Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       

БУНЁДКОРЛИК ТИМСОЛИ

 

  1995 йил 14 июнь куни мамлакат иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган 3- гидрометаллургия заводининг биринчи босқичи ишга туширилди. Мустақилликнинг илк йирик иншоотини фойдаланишга топшириш оламшумул воқеага айланиб кетди, десак муболаға бўлмайди.

  Мана шунга ҳам 23 йил бўлибди. Шу йиллар давомида хом ашёни қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бир неча баробарга ўсди. Бу каби юқори ўсиш суръатларига эришишда сульфидли рудага қайта ишлов бериш йўлга қўйилганиҳисобига эришилди.

  Дунё бўйича ўта мураккаб ишлаб чиқариш жараёни ҳисобланган ушбу технология мамлакатимизда муваффақиятли ўзлаштирилиб, мазкур вазифани завод жамоаси муносиб даражада уддалаб келмоқда.

  Гигант корхонага кирар экансиз, дарвоза пештоқидаги «Бизқуриш ва яратиш йўлидан бораверамиз», деган ёзувга дуч келасиз. Бу ибора кўп миллатли ва аҳил жамоанинг шиорига айланган.

   Бинобарин, бу ерда яратувчанлик ва бунёдкорлик бир лаҳзага бўлсада тингани йўқ. Ҳозирда заводда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 январдаги қарори билан тасдиқланган 2017-2021 йилларга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожалантириш ва қайта тўлдириш давлат дастурига мувофиқ, «Ўзгеорангметлити» институтининг лойиҳаси асосида қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Лойиҳа қиймати 70 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

  Бунёдкорлик ва қурилиш ишлари поёнига етказилиб, янги объект фойдаланишга топширилса яна 200 та янги иш ўрни яратилади.

  Корхонанинг истиқболи, албатта ёшларга, уларнинг салоҳиятига боғлиқ, десак муболаға бўлмайди. Жамоада меҳнат қилаётганларнинг 70 фоизини 30 ёшгача бўлган 20 дан зиёд миллат вакилларидан иборат мутахассислар ташкил этади.

  Кечагина касб-ҳунар коллежи ҳамда олий ўқув юртларини тугатиб ишга келган ёшлар замонавий технологик ускуналарни моҳирлик билан бошқармоқда. Ишлаб чиқариш ва техника бўлими бошлиғи Суҳроб Қузиев, завод бош инженерининг ишлаб чиқариш бўйича ўринбосари Маткарим Алиқулов, бош технолог Жасур Бердиев, майдалаш цехи бошлиғи Жамшид Жабборов ва бошқалар ана шулар жамласидандир.

  Дарҳақиқат, иқтисодий салоҳиятимизни тобора юксалтириш йўлида ғайрат-шижоат билан меҳнат қилаётган 3-гидрометаллургия заводи жамоаси ўз зиммасидаги масъулиятли вазифани шараф билан уддалаб, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга муносиб улуш қўшмоқда.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: