Душанба-Жума: 09:00-18:00,
    (0-436) 593-11-03,    uchquduq@nv.uz

       
/ / / ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚОПЛАДИ

ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРНИ ҚОПЛАДИ

Нафс балоси ҳақида кўп бора ўқиганмиз, эшитганмиз. Унинг таъсирига тушиб, қурбонига айланиб қолаётганлар ҳам орамизда топилади.Қуйида шу масала бўйича суд олдида боши эгик юзи шувут "қаҳрамон” ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Ҳайдар Ҳусанов (исми-шарифи ўзгартирилган) қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият фаолиятини йўлга қўйди.

Аста-секин ишлар юриша бошлади. Аммо вақт ўтгани сайин у келаётган даромадга қаноат қилмай қолди. Қинғир йўл билан кўпроқ пул топишга, бойлик орттиришга уринди.

Туманимиздаги 8-умумий ўрта таълим мактаби биносида жорий таъмирлаш ишларини ўтказиш учун 2017 йил 30 май куни икки томонлама 3-сонли пудрат-шартномаси имзоланган. Ҳисоб-фактураларга сохта маълумотлар киритилиб, аслида бажарилмаган 27408854 сўмлик таъмирлаш ишлари қўшиб ёзилган.

Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, ҳали нафси тўймаган Ҳайдар Ҳусанов ёғли қўлларини дарров артишга шошилмади. Тўртта қоғоз қоралаш ортидан шунча пул олиш ёмонми? Кўп ўтмай Кокпатас қўрғонидаги мактабгача таълим муассасасида қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 2018 йил 26 январда 1-2018 сонли пудрат шартномаси имзоланди. Мазкур объектда 174779800 сўмлик таъмирлаш ишлари ҳужжатларига сохта маълумотлар киритди. Унга кўра, бажарилмаган 19223300 сўмлик таъмирлаш ишлари қўшиб ёзилиб, бу маблағни ҳам чўнтакка урди.

"Қинғир иш – келтирар ташвиш”, деганларидай, Ҳайдар Ҳусановнинг сири фош бўлди ва тергов-суриштирув ишлари бошланди. У Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 167-моддаси 2-қисми "б”, "г” бандлари билан айбдор, деб топилиб ойлик иш ҳақининг 15 фоизи давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

"Уддабурон” қурувчи қонун олдида ҳам жавоб берди, ҳам етказилган зарарларни тўлиқ қоплади.

Ориф АЛЛАНАЗАРОВ,

ИЖҚК департаментининг Учқудуқ туман бўлими инспектори.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда матнни белгилаб, (CTRL + ENTER) клавишасини босиб, веб-сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

Мавзуга доир бошқа ўхшаш маълумотлар: