Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / "УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ТИРИКЧИЛИК ҚУРБОНИГА АЙЛАНГАН ГЎДАК! боласини сотган аёлга ҳукм ўқилди

"УЧҚУДУҚ" газетаси хабар қилади: ТИРИКЧИЛИК ҚУРБОНИГА АЙЛАНГАН ГЎДАК! боласини сотган аёлга ҳукм ўқилди


Ҳайвонот дунёсида бирор жонзот борки, боласини ташламайди. Битта эмас, бешта туққан ит ҳам бирорта кучугини биров олиб кетса, увиллаб йиғлаганини кўрганимиз бор. Аммо, дунёда ақли билан ҳайвондан фарқ қилувчи жонзот – одамзод авлоди кейинги пайтда ҳайвон қилмайдиган ишларни қиляптики, ёқангни ушлаб, "астағфуруллоҳ” дейишдан бошқа чоранг йўқ.

Ахир, ўз фарзандини туғибоқ бўғиб, ахлат қутисига ташлаб кетаётганлар, селофанга ўраб, тириклайин кўмиб қўйганлар, ҳожатхона тешигидан ташлаб юбораётганлар ҳам инсон зотидан. Ёки бўлмасам, туғдиришга туғдириб қўйиб, "мендан эмас” деган баҳоналар билан қарамасдан кетаётган "ота” номига номуносиблар ҳам инсон зотидан. Афсуски, болани дунёга келтирибоқ, харидор излаган юртдошларимиз ҳақида ижтимоий тармоқларда бот-бот хабарлар тарқатилмоқда.

Асли Оқтошлик лекин, Учқудуққа "насиба” излаб келган Р.Фазилат (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай "юзиқаро”лардан. Воқеа шу тарзда кечган эди...

Турмуш ўртоғи бошқасига уйланиб кетгандан сўнг, икки нафар болаларини етаклаб Учқудуққа опасининг уйига келган Фазилат бозорда савдо-сотиқ қилиб юрди. Қўли унча-мунча пул кўргандан сўнг алоҳида ижарада яшай бошлади. Бу орада оёғига "ўралашиб” ишларига халақат бераётган кичкина ўғлини бегона бир аёлга васийликка бериб юбоди. Анча енгил тин олган Фазилат бир мунча вақт ўтиб "зериккандай бўлди”.

Кўп ўтмай "Тико” русумли автоуловда киракашлик қилаётган И.Аслиддин билан танишиб, машинасида бир-икки бор уйгача кузатиб қўйишлар, кафе-барларда санғиб юришлар охир-оқибат шаръий никоҳ билан якун топди. Қонуний никоҳидаги икки ўғлига "ота”лик қилолмаган Аслиддин бировнинг фарзандига қандай оталик қилсин?! Бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаган Фазилат кўп ўтмай ўзининг ҳомиладор бўлиб қолганлигини сезади.

"Элнинг оғзига элак тутиб бўлмаганидек” Фазилатнинг ҳомиладор бўлиб қолгани эл ичида ёйилиб кетади. Бундан олдинги боласини ҳам бегона бировларга бериб юборганлигидан хабар топганлар ҳали туғилмаган гўдакка харидор ҳам бўлишди.

4 апрель куни кўзи ёриган аёл ўғлига Алинур деб исм қўяди. 11 апрелда туман марказий касалхонасида ишловчи олдиндан таниш бўлган Ҳафиза исмли аёл Фазилатнинг холидан хабар олгани ижара уйга келади. Бир қариндоши анча йиллардан бери фарзандсизликдан қийналаётгани боис, ўғлини ўша оилага бериш таклифини билдиради. Шу тариқа музокаралар бошланиб кетади.

Фазилат бирда: "Ўғлимни ўзим тарбиялаб вояга етказаман” деса яна кейинги сафар: "Шароитим оғир, қийналяпман” деб иккиланиб юрган кунларнинг бирида шаръий турмуш ўртоғи Аслиддиннинг ташаббуси билан боласини сотишга рози бўлади.

Ахийри, Ҳафизага қўнғироқ қилиб, ўғлини боқишга қийналаётгани, шу сабаб уни сотмоқчи, пулига тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи эканини айтади...

Шундай ҳолатларни эшитганда киши дарров ўйга толади: наҳотки инсон шунчалар тубанликка бориши мумкин? Айниқса, она ўз жигаргўшасини қандайдир арзимас пулга алмашса? Фазилатнинг бошига тушган азоб-уқубатлар ҳақиқатдан ҳам балки оғир бўлгандир. Лекин аёл шундай вақтда фарзанди билан овуниши, унинг келажаги учун янада кучлироқ бўлишга интилиши керак эмас-ми? Бу каби воқеа-ҳодисаларнинг ҳаётимизда тобора кўпайиб бораётганининг асл сабабини қидирадиган бўлсак, яна гап ўша тарбияга бориб тақалаверади.

Наҳотки, қиз ўстираётган оналар фарзанд кўриш аёл учун энг олий бахт эканини уларнинг қулоғига қуймаяпти? Оталар-чи, ўғлига аёл унинг наслининг давомчисини дунёга келтиришини, шунинг учун уни ҳамиша асраб-авайлаш зарурлигини уқтира олмаяпти?

Оилада яхши тарбия кўрмаган ёшлар эса бутун инсоният учун қадрли бўлган туйғуларни оёқости қилмоқда. Фарзандини арзимаган пулга алмаштирмоқда.

...21 апрель. Ҳафиза "харидор” деб таништирган Азиза исмли аёлга Фазилат боласини 10000000 сўмга сотмоқчилигини билдирган. Ҳозирча 2500000 сўмини бериб, қолган пулни ҳужжатларни тўлиқ расмийлаштиргандан сўнг бераверишга "савдолашишди”. Келишилган 2500000 сўм пулни олиб, ўз жигаргўшаси Алинурни "сотиб юборади”.

Эртага бирор бир муаммо чиқмаслиги учун Фазилат ўз қўли билан тил хат ёзиб бергач, "харидор”лар болани олиб ижара уйни тарк этишган.

Орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас туман ички ишлар ходимлари бўлими тезкор ҳаракатлари сабаб, одам савдосига чек қўйилди.

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди Н.Аслиддин ва Р.Фазилатларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди ва Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда Н.Аслиддинга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мақола аввалида айтганимиздек ҳатто, ҳайвон ҳам қилмайдиган ишни қилиб, ўз жигарини бировга пул эвазига сотган, "она” номига доғ туширган, Р.Фазилатга 5 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.