка ва бошқа турлари бўйича машғулотлар ташкил қилинган. Улардаги машғулотларни мураббийлик ҳуқуқига эга мутахассислар олиб бормоқдалар. Учқудуқлик ёшлар ва уларнинг ота-оналари соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашда қилинаётган саъий-ҳаракатлар ва яратилаётган шароитлар учун мутасадди ходимларга, мураббийларга, туман, вилоят ва республика раҳбариятига ўз миннатдорликларини билдириб қоладилар.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: