Бош саҳифа > Янгиликлар > “Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ТУЯ СУТИ – ТАБИАТНИНГ ТАНСИҚ ТАОМИ

“Учқудуқ” газетаси хабар қилади: ТУЯ СУТИ – ТАБИАТНИНГ ТАНСИҚ ТАОМИ


18-10-2018, 15:54. Чоп этди: admin


Туя сути жуда мазали ва тўйимли сут маҳсулотидир. Бу сут Шарқ мамлакатларида, айниқса қизилқум халқлари орасида азалдан севиб истеъмол қилинади. Табобат илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳам "Тиб қонунлари” номли илмий асарида туя сутининг шифобахшлиги хусусида ёзиб қолдирган.

Чўлу биёбонда савдогарлар карвонини беталофат қум бўронлари ва қишнинг изғирини, ёзнинг жазирамасидан беписанд манзилга етказгани учун туяни одамзод "саҳро кемаси” ҳам деб атай бошлади.

Бизнинг қизилқум кенгликларида туялар "жусан”, "саксовул” барги, бизу сиз номини ҳам билмайдиган жуда кўплаб гиёҳлар ва ўт-ўланлар билан озиқлангани боис, унинг сути шифобахш хусусиятга эга. Сутнинг таркибида жуда кўп миқдорда минерал ва биологик фаол моддалар мавжуд.

"Жусан”дан тайёрланган қайнатма микробларга қарши курашувчи антибактериал хусусиятга эга. Шу сабабли ҳам "жусан” билан озиқланган туя сутининг шифобахшлиги янада ортади.

Ҳудудимиздаги овуллар хонадонларининг кўпчилигида, чорвадорларнинг уйида туя сутидан "шубат” тайёрланади. Бунинг учун улар теридан тайёрланган мешга ёки бўлмаса қопқоғи бор сирли идишга озгина қатиққа ўхшаш ачитқи солишади. Сўнгра янги соғиб, докадан сузиб олинган туя сутини ачитқига аралаштиришади. Бир кеча-кундуздан кейин қарабсизки, туя сутидан тайёрланган 8 фоиз ёғлироқ, сал шўр таъмли, қуюқ ичимлик тайёр бўлади. Туя сути таркибида В1, В2витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальций моддалари мўл. Айниқса, С ва Д витаминлари туя сутида сигир сутига нисбатан уч баробар кўп.

Агар беморнинг иммунитети паст бўлса ҳар куни 0,5 литрдан янги соғилган туя сутини оч қоринга ичиб юрсин. Кейин 4 соат ўтгач овқатланса бир ой ёки 40 кун ўтгач ўзида ижобий ўзгаришларни ҳис этади.

Туя сутини истеъмол қилган даврда бемор аччиқ, шўр, дудланган ва турли консерва муҳсулотлари, шунингдек, спиртли ичимликларни ичиш, сигарет чекишдан тийилиши керак. Чунки, парҳез тутиш туя сутининг шифобахш таъсирини оширади. Дастлаб, бу сутни истеъмол қилганда беморнинг ичини суриши мумкин. Шунда ҳам муолажани тўхтатмасликлари лозим.

Негаки, организм бу вақтда танадаги ортиқча хилт (шлак)лар, токсин (заҳар)лардан тозаланаётган бўлади. Ҳар қандай сут маҳсулотларига аллергияси бор инсонларга туя сути тавсия этилмайди.

Ўтмишда дезинфекция қилувчи дори воситалари кашф этилмаган даврда араблар яра-чақалар ёки жароҳатларни ёш туя пешоби билан ювишган. Ҳозир ҳам чўлу биёбонларда шу усул қўлланилади. Яна улар аъзои-баданлари беҳол бўлганда ёҳуд ичакларида оғриқ ҳис этганларида туя пешоби ва сутини ичиб даволанганлар.

Қирол Абдулазиз университетидан доктор Ахлям аль – Авади туя пешобини бактерия ва замбуруғларга таъсирини ўрганди. Унинг илмий тадқиқотлари асосида "вазарин” номли препарат яратилди. Туя пешоби замбуруғ, бактерия ва ачитқиларга қарши курашда кенг таъсир этувчи антибиотиклардай самара берди.

"Вазарин” дори воситаси тери касалликлари (темиратки, псориаз), аллергия, майда яралар, куйишда, оёқ ва қўл тирноқларининг замбуруғли касалликларида қўлланилганда беморлар шифо топди.

Яна бир араб тадқиқотчиси Муҳаммадани Аҳмад Абдулла 25 нафар жигар циррози хасталиги билан оғриган беморлар билан тадқиқот ўтказди. Доктор икки ой давомида уларни юқорида баён қилинган усул билан даволади. Беморлар ўзларини яхши ҳис эта бошлашди. Аммо тадқиқот даври тугаган бўлса-да, кўпгина беморлар яна икки ой давомида туя пешоби ва сутини аралаштириб ичиб юришди. Бу муддатдан сўнг улар тиббий кўрикдан ўтишгач, беморлар бутунлай жигар циррозидан тузалиб кетгани аниқланди.

Ҳа, табиатнинг ўзи табибдир! Шуни ёдда тутиш зарурки, туя сути ичиб даволанаётган беморга тинчлик-хотиржамлик керак.

Руҳан сокин инсонларнинг дарддан фориғ бўлиши осон кечади. Беморнинг яқинлари сабр билан унинг тузалишига кўмак бериши муҳим аҳамиятга эга.

Раъно АҲМЕДОВА, Учқудуқ туман тиббиёт бирлашмаси терапевт врачи.


Ортга қайтиш