Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ТАРАҚҚИЁТ САРИ ОЙДИН ЙЎЛ

ТАРАҚҚИЁТ САРИ ОЙДИН ЙЎЛ

Туман ҳокими Хамроев Соли Фармоновичнинг Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари касб байрами муносабати билан соҳа фидоийларига байрам табриги

Ассалому алайкум азиз учқудуқликлар!

Туманимиз меҳмонлари!

  Мана бугун ўн еттинчи йилдирки, Биринчи Президентимиз фармонига асосан, май ойининг учинчи якшанбасида, Ўзбекистон Республикаси кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни байрам қилинмоқда.

  Шу муносабат билан кўп минг сонли Навоий кон металлургия комбинати ҳамда Шимолий кон бошқармаси тасарруфидаги меҳнат жамоаларини, у ерда фидоийларча меҳнат қилаётган соҳа ходимларини касб байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман!

  Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ, давлатимиз раҳбари томонидан кончиларга кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлиги айтиш жоизки, соҳа фидойилари олдига қўйилган вазифаларни юқори даражада бажаришида доимо куч ва мадад бўлди.

  Бугунги кунда улкан ишлаб чиқариш ресурсларига эга комбинатда, қолаверса Шимолий кон бошқармасида техник ва технологик модернизация жараёнлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда. Натижада корхона жаҳон бозорида ҳам салмоқли ўрин эгаллайди.

Қадрли соҳа фидоийлари!

  Ўзбекистонда аниқланган қимматбаҳо қазилма бойликлар заҳирасининг 85 фоизи Навоий кон-металлургия комбинати ҳиссасига тўғри келади. Шу боис, комбинатни ҳақли равишда мамлакатимиз тоғ-кон саноатининг байроқдори, дейиш мумкин.

  Бугун мамлакат кон-металлургия саноатининг пешқадамларидан бири бўлган Навоий кон-металлургия комбинатига бешик вазифасини ўтаган – Учқудуқ билан ҳар қанча фахрлансак, ҳар қанча ғурурлансак, арзийди.

  Ҳа, Навоий кон – металлургия комбинатининг ташкил этилиши Учқудуқдан бошланган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз!

  Яна бир муҳим жиҳат, мамлакатнинг барча саноат тармоқларида бўлгани каби Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам модернизация ишлари олиб борилмоқда. Президентташаббуси билан 2017-2026 йилларда комбинатда 27 лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. 5-гидрометаллургия заводи уларнинг энг муҳимларидан биридир. Умумий қиймати 396 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу лойиҳа йилига 5 миллион тонна рудани қайта ишлаш, 5 минг 300 га яқин иш ўрни яратиш имконини беради.

  Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 январдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожалантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурига мувофиқ, 3-сонли гидрометаллургия заводида бугунги кунда қаттиқ рудалардан олтинни ажратиб олиш технологиясини такомиллаштириш юзасидан инвестицион дастурни амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур лойиҳа фойдаланишга топширилиши билан яна 200 та янги иш ўрни яратилади.

  Комбинат олимлари ва мутахассислари мураккаб таркибли, қайта ишлаш қийин бўлган рудалардан олтин ажратиб олишнинг янги технологиясини яратганликлари учун Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг «Энг яхши ихтирочи» олтин медалига сазовор бўлдилар. Лойиҳа Ўзбекистон Қаҳрамони, комбинат бош директори Санакулов Кувондик Санакулович раҳбарлигида муҳим ихтирони яратиб, Ўзбекистон шуҳратини оламга ёйган ҳамюртларимизнинг номларини ифтихор билан таъкидласак арзийди.

  Улар орасида Шимолий кон бошқармаси директори Золотарёв Юрий Петрович, бош технолог Улуғбек Эргашев, 3-гидрометаллургия заводи бош муҳандисининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Махмуд Жумаев, бош муҳандис Шуҳрат Нарбадаловлар ҳам бор.

  Шубҳа йўқки, Навоий кон-металлургия комбинатининг жаҳонда бу каби юксак эътироф этилиши барчамизни беҳад қувонтиради ва эртанги кунга бўлган ишончимизни янада оширади.

Азиз учқудуқликлар!

  Авваллари, ер ости бойликларини қазиб олиш базаси ҳисобланган ушбу ҳудуд, айни пайтда йирик саноат марказига айланиб бормоқда. Катта-кичик ишлаб чиқариш корхоналари, замонавий маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилмоқда. Энг муҳими, инсонлар истиқлол ислоҳотлари моҳиятини теран англаган ҳолда, эзгу ишларга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Ҳурматли ҳамкасблар!

  Бугун дўстликнинг намунаси, амалда ўз исботини топган жамоа аҳли мамлакат истиқлолини мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилмоқда.

  Ана шундай самарали меҳнатингизга қут-барака, оилаларингизга тинчлик-хотиржамлик ва соғлик-саломатлик тилайман!

  Учқудуқ олтини, жонажон Ватанимизнинг гуллаб-яшнаши ва ёрқин келажагининг бир гарови бўлиб узоқ йиллар хизмат қилаверсин!

Байрамингиз яна бир бор муборак бўлсин азиз соҳа ходимлари!

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: