Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ИНСОН ХОТИРАСИ БОҚИЙ, ҚАДРИ УЛУҒ!

ИНСОН ХОТИРАСИ БОҚИЙ, ҚАДРИ УЛУҒ!

Бепоён ва мустақил юртимизнинг шаҳару қишлоқларида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни қутлуғ айём сифатида кенг нишонланмоқда. Аслида, Хотира ва қадрлаш инсон ақл-заковатининг маънавий неъмати, ҳаётнинг азалий мезонидир. Инсон хотира билан тирик, қадр эса муқаддас. Ўтганларни уларнинг хайрли ишларини, жасоратини ёдга олмоқ халқимизга хос эзгу – фазилатлардандир.

1941-1945 йиллардаги миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган, кўплаб шаҳару қишлоқларга вайронагарчилик, офат келтирган фашизм устидан қозонилган ғалабада аждодларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, дейишимизга тўла асосимиз бор.

Ўз юртимиздан олисларда кечган беаёв жангларда жон берган юртдошларимизнинг жасорати ва матонати, фронт орти тунларни тонгларга улаб меҳнат қилган, сўнгги нонини ҳам ўзгалар билан баҳам кўрган юртдошларимизнинг фидоийликлари бугунги авлод қалбида фахр – ифтихор туйғуларини уйғотади ва мангу яшайди.

Шу боис, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб ота-боболаримизга, оғир синовларни сабр – бардош билан енгган имони бутун момоларимизга, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, бугун миллий қадриятга айланди.

Айни кунларда туман ҳокимлиги, «Нуроний» жамғармаси, Шимолий кон бошқармаси, қатор нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда мавжуд корхона ва ташкилотлар мутасаддилари фронт орти меҳнат фахрийларидан Изет Жолмурзаев, Мингой Нурлибаева, Тотлибой Қодиров, Улман Исмайлова, Базарбай Кулкаев, Гайша Калимуллина, Мария Реброева, Анна, Кривенюк, Мария Причина, Полина Филатова, Александра Бородулина ва бошқа икки юздан ортиқ ёши улуғ кексаларимизнинг уйларида бўлиб, меҳр-мурувват кўрсатилди. Уларга совға-саломлар улашилди.

Дарҳақиқат, буюк аждодлар издоши эканлигимизни чуқур ҳис этган ҳолда, ўша оғир ва суронли йилларда фронт ортида меҳнат қилган нуронийларимиз дуосини олишни, энг муҳими тинч-осойишта давримизнинг қадрига етишни, истиқлол берган неъматларни асраб-авайлашни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз зарур. Шу билан бирга тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш каби фазилатларни ёш авлод онгу шуурига сингдириш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

8 май куни «Хотира» хиёбонида ўтказилган «Инсон хотираси боқий, қадри улуғ» деб номланган байрам тадбирларида ана шу мавзулар ўз ифодасини топди.

Байрам тадбирда тумандаги барча корхона-ташкилотлар, жамоатчилик жағармалари бир сўз билан айтганда бутун учқудуқликлар иштирок этди. Тадбир аввалида Ўзбекистон республикаси давлат мадҳияси янгради. Шундан сўнг, Учқудуқ туман ҳокими Хамроев Соли Фармонович туман аҳлини бу ерга ташриф буюрган меҳмонларни байрам билан қутлади.

Шу куни мотамсаро она ҳайкали пойи алвон гулларга бурканди.

Ҳа, бугунги эркин ва фаровон ҳаётни кўз қорачиғидек асраш билан бирга Ватан озодлиги йўлида қурбон бўлган фидойи инсонларни ёдга олиш, уларнинг хотирасини абадийлаштириш, сўнмас жасоратини хотирамизда мангу сақлаш баробарида, инсоннинг ҳаётлигида қадрига етиш, ёши улуғларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз бўлиб қолаверади.


Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: