Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / АБАЙ – БУЮК ШОИР ВА МУТАФАККИР!

АБАЙ – БУЮК ШОИР ВА МУТАФАККИР!

  Буюк маърифатпарвар шоир ва мутафаккир, халқлар дўстлигининг оташин куйчиси Абай Қўнонбоев бой ижодий меросини ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 13 мартида давлатимиз раҳбарининг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори имзоланди.

  Унга кўра, Абай Қўнонбоевнинг умуминсоний қадриятлар ва меҳр-оқибат туйғулари юксак пардаларда тараннум этилган етук бадиий асарларини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш кўзда тутилган. Шу билан бирга ўқувчи ёшлар ўртасида "Абай асари билимдонлари” иншолар танловини ўтказиш ҳам режалаштирилган.

  Ҳақиқатдан ҳам мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарилаётган бугунги кунда қабул қилинган мазкур қарорни айниқса, учқудуқлик ёшлар катта хурсандчилик билан кутиб олдилар. Туманимизда ушбу қарорда белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш борасидаги ишлар аллақачон бошлаб юборилган.

  Жумладан, куни - кеча 9-умумий ўрта таълим мактабида "Абай Қўнонбоев – буюк шоир” мавзусида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Адабиётни улуғловчи ушбу тадбир туман маънавият ва маърифат бўлинмаси, туман халқ таълими бўлими ҳамда туман Ахборот-ресурс маркази мутасаддилари томонидан ташкил этилди.

  Адабий - бадиий кечада ўқувчилар томонидан Абай шеърларидан намуналар ёд айтилди, асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар дўмбира жўрлигида ижро этилди.

  Хусусан, қозоқ халқига хос бўлган миллий урф-одатлар, миллий таомлар намойиши тадбирга йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Шунингдек, ўтов олдида қизлар томонидан миллий нақш ва оюлар солиб тўқилган ва тикилган гиламларнинг намойиш этилгани ҳали ҳам бизнинг ҳудудимизда қозоқ халқига хос ва мос бўлган миллий анъаналар яхши сақланиб қолганлигидан далолат беради.

  Адабий - бадиий кечада ўқувчилар томонидан шоир Абай Қўнонбоевни улуғловчи шеър ва буюк шаxсларнинг шоир ҳақида айтган фикрлари айтилиб, куй ва қўшиқлар ижро этилди.

  Айтиш мумкинки, тадбир барчага бирдек манзур бўлди.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: