Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / НУРОНИЙЛАР МАСКАНИ мажмуаси фойдаланишга топширилди

НУРОНИЙЛАР МАСКАНИ мажмуаси фойдаланишга топширилди

 

9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрами учқудуқлик нуронийларимиз учун қўшалоқ байрам бўлди, десак ҳар томонлама тўғри бўлади.

Муҳтарам Юртбошимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора – тадбирлари тўғрисида»ги тарихий фармони хонадонларимиз фариштаси бўлмиш нуроний ва фахрийларимизга бўлган юксак эътиборнинг амалий ифодасидир.

Мазкур фармонга мувофиқ, ҳар бир туман ва шаҳарларда кекса авлод вакиллари учун барча қулайликларга эга бўлган «Нуронийлар маскани» мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилмоқда. Ана шундай масканлардан бири Учқудуқ туманида ҳам барпо этилиб 8 май куни нуронийлар ихтиёрига берилди.

«Учқудуқ грант» ХК томонидан 280 млн. сўм маблағ эвазига бунёд этилган мажмуада қариялар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу ердан кутубхона ва тиббиёт хоналари, махсус тренажёрлар билан жиҳозланган даволаш-жисмоний тарбия зали, шахмат-шашка клуби ўрин олган.

Муҳтарам Президентмиз томонидан 2017 йил 14 июлда қабул қилинган "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарор юртимизда фахрийларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Бу йил илк бор берилаётган ушбу нишонга туманимизнинг 4 нафар фахрийлари Абдижан Сарсенбаев, Мусладин Ермаханов, Жалғас Гаипов ҳамда Салтанат Ниязметоваларнинг муносиб кўрилгани барчамизнинг қалбимизга чексиз қувонч ва фахру ифтихор бағишлайди.

"Нуронийлар маскани” мажмуасини фойдаланишга топширишга бағишланган маросимда "Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

Тадбирда узоқ овуллардан ташриф буюрган онахону отахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари шунингдек, Ўзбекистон Қаҳрамони Олтин юлдуз соҳиблари Сойибов Фарҳод Яхшиевич, Панин Анатолий Николаевич, ҳамда халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Санакулов Рустамбек Бурханович ва бошқалар иштирок этдилар.

Тантанали маросимда туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович нутқ сўзлаб: "Биз ишонамизки, Сиз нуронийларимиз бу эътиборга жавобан, ёш авлодни она юртимизга муносиб авлодлар этиб тарбиялашда, уларга тўғри йўл кўрсатишда ўзингизнинг бой ҳаётий тажрибангиз орқали муносиб ҳиссангизни қўшасиз” деди.

– Мамлакатимизда кексаларга кўрсатилаётган доимий эътибор ва ғамхўрликдан беҳад миннатдормиз, – дейди 80 ёшли Абдижан Сарсенбаев. – Бу халқимизга хос эзгу фазилатлар, давлатимизнинг кекса авлод вакилларига бўлган улкан эътибор ва ғамхўрлигининг ёрқин ифодасидир. Ушбу мажмуада биз учун барча қулайликлар яратилган. Эндиликда мажмуада фахрийлар учун маданий-маърифий тадбирлар, ёшлар билан учрашувлар ўтказишни режалаштирганмиз.

Дарҳақиқат, Ватанимизнинг тинчлиги, осойишталиги, осмонимиз мусаффолиги кекса отахон ва онахонларимизнинг дуолари ижобатидир. Шу боис мўътабар боболаримиз ва момоларимизни, ота-оналаримизни рози қилиш, уларнинг дуосини олиш – дунёдаги энг улуғ, энг савобли иш демакдир.



 

 

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: